Жиззах вилоятида палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик масканлар аниқланди
Нурота тоғ тизмасида янги археологик масканлар аниқланди. Топилган манзиллар деҳқончилик ва чорвачиликка ўтиш даврига оид муҳим маълумотларни ўз ичига олади.

Фото: Маданий мерос агентлиги
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ҳудудида жойлашган Нурота тоғ тизмасидан палеолит ва неолит даврларига оид янги археологик масканлар аниқланди, деб хабар беради Маданий мерос агентлиги.
Қайд этилишича, 28 апрелдан 6 майга қадар Маданий мерос агентлиги ҳамда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти Тош даври бўлими ходимлари томонидан Нурота тоғ тизмасининг шимоли-ғарбий қисмида дала тадқиқот-қидирув ишлари олиб борилган.
Тадқиқотлар жараёнида тарихий аҳамиятга эга қатор археологик манзиллар аниқланишига эришилган. Хусусан, Ўгат қишлоғининг ғарбий қисмида сўнгги палеолит даврига оид ибтидоий кишиларнинг яшаш макони қайд этилган. Изланишларнинг дастлабки таҳлиллари бу ҳудудда минг йиллар аввал инсонлар доимий ёки мавсумий истиқомат қилганини кўрсатмоқда.
Қоропчи қишлоғининг шимолий этакларида эса неолит даврига мансуб иккита янги макон аниқланган. Топилган манзиллар инсониятнинг деҳқончилик ва чорвачиликка ўтиш даврига оид муҳим маълумотларни ўз ичига олади.
Ёнбоштут қишлоғи шимолида жойлашган «Бешбулоқ» номли макон ҳам неолит даврига тегишли бўлиб, бу ерда қадимги жамиятларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётига доир излар топилган.
«Мазкур археологик топилмалар Ўзбекистон ҳудудида энг ибтидоий одамларнинг яшаш тарихини ўрганишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Тадқиқотлар ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда. Келгусида топилмаларнинг илмий таҳлиллари асосида каталоглар, мақолалар ва кўргазмалар тайёрланиши режалаштирилган», — дейилади хабарда.
Мавзуга оид

18:38 / 28.04.2025
Номоддий маданий мерос намуналарини рўйхатга киритиш билан боғлиқ регламент тасдиқланди

12:08 / 24.03.2025
Нуротада боғча болаларига яроқсиз гўшт берилаётгани аниқланди

08:46 / 10.03.2025
Тошкентда маданий мерос объекти ёнида ноқонуний қурилиш тўхтатилди

19:23 / 23.12.2024