Жаҳон | 19:21 / 09.05.2025
14510
6 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ?

Shaheen-III ўрта масофали баллистик ракетаси 2016 йил 23 март куни Покистон кунида Исломободдаги ҳарбий парад пайтида намойиш этилганди. Фото: Getty Images

Покистон ўз ҳарбийлари мамлакатнинг турли шаҳарларига ҳужум қилган ҳиндларнинг 25 та дронини йўқ қилишга муваффақ бўлганини эълон қилди. Ҳиндистон ҳарбийлари Покистонга уюштирилган авиазарбалар ортидан учувчисиз учар аппаратлар билан ҳужум бошлаган.

«Бу Ҳиндистоннинг навбатдаги ҳарбий тажовузи», – деди Покистон армияси расмий вакили Аҳмад Шариф Чаудҳри.

Ўз навбатида, Ҳиндистон томони ҳам ўз ҳудудига учиб келаётган Покистон дронлари ва ракеталарини «зарарсизлантиргани»ни маълум қилди.

BBC ҳарбий қудратига кўра бу икки давлат армиялари нисбати қандай эканини кўриб чиқди.

Дронлар

Ҳиндистон ўтган йили АҚШ Давлат департаменти билан 31 та дрон (MQ-9B SkyGuardian жанговар дронлари ва MQ-9B SeaGuardian (HALE) денгиз дронлари) сотиб олишга келишиб олган эди. 
General Atomics Aeronautical Systems

Иккала давлат ҳам дронлар паркини кенгайтирмоқда – ҳам импорт қилиш орқали, ҳам ўз технологиялари ва ишлаб чиқаришини ривожлантириш ҳисобига. Ҳиндистон дронлар сони бўйича етакчилик қилмоқда. Ҳарбий эксперт Раҳул Беди BBC билан суҳбатда айтишича, бир неча йилдан сўнг Ҳиндистон армиясида роппа-роса 5000 та йирик дрон бўлади.

2024 йилда Ҳиндистон АҚШ Давлат департаменти билан 31 та дрон – MQ-9B SkyGuardian русумли жанговар дронлар ҳамда SeaGuardian русумли денгиз дронларини сотиб олиш бўйича шартнома имзолади.

Покистон Ҳиндистонга қараганда камроқ дронларга эга бўлса-да, унинг ҳарбий дронлари кузатув, разведка ва нишонга олиш каби турли имкониятларга эга.

Покистон дронларининг асосий афзаллиги улардан жанговар ҳаракатларда фойдаланиш бўйича тўпланган тажрибадир. Хусусан, Покистоннинг Buraq русумли учувчисиз учоғи 2015 йилдан бери аксилтеррор операцияларида қўллаб келинмоқда.

Покистон Ҳиндистон каби энг янги дронларни фаол равишда импорт қилмоқда – асосан Туркия ва Хитойдан.

Ҳарбий харажатлар ва армия миқдори

Global Firepower Index рейтингида Ҳиндистон дунёдаги ҳарбий жиҳатдан энг қудратли давлатлар орасида тўртинчи ўринда

Икки давлат яна кенг кўламли уруш бошлашидан хавотирлар бор – бу охирги марта 1999 йилда рўй берган.

Ҳиндистон армиясидаги ҳарбийлар сони 1,4 миллион кишини ташкил этади, Global Firepower Index мустақил рейтингига кўра, ушбу мамлакат ҳарбий жиҳатдан энг қудратли давлатлар орасида тўртинчи ўринни эгаллайди. Покистон армияси эса анча кичикроқ ва 654 минг ҳарбий хизматчидан иборат.

Стокҳолм тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) ҳисоботига кўра, 2024 йилда Ҳиндистоннинг мудофаа харажатлари Покистонникидан тўққиз баравар кўп бўлган.

Қуруқликдаги қўшинларга келсак, Ҳиндистонда 4200 дан ортиқ танк ва 15 мингта зирҳли техника мавжуд. Покистон 2600 дан ортиқ танк ва 18 мингга яқин зирҳли техникага эга.

Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари Покистондан устунликка эга
Фото: AFP via Getty Images

Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари ихтиёрида 2229 та самолёт, жумладан, 513 та қирувчи ва 130 та бомбардимончи самолёт бор. Global Firepower Index маълумотларига кўра, Покистондаги самолётлар сони 830 га яқинни ташкил этади.

Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари ихтиёрида 293 та кема бўлиб, бу Покистонникидан икки баравар кўпдир.

Ракеталар ва ядро қуроллари

Покистоннинг ракета дастури Ҳиндистонникидан бироз ортда бўлиб, у қанотли ва баллистик оператив-тактик ракеталарни, шунингдек, ўрта ва қисқа масофали ракеталарни ўз ичига олади.

Ҳиндистоннинг кемаларга қарши қўлланадиган товушдан тез учувчи Brahmos ракетаси ядро қуролини олиб юришга қодир.

Ҳиндистон кенгроқ ракеталар диапазонига эга: булар 250 дан 600 километргача бўлган Prithvi ракеталари; шунингдек, 1200 дан 8000 километргача бўлган Agni серияли ракеталар, шунингдек, Nirbhaya ва Brahmos серияли қанотли ракеталар.

Ҳиндистонда турли масофага учувчи ракеталарнинг мавжудлиги мамлакатнинг Хитойни тийиб туриш ниятини кўрсатади, ушбу қўшни давлат билан ҳам ҳудудий низолар мавжуд.

Бироқ, ракеталар тўпламининг хилма-хиллиги Ҳиндистон Покистон устидан осонгина ғалаба қозониши мумкинлигини англатмайди – иккала давлат ҳам ядро қуролига эга эканини унутмаслик керак.

SIPRI маълумотларига кўра, Ҳиндистонда 172 та, Покистонда эса 170 та ядро каллаклари мавжуд.

Бироқ, ушбу ядровий каллакларнинг қанчаси жанговар ҳолатда экани ҳақида ишончли маълумотлар йўқ.

Покистон Ҳиндистон билан рақобатлашиш учун ядро қуролини ишлаб чиқмоқда, Ҳиндистон эса узоқ масофали ракеталарни яратишга эътибор қаратмоқда, улар Хитойга ҳам йўналтирилиши мумкин.

Эҳтимолий можаро оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин, чунки Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшниси Хитой ҳам ядровий арсеналини 22 фоизга ошириб, жанговар каллаклар сонини 410 тадан 500 тага етказган.

Ушбу можарода ўртага катта дов тикилган, шунинг учун халқаро ҳамжамият ҳар икки давлатни вазмин бўлишга чақирмоқда.

Мавзуга оид