Жаҳон | 00:23
1958
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистоннинг Жамму аэропортида портлашлар юз берди — AFP

Покистон томони Жамму шаҳрида дрон ва ракеталар учирди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 8 та ракетани тутиб қолишга муваффақ бўлган.

Ҳиндистоннинг Жамму шаҳридаги аэропортда 8 май куни кечқурун портлашлар юз берди, деб ёзмоқда AFP.

Ҳинд ҳарбийларининг маълум қилишича, Покистон шаҳарга дрон ва ракеталар учирган. Reuters мухбирининг сўзларига кўра, Жаммуда электр энергияси таъминоти ўчирилган.

Хавфсизлик хизмати вакилларининг қайд этишича, шаҳар ҳудудидаги бешта ҳарбий объект ҳужумга учраган. Исмини ошкор этмаган ҳинд ҳарбийси Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Жаммуда саккизта ракетани тутиб қолганини маълум қилган. Покистон жами нечта ракета учиргани номаълум.

Олдинроқ покистонлик ҳарбийлар Ҳиндистон томонидан қатор ҳудудлар, жумладан, Карачи ва Лоҳур шаҳарларига ҳамда армия штаб-квартираси жойлашган Равалпинди гарнизон шаҳрига учирилган 29 та дронни уриб туширган эди. 

Ҳиндистон Қуролли кучлари 7 майга ўтар кечаси «Синдур» операциясини бошлаб, Покистондаги «террорчилик инфратузималари» объектларига ракета зарбаларини йўллаганди. Покистон ҳам бунга жавоб зарбаларини амалга оширди. Сўнгги маълумотларга кўра, Покистонда 32 киши, Ҳиндистонда эса 16 фуқаро ҳалок бўлган.

Мавзуга оид