Жаҳон | 17:46 / 09.05.2025
1544
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин раҳбарлиги остида ҳарбий ўқув машғулотлар ўтказилди

Унинг доирасида 600 миллиметрли реактив залп ўт очиш тизими ва «Хвасон-11га» баллистик ракетасидан ҳам фойдаланилди.

Фото: AP

КХДР армияси қўшма ўқув машғулотлари ўтказиб, унинг доирасида узоқ масофага мўлжалланган қуроллар ва ракета тизимлари билан ҳужумлар амалга оширилди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ким Чен Ин раҳбарлиги остида ўтказилган ўқув машғулотларида 600 миллиметрли реактив залп ўт очиш тизими ва «Хвасон-11га» тактик баллистик ракетасидан ҳам фойдаланилган.

«Шунингдек, барча бўлинмаларни ядровий қарши ҳужумга зудлик билан шай ҳолатга ўтказиш тартиби ва жараёнини машқ қилиш, қўмондонлик таркиби учун қарши ҳужум тизимларидан фойдаланиш бўйича алоҳида машғулотлар ташкил этилди», — дейилади хабарда.

КХДР етакчиси Ким Чен Ин мамлакат ядровий кучларини доимий равишда такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, у «тактик ядро қуроллари тизимларининг жанговар ишончлилигини янада ошириш ва уларни қўллаш соҳасини ҳар томонлама ҳамда доимий равишда кенгайтириш» вазифасини қўйган.

Аввалроқ КХДР етакчиси Ким Чен Ин «қўпол империалистик қароқчилар»га қарши кураш бўйича миссияларни бажарадиган ва КХДР ҳарбий-денгиз кучлари таркибига кирувчи янги кўп мақсадли Чвэ Рён кемасини (эсминец) сувга тушириш маросимида иштирок этгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид