Ўзбекистон | 16:59 / 09.05.2025
10810
6 дақиқада ўқилади

“Сув тошиши 24 апрелда бошланганди” — Булоқбошидан репортаж

Сарбонтепа маҳалласида яшовчиларга кўра, канал қирғоғининг ўпирилиши анча аввалроқ – 24 апрелда бошланган, ўша куни қирғоқдан сув сизиб чиқа бошлаган. Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб, сув тошқини тафсилотларини ўрганди.

Сарбонтепа маҳалласида яшовчиларга кўра, канал қирғоғининг ўпирилиши анча аввалроқ – 24 апрелда бошланган, ўша куни қирғоқдан сув сизиб чиқа бошлаган. Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб, сув тошқини тафсилотларини ўрганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Туманнинг Ширмонбулоқ қишлоғига етиб борганимизда махсус техникалар ёрдамида аҳоли хонадонларига тўлган сувни ташқарига чиқариш ишлари олиб борилаётган экан. Кимдир уй ичида қолиб кетган кўрпа-тўшакларни ташқарига ташиган, яна кимлардир девор тагини ичкаридан тешиб хонадонда тўпланган сувни кўчага чиқаришга ҳаракат қиларди. Томорқаларга экилган чеснок ва картошкаларга ҳам зарар етган. Қайси бир хонадон “навеси” йиқилган. Яна бир хонадон эгалари эса балчиқни аравага солиб ташқарига ташишарди.

Сарбонтепа маҳалласи аҳолисининг айтишича, канал қирғоғи ўпирилиши ҳодисаси асли 24 апрелдан бошланган. Шу санадан бошлаб қирғоқдан сув сизиб чиқишни бошлаган.

Гувала уйимиз қисирлашни бошлади”

“Пешин маҳали эди. Бир пайт тўсатдан сув келиб ҳамма ёқни босиб кетди. Саросимага тушиб қолдик. Сув уйлар ичигача кўтарилиб кетди. Маҳаллага чиқиб одамларни ёрдамга чақирдик. Кўряпсиз аҳволни. Мана, сув тизза бўйидан баланд. Ариқ ичи ҳамма ёқ вайрона, сув босиб кетган. Уйлар ичи ҳам сувга тўлди.

Уй ичидаги буюмларни олганимизча олдик. Қолгани қолиб кетди. Ертўлалар сувга тўлди, деворлар аллақачон қисирлашни бошлади. Кўряпсиз, гувалада урилган уй, пишиқ ғиштмас, гувалада бўлган. Қўрқиб турибмиз, Аллоҳ сақласин”, дейди Мирзоҳид Ғозиев.

Мебелларимизни олиб чиқолмадик...

“Пешинга тайёргарлик кўришни бошлаган пайтим уйимизни сув боса бошлади. Невараларни уйга олиб кириб қўйиб, ташқарига югурдим. Аввалига сув йўлини тўсишга ҳаракат қилдик, лекин эплолмадик.

Тез орада уй ичигача сув лиммо-лим бўлди. Кўрпаларни таший олдим холос, қолган мебеллар ичкарида қолди. Невараларни бувасиникига жўнатиб юбордик, ўзимиз югур-югур таш-таши бўлиб, ҳамма ёқ остин-устун бўлди”, дейди уйи сувга тўлган Моҳидил Ғозиева.

Навес”, отхоналаримиз ер билан битта бўлди...

“Сув бир метр кўтарилиб, “фундамент” баробар бўлиб кетди. Ҳовлимизга кирган сув 5-6 соатгача 1 метр баландлик ҳолатида турди. Кўряпсиз “навес”лар йиқилган. Ҳамма “навес”ларимиз йиқилиб кетди. Уйларни ичига сув кириб кетди. Амаллаб ичкаридаги кўрпа-тўшакни ташқарига ташиб олдик.

Отхонамиз ер билан битта бўлди. Ҳовлига экилган чеснок ва картошкаларни сув босди. Яхшиямки ҳодиса кундузи бўлди, кечаси бўлганда нима бўларди? Унда анча саросимага тушиб қолган бўлардик. Қўлган келганича қариндош-уруғлар келиб ёрдам бериб кетишяпти”, дейди маҳалла оқсоқолларидан бири Миркомил Ғозиев.

Бирор инсон норози бўлмайди...

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов аҳолига етказилган зарар қай тарзда қопланаётганига изоҳ берди.

Шуҳрат Абдураҳмонов, Андижон вилояти ҳокими

“Ишчи гуруҳ орқали сув кирган ҳар бир хонадонда хатловларни амалга оширдик. Нима зарарланган бўлса, ҳатто эккан помидоридан қанча ҳосил кутаётганини бозор баҳосида ҳисоб-китоб қилдик.

Пулларни олиб келиб қўйдик, кечаси билан халқимизга пулларни тарқатамиз. Бирор инсон норози бўлмайди, ҳамма нарса жой-жойига қўйиб берилади”. Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, 150 та хонадонга сув кирган, кимнингдир томорқаси, бошқанинг эса “навеси”, молхонаси зарарланган.

Сув тошишига сабаб Ўзбекгидроэнерго ташкилоти Россия компанияси билан ҳамкорликда 6,6 мегаваттли ГЭС қуришни бошлаган. Сув келаётган каналнинг чеккасида емирилиш бўлган ва шу ердан сув чиқиб кетган. Ҳозир барча тўғонлар мустаҳкамланди, эрталаб яна ҳамма нарсаси қайтадан кўрилади, мустаҳкам бўлганидан кейин сувни очиб берамиз”, - дейди Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Қирғоқ ўпирилган жой

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қўшимча қилишича, сув тошган ҳудуднинг йўллари асфалтланиб, намунали маҳаллага айлантирилади.

Ўзгидромет маълумотига кўра, хавфли гидрологик ҳодисанинг келиб чиқишига Жанубий Фарғона каналига ГЭС қурилиши сабабли ортиқча сув ташлангани сабаб бўлган.

Шунингдек, Ўзгидромет Булоқбоши туманида содир бўлган сув тошқини оқибатида ҳудуддаги 560 та хонадонни сув босганини маълум қилди. ФВВ эса ҳодиса оқибатида 30 та хонадоннинг ичига, 70 та хонадоннинг эса томорқасига сув кирганини билдирди.

Кейинроқ, “Ўзбекгидроэнерго” ҳам расмий муносабат бериб, техноген ҳолатга “ГЭС қуриш мақсадида каналга ортиқча сув ташлангани” эмас, каналга “лойиҳавий сув ўтказиш қобилиятидан кўп сув келгани” сабаб бўлганини баён қилди.

Маълум қилинишича, ҳукумат қарорига кўра, Россиянинг “МПР” молия институти маблағлари ҳисобига Жанубий Фарғона каналида “ЖФК-3 кичик ГЭС қурилиши” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида Россиянинг “Энергосила” компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров.

Мавзуга оид