Жаҳон | 22:15 / 09.05.2025
2901
2 дақиқада ўқилади

Покистон Ҳиндистон ҳужумларига жавобни кечиктиришга қарор қилди

Мамлакат зиддиятнинг авж олишини истамаяпти.

Фото: AP

Покистон ўз иттифоқчилари можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга уринмагунича Ҳиндистонга қарши жавоб қайтаришни истамайди. Бу ҳақда Американинг CNN телеканали Покистон ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар берди.

Телеканал манбасининг таъкидлашича, Покистон Ҳиндистонга ҳали ракета ёки учувчисиз самолётлардан зарба бермаган. Ҳиндистон расмийлари, ўз навбатида, Покистондан ҳинд нишонларига зарбалар берилгани ҳақида айтган.

Покистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Аҳмад Шариф Чоудри бу маълумотларни уйдирма деб атади. CNN манбасига кўра, Покистон АҚШни сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили орқали Ҳиндистоннинг даъволарини текширишга ундаган.

Қайд қилинишича, АҚШ, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлар зиддиятни камайтириш учун можаронинг ҳар икки томони билан ҳамкорлик қилмоқда. Телеканал суҳбатдошининг таъкидлашича, ҳозиргача Покистон ва Ҳиндистон ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар бўлмаган ва маълумотлар мамлакатлар ўртасида «айланма йўллар орқали» узатилган.

Икки давлат ўртасидаги можаронинг авж олиши Кашмирда ҳинд сайёҳларига уюштирилган ҳужумдан кейин бошланди. Ҳиндистон 7 майга ўтар кечаси Покистондаги «террорчилик инфратузилмаси» объектларига зарба берди. Покистон ҳукумати 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Ҳиндистоннинг айтишича, Покистон ҳужумларида 17 киши ҳалок бўлган.

 

Мавзуга оид