Спорт | 21:21 / 11.05.2025
12438
3 дақиқада ўқилади

«Барса» 7 та гол урилган класикода ғалаба қозониб, амалда чемпионлик масаласини ҳал қилди

Каталонияликлар мавсум давомидаги тўртинчи класикода ҳам устун келди.

Ла Лига. 35-тур
«Барселона» – «Реал» 4:3

Голлар: Гарсия (19), Ямал (32), Рафиня (34, 45) – Мбаппе (5 пеналти, 14, 70).
«Барселона»: Шчесни, Гарсия (Форт, 78), Кубарси (Кристенсен, 58), Мартинес, Мартин (Балде, 58), Де Йонг, Педри, Олмо (Лопес, 78), Ямал, Рафиня, Ферран (Гави, 89). 
«Реал»: Куртуа, Васкес (Эндрик, 84), Асенсио, Чуамени, Гарсия, Валверде, Себалос (Модрич, 46), Гулер (Диас, 46), Беллингҳем, Винисиус (Муньос, 88), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Валверде (29), Чуамени (36), Асенсио (50), Мартинес (54), Лопес (80), Педри (87).

11 май куни Испания чемпионатида 35-турнинг марказий учрашуви бўлиб ўтди. Пешқадам «Барселона» иккинчи ўриндаги «Реал»ни қабул қилди.

Чемпионлар лигаси яримфиналида «Интер»дан учралган мағлубиятдан кейин Ҳанс-Дитер Флик шогирдларини бутунлай Ла Лигага қаратиши мумкин эди. Мавсум якунига тўрт тур қолганида иккинчи ўриндаги «Реал» билан орадаги тўрт очколик фарқ қисқармаслиги учун бу ўйин муҳим аҳамиятга эга эди. Агар бу ўйинда мағлубиятга учралса, орадаги фарқ бир очкогача қисқарган бўларди.

«Реал» футболчилари учун эса биринчи навбатда Карло Анчелоттининг сўнгги «класико»сида муносиб иштирок этишни кўзлаб майдонга тушганди – италиялик мутахассис мавсум якунида Мадридни тарк этади ва Бразилия миллий жамоаси бошқарувини қўлига олади. Қолаверса, жамоа ҳали чемпионлик пойгасини бутунлай тарк этмаганди. Шундай экан, икки жамоада ҳам ўйин учун иштиёқ етарли даражада эди.

Футболчилар илк дақиқалардан ҳужумкор футбол намойиш этишди ва меҳмонлар ҳужумчиси Килиан Мбаппе 14 дақиқа ичида дублни расмийлаштирди. Лекин каталонияликлар ўз одатига кўра биринчи бўлимнинг ўзидаёқ камбэк амалга оширди, Гарсия ва Ямал биттадан, Рафиня эса иккита гол уриб, ҳисобни 4:2 кўринишига келтирди, Ферран Торрес 3 та ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

Иккинчи бўлимда мезбонлар ҳисобга қараб ўйнади ва рақиб бўшашганидан фойдаланиб, Мбаппе ҳет-трикка эришди. 

Якунда Флик жамоаси ғалабали ҳисобни ушлаб қолди ва жорий мавсумдаги 4-класикода ҳам ғолиб бўлиб, амалда чемпионлик масаласини ҳал қилди.

Эндиликда Каталония клуби очколари сонини 82 тага етказиб, мавсум якунига 3 та тур қолганида «Реал»дан (75) 7 очкога ўзиб кетди. Келаси турда «Эспанёл»га қарши кечадиган ўйиндаги ғалаба «Барса»ни муддатидан аввал чемпионга айлантиради.

Мавзуга оид