Фан-техника | 16:44
4285
2 дақиқада ўқилади

Олимлар биринчи марта қўрғошинни олтинга айлантирди

Асрлар давомида қўрғошинни олтинга айлантириш ғояси - хризопея - эришиб бўлмайдиган маррадек туюлган эди.

Фото: Getty images

Физиклар дунёдаги энг кучли заррача тезлатгичи бўлган Катта адрон коллайдерида (КАК) биринчи марта қўрғошинни олтинга айлантиришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Newsweek хабар берди.

Асрлар давомида қўрғошинни олтинга айлантириш ғояси - хризопея - эришиб бўлмайдиган маррадек туюлган эди. Бу икки металнинг зичлиги ўхшаш, аммо атом даражасида фарқланади, шунинг учун уларни кимёвий усуллар билан битта металлга айлантириб бўлмайди. Бироқ, ядровий реакциялар ёрдамида бунга эришиш мумкин, бу Европа ядровий тадқиқотлар ташкилоти (CERN) томонидан тасдиқланди.

Тадқиқот давомида қўрғошин ядролари ёруғлик тезлигининг 99,999993 фоизигача тезлашди. Улар деярли юзма-юз тўқнашди, лекин охирги лаҳзада ажралиб кетди. Фотоядро реакциялари бошланди, бу камдан-кам ҳолларда қўрғошин ядролари (82 протон билан) учта протонни йўқотиб, олтинга (79 протон билан) айланишига олиб келди. Жараён секундига 89 минг ўзгариш тезлигида содир бўлди, аммо ҳосил бўлган атомлар тезда парчаланиб кетди.

Олимлар қўрғошинни олтинга айлантириш мумкинлигини тасдиқлади, бироқ, уни ишлаб чиқариш учун Катта адрон коллайдеридан фойдаланиш энг яхши ғоя эмас. Тажрибалар давомида олимлар олтиннинг арзимас ҳажмига эга бўлди - никоҳ узугини ясаш учун зарур бўлганидан триллион марта камроқ. Қимматбаҳо металнинг бир граммини олиш учун коллайдерни квадриллион йил давомида ишлатиш керак бўлади.

Мавзуга оид