Ўзбекистон | 18:53 / 13.05.2025
3122
2 дақиқада ўқилади

Депортация қилинганларга 2 йил давомида хорижга чиқиш паспорти берилмайди

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузига ва обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларни содир этган фуқароларга доир маълумотлар Миграция жараёнларига доир маълумотларнинг ягона электрон базаси орқали юритилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.

Реадмиссия қилинган шахслар — Ўзбекистон ва бошқа давлатлар ўртасидаги халқаро келишувлар асосида, ўз ихтиёри билан ёки мажбурий равишда Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар.

«Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларини бузиши оқибатида депортация қилинган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузига ва обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларни содир этган фуқароларга доир маълумотлар Миграция жараёнларига доир маълумотларнинг ягона электрон базаси орқали юритилади.

Ягона маълумотлар базасига электрон реестр сифатида қуйидагилар киритилади:

- Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларидан олинган маълумотлар;

- Ички ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларга мувофиқ реадмиссия қилинган шахслар ҳақидаги маълумотлар;

- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ва унинг хориждаги ваколатхоналаридан (вакилларидан) олинган маълумотлар.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларга 2 икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди.

Бунда реадмиссия қилинган фуқароларга чет элга чиқиши учун биометрик паспорти расмийлаштириб бериладиган истисно ҳолатлар Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Мавзуга оид