ҲАМАС озод қилган америкалик аскар, тарқатиб юборилган курдлар партияси ва Хитой билан савдо урушини музлатган АҚШ – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроилнинг Ғазога ҳаво ҳужумлари: 18 киши ҳалок бўлди
Исроил армиясининг Ғазо сектори турли ҳудудларига, жумладан, кўчирилган фаластинликлар бошпана топган мактабга уюштирган кетма-кет ҳужуми оқибатида 18 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди.
Фаластин тиббий манбалари маълум қилишича, Исроил кучлари Ғазо шимолидаги Фатма бинт Асад мактабига зарба берди, у ерда кўчирилган фаластинликлар бўлган. Исроил самолётлари бинога икки марта ҳужум қилди, 16 киши, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди.
Гувоҳларнинг хабар беришича, Исроил қўшинлари Ғазо шарқидаги Туффаҳ ҳудудидаги бир нечта биноларни кучли отишма билан вайрон қилган.
Бундан ташқари, Исроил учувчисиз учоғи Ғазо марказидаги Нусейрат фаластинлик қочқинлар лагеридаги Ҳаммад ал-Ҳасаната масжиди яқинидаги ҳудудга ҳужум қилди, ёш қизча ҳалок бўлди.
Шунингдек, бир неча кун аввал Бурейж лагеридаги Абу Хемис мактабининг ўққа тутилиши натижасида яраланган бир фаластинлик ҳам олган жароҳатларидан вафот этган. Нусайрат лагерининг шимолидаги Аз-Заҳро ҳудудида Исроилнинг ўққа тутиши натижасида икки фаластинлик яраланди.
Эрон ва АҚШ ядро дастури бўйича музокараларни қайта бошлади
Эрон ва АҚШ музокарачилари Уммон султонлиги пойтахти Маскатда Эрон ядро дастури бўйича музокараларни давом эттирди. Эроннинг ISNA ахборот агентлигининг қайд этишича, бу музокараларнинг тўртинчи босқичидир.
Учрашувда Теҳрондан ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи, Вашингтондан эса махсус вакил Стив Уиткофф иштирок этмоқда. Тўртинчи раунд дастлаб 3 майга белгиланган эди, бироқ «логистик ва техник сабабларга кўра» қолдирилди, деди Эрон вазири.
8 май куни Уиткофф Breitbart News нашрига берган интервьюсида Қўшма Штатлар Эрондан уранни бойитишдан воз кечишни ва ядровий иншоотларини бутунлай демонтаж қилишни талаб қилишини, акс ҳолда Вашингтон «бошқа йўлдан боришига тўғри келишини» билдирганини айтди. Арагчи 10 май куни Эрон ўз «ядровий ҳуқуқларининг ҳеч биридан воз кечмаслигини» таъкидлади.
Аввалги АҚШ-Эрон маслаҳатлашувлари 12, 19 ва 26 апрель кунлари Маскат ва Римда бўлиб ўтган. Доналд Трамп 13-16 май кунлари Саудия Арабистони, Қатар ва БААга ташриф буюрмоқчи.
Курдистон ишчилар партияси тарқатиб юборилганини эълон қилди
Мустақил курд давлатини яратиш учун Туркияга қарши 40 йилдан ортиқ қуролли кураш олиб борган Курдистон ишчилар партияси (КИП) тарқатиб юборилганини эълон қилди. Бу қарор партиянинг май ойи бошида бўлиб ўтган 12-қурултойи якунлари бўйича қабул қилинган, деб ёзди Reuters.
Қурултой делегатлари КИП курд муаммосини энди демократик йўллар билан ҳал қилиши мумкин деган хулосага келди. Шундай қилиб, Курдистон ишчилар партияси ўз тарихий миссиясини бажарди ва ўз фаолиятини тўхтатди.
Қурултой 1999 йилдан бери умрбод қамоқ жазосини ўтаётган КИП етакчиси Абдулла Ўжалан 2025 йил февралида тарафдорларини қуролли курашни тўхтатиш ва Туркия сиёсий тизимини демократлаштириш ва унга тўлиқ интеграциялашувда иштирок этишни бошлашга чақирганидан кейин ўтказилди.
Абдулла Ўжалан турк курдларини қурол ташлашга чақирди У 1990-йилларнинг охиридан бери умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.
АҚШ–Хитой савдо уруши 90 кунга музлатилмоқда
АҚШ ва Хитой ўзаро савдо тарифларини 90 кун муддатга пасайтиришга келишиб олди.
Bloombergʼнинг хабар беришича, икки томон 2025 йил январидан буён илк марта юзма-юз музокаралар ўтказди. Женевада икки кун давом этган музокараларда АҚШдан молия вазири Скотт Бессент, ХХРдан бош вазир ўринбосари Ҳе Лифен иштирок этди. Улар савдо зиддиятини юмшатишга ва икки мамлакат иқтисодиётларига мослашиш учун вақт беришга келишиб олган.
АҚШ 145 фоизлик божларини 30 фоизгача, Хитой эса 125 фоиздан 10 фоизгача туширади. Ушбу дастлабки келишув муддати 90 кун деб белгиланди. Томонлар музокаралар «конструктив» ва «очиқ» ўтганини айтиб, савдо урушидаги деэскалация ҳақида баёнотлар берган.
Президент Доналд Трамп Хитой билан «муносабатларни дўстона, лекин конструктив тарзда тўлиқ қайта ўрнатишга» эришилганини айтди. У Хитойнинг Америка бизнеси учун «очилаётгани»ни кўришни хоҳлаётганини қўшимча қилди.
ҲАМАС сўнгги америкалик гаровдаги аскарни озод қилди
ҲАМАС ҳаракати 12 май куни Ғазода сақланаётган сўнгги тирик америкалик — Идан Александрни озод қилди. Бу Трампнинг Яқин Шарққа ташрифи арафасида, АҚШ билан, Исроил ҳукумати иштирокисиз эришилган битим натижасида амалга ошди.
Александер Ғазо секторининг жанубидаги Хан-Юнис шаҳрида Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси вакилларига топширилди. Исроил ҳукумати эълон қилган видеода Алехандер ранги оқаргани, аммо яқинларини қувонч билан қучоқлаётганини кўриш мумкин. У Ғазодаги туннелда боғланган ҳолда сақланганини айтиб берган.
New York Times нашрининг ёзишича, 21 ёшли Идан икки фуқароликка эга бўлган ва Исроил армиясида хизмат қилган. У 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС томонидан асирга олинган 250 кишидан бири эди.
ҲАМАС ҳамон гаровда ўнлаб тирик ва вафот этган асирларни ушлаб турибди. Ҳаракат фақат урушни тўхтатиш бўйича келишув бўлса, қолганларни озод қилишга тайёрлигини билдирган.
Исроил Бош вазири Нетаняху буни ҲАМАСга нисбатан босим стратегиясининг самарасидир, деб баҳолаган. АҚШ президенти Доналд Трамп эса, бу ҳолатни «урушни тугатиш йўлида муҳим қадам» деб атади.
Битим тафсилотлари сир тутилмоқда, аммо АҚШ вакиллари аввалроқ ҲАМАС билан тўғридан тўғри учрашган, сўнг Исроил эътирозлари туфайли музокараларни тўхтатгани айтилган эди.
Олимлар биринчи марта қўрғошинни олтинга айлантирди
Физиклар дунёдаги энг кучли заррача тезлатгичи бўлган Катта адрон коллайдерида биринчи марта қўрғошинни олтинга айлантиришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Newsweek хабар берди.
Асрлар давомида қўрғошинни олтинга айлантириш ғояси - хризопея - эришиб бўлмайдиган маррадек туюлган эди. Бу икки металлнинг зичлиги ўхшаш, аммо атом даражасида фарқланади, шунинг учун уларни кимёвий усуллар билан битта металлга айлантириб бўлмайди. Бироқ, ядровий реакциялар ёрдамида бунга эришиш мумкин, бу Европа ядровий тадқиқотлар ташкилоти томонидан тасдиқланди.
Тадқиқот давомида қўрғошин ядролари ёруғлик тезлигининг 99,999993 фоизигача тезлашди. Улар деярли юзма-юз тўқнашди, лекин охирги лаҳзада ажралиб кетди. Фотоядро реакциялари бошланди, бу камдан кам ҳолларда қўрғошин ядролари (82 протон билан) учта протонни йўқотиб, олтинга (79 протон билан) айланишига олиб келди. Жараён секундига 89 минг ўзгариш тезлигида содир бўлди, аммо ҳосил бўлган атомлар тезда парчаланиб кетди.
Олимлар қўрғошинни олтинга айлантириш мумкинлигини тасдиқлади, бироқ уни ишлаб чиқариш учун Катта адрон коллайдеридан фойдаланиш энг яхши ғоя эмас. Тажрибалар давомида олимлар олтиннинг арзимас ҳажмига эга бўлди - никоҳ узугини ясаш учун зарур бўлганидан триллион марта камроқ. Қимматбаҳо металлнинг бир граммини олиш учун коллайдерни квадриллион йил давомида ишлатиш керак бўлади.
Мавзуга оид

13:53 / 12.05.2025
Путинга таклиф билан чиққан Зеленский, Трампнинг илк хорижий сафари ва MI6’ни бошқарадиган илк аёл раҳбар – кун дайжести

14:37 / 10.05.2025
Ҳиндистонга қарши операция бошлаган Покистон, озод қилинган Ўзтурк ва АҚШга божлар билан таҳдид қилган ЕИ – кун дайжести

14:01 / 08.05.2025
Яманга зарбалар сериясини амалга оширган Исроил, Москва аэропортларидаги коллапс ва Бокуга қўнишга мажбур бўлган Сербия президенти - кун дайжести

13:32 / 07.05.2025