Жамият | 15:44
1944
3 дақиқада ўқилади

Балиқчида масъуллар бюджет маблағларини сохта ҳужжатлар билан ўзлаштиргани аниқланди

Ёшлар ишлари агентлигининг Балиқчи туман бўлими собиқ раҳбари ҳамда ҳокимлик ҳисобчилари тил бириктирган ҳолда бюджет маблағларини талон-торож қилган. Улар сохта ҳужжатлар билан “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар номига даволаниш ва моддий ёрдам учун пул ёзиб олган. Бундан ўша фуқароларнинг хабари бўлмаган.

Фото: Kun.uz

Андижон вилоятининг Балиқчи туманида бюджет маблағларини талон-торож қилган шахслар жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Ёшлар ишлари агентлиги Балиқчи туман бўлими собиқ бошлиғи, ҳозирда тумандаги Зулфиқор маҳалласида ҳоким ёрдамчиси бўлган Ш.М. туман ҳокимлиги ҳисобчиси У.Х. ва собиқ бош ҳисобчиси Н.А. (ҳозирда Яккатол маҳалласида ҳоким ёрдамчиси) билан тил бириктирган. Улар 2023 йил июл ойидан 2024 йил сентябр ойига қадар бўлган даврда “Ёшлар дафтари”га киритилган 56 нафар фуқарога даволаниш ва 5 нафар фуқаро номига сохта ҳужжатлар асосида 228 млн 480 минг сўм пул ёзиб олишган.

Шунингдек, судланувчилар 6 нафар фуқарога ҳайдовчилик курси, 3 нафар фуқарога ўқув курси, 3 нафар фуқарога контракт ва 5 нафар фуқарога моддий ёрдам учун 2 маротабадан ҳамда 1 кишига даволанишга деб 27 млн 436 минг сўм пул чиқариб, бюджет маблағларини ўзлаштирган. Бироқ бундан фуқароларнинг хабари бўлмаган.

Бундан ташқари, ушбу шахслар 2023-2024 йилда туманда 5 ташаббус тадбирларига совға олиш учун ажратилган 616 млн сўмнинг 549 млн сўмига совға олиб, қолган 68 млн сўмини талон-торож қилган.

Ш.М. судда айбига иқрорлик билдирган ҳамда “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан чиқарилган пулларни бошқа банк пластик карталарига тушириб, нақдлаштириб олганини билдирган. У.Х. ва Н.А. ҳам айбларига иқрор бўлиб, суддан енгиллик сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман суди ҳукми билан Ш.М. Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 1,5 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

У.Х. ва Н.А. эса Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан 1,5 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган.

Жиноят оқибатида етказилган моддий зарар қопланган.

Мавзуга оид