Жаҳон | 13:12
1568
2 дақиқада ўқилади

Дунёда ўз давлати ичида кўчишга мажбур бўлганлар сони 83 млндан ошди

Ўз мамлакати ичида кўчиб ўтишга мажбур бўлганлар сони олти йил ичида икки баравар кўпайди. Кўчишларнинг 90 фоизи можаролар ва зўравонлик билан боғлиқ.

Фото: UNICEF/UNI657364/El Baba

Нодавлат нотижорат ташкилотлари маълумотларига кўра, қуролли можаролар, табиий офатлар ва иқлим ўзгаришининг янада ёмонлашуви туфайли бутун дунё бўйлаб ўз уйини ташлаб кетганлар сони янги юқори даражага кўтарилди. 13 май, сешанба куни Женевада чоп этилган Норвегия қочқинлар кенгаши ва у асос солган ички кўчиш мониторинги маркази томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2024 йилда дунё бўйлаб 83,4 миллионга яқин одам яшаш жойларини ташлаб, ўз мамлакатларининг бошқа қисмларига кўчиб ўтишга мажбур бўлган.

Охирги олти йил ичида дунё бўйлаб ўз уйини ташлаб кетганлар сони икки баравар ошди: 2018 йилда бу кўрсаткич 40,6 миллион кишини, 2020 йилда – 54,1 миллионни, 2022 йилда – 69,8 миллионни ташкил этди.

Ҳужжатда айтилишича, 2024 йилда ички кўчишларнинг 90 фоизи (деярли 73,5 миллион) можаролар ва зўравонликлар туфайли содир бўлган. Бу 2018 йилга нисбатан 80 фоизга кўп. Фуқаролар уруши авж олган Суданнинг ўзида 11,6 миллион ички кўчирилганлар бор – бу бошқа мамлакатлардан кўп. Сурияда бу кўрсаткич 7,4 миллион, Колумбияда 7,3 миллион, Конго Демократик Республикасида 6,2 миллион, Яманда 4,8 миллион кишини ташкил қилган.

Табиий офатлар 10 миллионга яқин одамнинг ўз мамлакатлари ичида кўчишига сабаб бўлди, уларнинг энг кўп сони Афғонистонда (1,3 миллион), Чадда (1,2 миллион), Филиппинда (1 миллион), Эфиопияда (757 минг) ва Сомалида (733 минг). Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тоифадаги ички кўчишларнинг қарийб 99,5 фоизи иқлим ўзгариши билан боғлиқ офатларга тааллуқли.

Мавзуга оид