Ўзбекистон | 16:40
1405
3 дақиқада ўқилади

Ҳаж ва Умра зиёратларини ноқонуний ташкил этишга уринган сайёҳлик фирмалари аниқланди

Бир қанча ҳудудда Ҳаж ва Умрани ноқонуний ташкил этишга уринганлик ҳолатлари бўйича Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан иш қўзғатилди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирмалардан бирининг 4 нафар ходими 3 нафар фуқарони ишчи визаси орқали Ҳаж зиёратига юбориш эвазига 7 минг АҚШ долларидан ҳамда 1 нафар фуқарони сайёҳлик визаси орқали юбориш эвазига 5 минг АҚШ доллари, жами 26 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, олдиндан 20 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Шунингдек, ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирманинг иш юритувчиси 2 нафар фуқарони Умрага юбориш эвазига 2400 АҚШ доллари, шунингдек, 3 нафар фуқарони Ҳажга юбориш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шу билан бирга, ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Наманган шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс Ҳажга юбориш ҳақида ижтимоий тармоқларга сохта эълонлар жойлаб, 3 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларнинг ҳар биридан 4900 АҚШ доллари, жами 14700 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Шунингдек, ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Чуст туманида фаолият юритувчи туристик фирма раҳбари Умрани ташкил этиш учун тегишли лицензияга эга бўлмай туриб, 3 нафар фуқарони 1350 АҚШ долларидан, жами 4050 АҚШ долларига Умрага юборишини айтиб, шундан 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс пойтахтда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият орқали 5 нафар фуқарони жами 27 минг АҚШ доллари эвазига Ҳаж визаси асосида диний амалларни бажариш учун Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, олдиндан 13500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид