Спорт | 17:44
4692
12 дақиқада ўқилади

Ямал Мессининг ёшлигидан кучлироқми?

Фото: Sports.ru

«Барса»га қарши биринчи ўйиндан кейин «Интер» устози Симоне Индзаги 17 ёшли Ламин Ямалга ҳозирча энг ёрқин мақтовни айтди: «Бундай истеъдодлар 50 йилда бир марта пайдо бўлади. Бу феномен». Бу билан Симеоне Ламиннинг истеъдодини Лео Месси билан бир поғонада эмас, балки ундан ҳам юқори қўяди.

Бунга жавобан Ҳанс-Дитер Флик бироз камтарона сўзлади, аммо унинг баҳоси ҳам барибир жуда юқори эди: «Биргина истеъдод етарли эмас - ҳатто даҳолар учун ҳам. Роналду, Месси ва бошқа буюклар даражасига етиш учун жуда кўп ишлаш керак. Келинг, сокинроқ бўламиз. Ламиннинг ўйинидан жуда мамнунмиз. Унинг 17 ёшдаги ўйини даражаси тасаввурга сиғмайди!»

Чемпионлар Лигаси яримфиналидаги ўйинлар ва класиколардан сўнг Ламин Ямал ҳақидаги муҳокамалар янада авж олди, ўзбек журналистлари ва мухлислари ҳам уни Лео Месси билан қиёслай бошлади. Аслида бутун дунёдаги мутахассислар бундай солиштиришни бошлаб юборган. Хусусан, россиялик таҳлилчи Вадим Лукомский ўз услубида мавзуга чуқурроқ киришни лозим топди.

Кимлар ва нега Месси ва Ямални солиштирмоқда?

Бу икки футболчи солиштирилган иқтибосларни йиғиб чиқиш – имконсиз юмуш. Бу шунчалик кўпайиб кетдики, бемалол тўрт юз саҳифалик илмий иш ёзиш мумкин. Қуйида энг қисқа ва эътиборли фикрлар келтирилади.

Биринчилар, албатта, ла масиялик даҳолар эди. «Барселона» академиясининг собиқ директори Аурели Алтимир томонидан икки йил олдин ёзилган матндан парча:

«Ямал Месси эмас, аммо ҳаммадан кўра энг яқин. Агар у дарвозага ўн марта зарба берса, тўққизтаси аниқ боради. У жарима майдони ичкарисида ҳам жуда совуққон ва 18-19 ёшли футболчиларнинг хаёлига ҳам келмайдиган ишларни қила олади. У туғма истеъдод. Агар эҳтиёткорлик билан ёндашиб, унинг атрофидагиларни ҳам назорат қилсак, жуда муҳим футболчига айланади».

Ўтган ёзда The Telegraph нашрига интервю берган Мунир Насравий, Ямалнинг отаси ундан ҳам ошириб юборди – «Мен ўғлимга ишонаман. Тўлиқ аминманки, у бутун йўлни босиб ўтади ва Мессидан ҳам буюкроқ футболчига айланади».

Умуман, солиштиришларни икки турга ажратиш мумкин. Биринчи навбатда, Месси ўз даврининг энг асосий ўлчови сифатида олинади ва у орқали Ямал мақталади. Иккинчи турдаги солиштиришларда эса ўйин услуби ва майда деталлар қиёсланади.

Биринчи тоифадаги мақтовлар ичига Тиерри Анрини келтириш мумкин:

«Футболда мени ҳайрон қолдирган жиҳат, сен доим бошқа Месси ёки Роналдудан зўри чиқмайди деб амин бўласан. Аввалроқ катталар ҳам Пеле ва Марадона ҳақида шундай дейишган. Аммо кейин Ямал чиқиб келади».

«Менимча, навбатдаги катта ном – Ямал. Сўнгги йигирма йилда бизда Месси ва Роналду бор эди, энди Ямал таёқчани улардан олмоқда» – Уэйн Руни.

«Ямал менинг ақлимни олди. Ёш Рунининг пайдо бўлишини эслайман. У ҳам ўзига хос экани илк кунлардан билинганди, лекин ҳатто у ҳам бу даражада эмасди.

Пеле жаҳон чемпионати финалида икки гол урган, аммо у деярли 18 ёшда эди. Ҳатто Месси ҳам ўзининг юқори даражасига йигирма ёшга бориб чиқа олганди.

Ямал эса жуда ва жуда бошқача. Биз ҳали ҳам охирини кўрганимиз йўқ. Шу даражадаки, ҳозирги Ямал ҳам ақлимга сиғмаяпти» – Гари Линекер.

 «Мен Ламин Ямалга мафтун бўлдим. Ажойиб ўйинчи. Мен уни футбол тарихидаги энг зўр футболчи бўлади, демоқчи эмасман, лекин бўлишиям мумкин. Месси бу ёшда қандай ўйнагани эсингиздами? Ўн олти ёшда-я?»Рио Фердинанд.

«Барселона»нинг асосий ютуғи шундаки, улар Месси каби футболчига ўринбосарни дарҳол топа олишди. Месси бизнинг давр учун асосий фигура. Ямал тимсолида унинг ўрнини босиши мумкин бўлган ўйинчини топиш уникал муваффақият» – Венсан Компани.

«Ҳар 20-30 йилда ўзига хос футболчи пайдо бўлади. Месси ҳеч ким билан таққослаб бўлмайдиган илк футболчи эди, аммо Ямалга қараб туриб айтишим мумкин – у мен кўрганлар ичида энг яқини» – Дэвид Бекҳэм.

Янада аниқроқ таъриф Сеск Фабрегасники:

«Месси ва Ямал ўртасидаги солиштиришларни тушунаман. Ҳамманинг ўз тарихи бор, лекин бу таққослашлар мутлақо нормал. Айниқса, қийин даврларни бошдан кечирган «Барселона» мухлисларини ҳам тушунаман. Ямал ўйинга ҳайратда қолдириш ҳиссиётини олиб киради. Бу муҳим. Жамоа қийин аҳволда қолганида Месси асосий планга чиқарди. Энди эса Ямал».

Табиийки, бу ҳақида қаҳрамонларимизнинг ўзлари ҳам нимадир дейишган.

 «Месси билан солиштириш? У тарихда энг зўри, мен эса энди ўн етти ёшга кирдим. Аммо бу менга мотивация беради. Бор имкониятимни ишга солишга ундайди. Бу босим менга ёрдам беради», – дейди Ламин.

 Леонинг ўзи эса юқоридагиларнинг фикрига қўшилишини айтади:

«Агар кимнидир танлашим керак бўлса, Ямал ҳақидаги гапираётганларнинг фикрига қўшиламан. У – футболнинг бугуни. Шубҳасиз уни буюк келажак кутмоқда».

Яна бир кесишув бор: декабрда Месси Ямални Adidas’нинг махсус лойиҳасининг биринчи қаҳрамони этиб танлади (унда Лео ўнлаб бўлажак суперюлдузларга маслаҳатлар беради). Ундан олдинроқ эса айнан Мессининг қўнғироғидан кейин Ламин Nike’дан Adidas’га ўтганди.

Узвий боғлиқлик ва таққослашлардан қочиб бўлмасликнинг якуний аргументи эса – ўша машҳур чўмилтириш фотосидир:

 Ямал ёш Мессига статистик кўрсаткичлар бўйича қанчалик яқин?

«Шу пайтгача ким Месси билан бу борада солиштирилган бўлса, ютқазган. Аммо нега солиштирмалар бунчалик кўпайиб кетганини ҳам тушунаман. Ламин – чап томондан марказга кириб борадиган чапақай футболчи, ўйинида Мессига ўхшаш жиҳатлар бор», – деганди ўз вақтида Ямалга устозлик қилган Хави.

Айни дамда Ямални кўпроқ Мессининг илк йиллари билан солиштириш мумкин. Ўшанда Месси ҳам ўнг қанотга кўпроқ боғланган, индивидиуал ҳаракатларга кўпроқ таянар, худди ҳозирги Ямал каби ёрқинроқ кўринарди.

Ўн етти ёшдаги даврни таққослаш маъносиз, у ҳолда Месси ҳам, Роналду ҳам анча ютқазади, тан олиш керак, Ямалнинг чиқиб келиши анча эрта рўй бергани факт. Таққослаш учун, Мессининг 2005/06 йиллар мавсумини оламиз – айнан ўша мавсумдан бошлаб унга тўлақонли вақт берила бошланди. Шунда ҳам Ямалда дақиқалар кўпроқ (4188 га 1417).

Мессининг голлари агар ўртача ҳар 90 дақиқага ҳисобласак кўпроқ, аммо шуни тушуниш керакки, Месси кўп ўйинларни асосий таркибда бошламаган, асосан захирадан, чарчаб қолган рақибга қарши, осонроқ ўйинларда қўшилган. Лекин мана шу майда деталларни эътиборга олмасак ҳам, агар гол+пас бўйича ўлчасак, устунлик Ямал тарафида:

Зарбалар сони бўйича деярли тенглик. Мессида аниқ зарбалар кўпроқ. Ҳар 90 дақиқадан 4 тадан ортиқ зарба – топ кўрсаткич. Масалан, Ямалнинг ушбу мавсумдаги кўрсаткичлари Ла Лигада иккинчи ўринда бўлиши учун етарли. Фақат Килиан Мбаппеда яхшироқ.

Креативлик бўйича аллақачон Ямал тўкисроққа ўхшайди. Месси кейинроқ футбол тарихидаги энг зўр плеймейкерга айланди, «ўнлик» сифатида фаолиятини тугатмоқда, аммо илк даврларда у ҳам Ямал каби нозикроқ ҳаракатлар қилолмасди. Ламин рақиб дарвозасига хавф солиш бўйича самаралироқ, ёрқинроқ.

 

Дриблинг бўйича иккови ҳам яхши. Ямал муваффақиятли алдаб ўтишлар бўйича устунроқ, лекин агар рақиб футболчиларининг қоида бузишларини ҳам қўшсак, вазият тенглашади.

Қоида бузишлар ва дриблингларни қўшганда биз рақиб ҳимоячилари томонидан тўхтатиб қолинмаган вазиятларга эга бўламиз. Леода қоида бузиб тўхтатилиш ҳолатлари кўп, Ямал эса кўпроқ алдаб ўтган. Буни замондаги фарқлар билан ҳам изоҳлаш мумкин. 2000-йилларда ҳакамлар юлдузларни ҳозиргидек авайлашмаган, жазолар ҳозиргидек қаттиқ бўлмаган. Шунингдек, айни пайтдаги қанот ҳимоячилари кўпроқ бошқа вазифалар билан ҳам машғул бўлиб, 20 йил олдин айнан ҳимояланиш талаблари кўпроқ эди, яъни Месси янада кучлироқ қанот ҳимоячилари билан тўқнашган.

Энди тўпни қайтариб эгаллаб олишдаги ҳаракатларини солиштирамиз. Ямал прессингда фаол қатнашади, у ўйнаётган жамоа тотал даражада тўпга эгалик қилишга асосланган. Аммо ёш Мессининг кўрсаткичлари янада кучли экани ҳайрон қолдиради.

Мессининг кейинги, ҳимояланишда у қадар фаол иштирок этмаган варианти билан ҳам солиштирганда фарқ сезиларли. Тан олиш керак, доим Мессининг тўп учун курашлардаги ҳаракатлари кузатилган, олқишланган, эътирозлар эса асосан тўпсиз доим ҳам фаол эмаслиги, бошқа ҳолатлар учун ўз кучини асраши билан боғлиқ бўлган. Фаолиятининг илк йилларида эса кучни тежаш борасида ҳеч қандай гап йўқ эди.

Шу билан бирга, картинани тўлиқ тушуниш учун Флик ва Райкаард тизимидаги фарқларни ҳам айтиб ўтиш керак. Фликнинг «Барселона»си кўпроқ ташаббускор ва ҳужумкор, Райкаардники кўп жиҳатдан катта фарқ билан бой беради. Яъни Ямалнинг кўп устунликларини янада қулайроқ шартлар ва ўйин услубида ўйнаётгани билан ҳам изоҳласа бўлади. Лекин ҳар қанақасига олсак ҳам 17 ёшли Ямал 18 ёшли Мессидан устунлиги намоён бўлмоқда.

Хулоса

Икки объектив ва бир субъектив якунга бориш мумкин.

1. Айни дамдаги Ямал ёш Мессига тенг эмас, сезиларли даражада устунроқ;

2. Шундан келиб чиқиб, бу кетишда Ямал Мессидан доим зўр бўлади деб ҳам бўлмайди, чунки фаолиятининг кейинги босқичларида Месси бошқа кўп янги қирраларини очиб борган, позицияларини ўзгартирган;

3. Месси ўлчов ва мўлжал сифатида жозибали, аммо Ямал ҳақида гап кетганда энг мос деб ҳам бўлмайди. Ҳа, тушунса бўлади, агар кимнидир максимал даражада мақтамоқчи бўлсанг, шунчаки «Месси» деб қўя қолиш мумкин. Аммо тан олиш керакки, бу занжирда кўп маънолар йўқолиб кетади ва шу тариқа мақтовлар ҳаққоний бўлса-да, бўш бўлиб қолади.

Ямалнинг ўзи асосий кумир сифатида Неймарни, илҳом манбайи сифатида эса Роналдиниони тилга олган. Мессининг услуби бошқача, унинг жозибаси доҳий минимализмда кўринади. Барселона-бразил мактаби эса шунчаки гўзаллик учун гўзаллик асосига ҳам қурилган. Баъзида фойда келтириб, баъзида келтирмаса-да, доим томошабинларни футболга ошуфта этади.

Балки Ямал эргашиши мумкин бўлган футболчи Неймардир? Истеъдоди ва дастлабки йилларида Неймар ҳам Леодан қолишмасди. Ламин ҳам Неймарга айланиши мумкин. Фақат фаолияти бир текис кетган Неймарга...

Мавзуга оид