Жамият | 20:31 / 15.05.2025
3499
5 дақиқада ўқилади

“Бахти Ташкентский”нинг одами экани айтилган шахс 8 йилга қамалди

Қидирувга берилиб, Россиядан ушлаб келинган 34 ёшли Ҳасан Шофайзиев товламачилик жиноятини содир қилганликда айбли деб топилди. Суд ҳукмида у Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғли Бекзод Зафаров билан биргаликда Самарқанд вилоятида яшовчи фуқародан қозоғистонлик шахснинг қарзини “кўча усули”да ундиришга ҳаракат қилгани келтирилган.

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган Ҳасан Шофайзиев товламачилик жинояти билан айбланиб, жиноий жазога тортилди. Суд ҳужжатида у Бахтиёр Қудратуллаевга алоқадор шахс экани айтилади.

Kun.uz ўрганган суд ҳукмида келтирилишича, Ҳасан Шофайзиев “Бахти Ташкентский”нинг ўғли Бекзод Зафаров билан ўзаро яқин муносабатларга киришган. У Бахтиёр Қудратуллаев томонидан Самарқанд вилоятига “положенец” қилиб тайинланган шахс раҳбарлик қилаётган уюшган гуруҳга қўшилган. Гуруҳ аъзолари Самарқандда “кўчани қўлга олиб”, ноқонуний равишда бойлик орттиришни мақсад қилган ва товламачилик ҳаракатларини содир этиб келган.

Жумладан, гуруҳ аъзолари Самарқанд шаҳрида яшовчи М.Б. қозоғистонлик Мурод исмли шахсдан 10 минг АҚШ доллари миқдорида қарз эканини билиб, М.Б.дан ушбу пулни “кўча ечими” орқали ундириб олишга ҳаракат қилган. Шундан сўнг, Бекзод Зафаровнинг топшириғи билан жиноий гуруҳ вакиллари Жомбой тумани Бешбола маҳалласидаги фермер хўжалиги ҳудудида М.Б. билан учрашиб, унга нисбатан зўрлик ишлатган. Улар М.Б.ни ўзлари бошқариб келган Epica’га миндириб, Булунғур туманидаги ошхонага олиб борган.

Гуруҳ вакиллари ўша ерда М.Б.га руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказишган: бошига шиша идиш билан уриб, тан жароҳати етказган. Шу тариқа уни қўрқитиб, Муроддан қарз бўлган 10 минг долларни беришни талаб қилишган. Жабрланувчи пули йўқлигини айтгач, ундан дастлаб 500, кейин 1 200 доллар олиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.

Ҳасан Шофайзиев судда айбига иқрор бўлмаган ва бу жиноятга алоқаси йўқлигини айтган.

“Бекзод Зафаров билан 2019 йилда танишганман. 2022 йил баҳор фаслида Бекзод ёнимга келиб, “ўзимни яхши ҳис қилмаяпман, сеҳр-жодуга учраганга ўхшайман. Самарқанд шаҳрида бир яхши домла топган эдим, шунинг олдига бирга бориб келайлик. Ҳозирда ёнимда пулим йўқ, лекин машина бор, бензин қуйиб берсанг биргаликда бориб келардик. Сен ҳам бир ушбу домлага кўриниб олардинг” деб илтимос қилди. Мен рози бўлдим. Lacetti машинасида Бекзод ва ҳайдовчи билан биргаликда Самарқанд шаҳрига бордик. У ерда бизни Бекзоднинг таниши, ўзини Саня деб таништирган шахс кутиб олди. Шу куни Саняни биринчи маротаба кўрдим”, деган Ҳасан Шофайзиев суддаги кўрсатмасида.

Шунингдек, у ўша куни Самарқандда меҳмонхонага боришганини, бу ерга М.Б. олиб келинганини айтган.

“М.Б.дан “Ака, нима бўлди, тинчликми?” деб сўрадим. У қозоғистонлик бир шахсдан 2 та “кран” сотиб олганини, улардан бирининг пулини бера олмаганини айтди. Унга шу заҳоти “Сизнинг Бекзоддан қарзингиз борми? Нима сабабдан у сизга жахл қиляпти?” деб сўрадим. М.Б. Бекзоддан умуман қарзи йўқлигини айтди. М.Б.га қарзи бўлмаса кетаверишини айтдим. Шунда Бекзод менга “Нима сен ўзингни “праванг”ни качат қиляпсан” деб жаҳл қилиб қолди. Шунда унга М,Б.га нисбатан нотўғри иш қилаётганини, Самарқандга яхши ниятда келганимни айтдим. Суҳбатимизни эшитган Саня “Сен нимага братаннинг ўғлига ташлаяпсан, ўзингни босвол” деди. Сўнгра ушбу муаммоларга аралашишни хоҳламасдан, ҳамма билан хайрлашиб, меҳмонхонадан чиқиб кетдим”, деган Ҳасан Шофайзиев судда.

ЖИБ Учтепа туман судининг ҳукми билан Ҳасан Шофайзиев Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2024 йил 19 июлдаги ҳукми билан Бахтиёр Қудратуллаев, Бекзод Зафаров ва гуруҳнинг бошқа вакиллари озодликдан маҳрум қилинган.

Мавзуга оид