Жаҳон | 20:40 / 15.05.2025
2587
2 дақиқада ўқилади

Россия Истанбулда музокаралар ўтказишга ва «муросаларга» тайёр — Мединский

РФ делегацияси Украина вакиллари билан музокаралар ўтказиш учун Истанбулда бўлиб турибди. Зеленскийнинг ўзи Анқарада. У музокараларда Украина томонидан мудофаа вазири Рустем Умеров иштирок этишини маълум қилди.

Фото: РИА Новости

Россия Истанбулда Украина билан музокаралар жараёнини тиклашга — эҳтимолий «муросаларга» ва уларни муҳокама қилишга тайёр. Бу ҳақда Россия делегацияси раҳбари, РФ президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, РФ делегацияси музокаралар олдидан «ишчи кайфияти»ни сақлаб қолмоқда. Мединский Москвадан келган делегация таркибидан манфаатдор барча идоралар вакиллари ва раҳбарий таркиб ўрин олганини қўшимча қилди.

Музокаралар қачон бошланиши тўғрисидаги саволга Мединский жавоб қайтаришдан тийилган.

Россия делегацияси Истанбулга 15 май куни эрталаб етиб келди. Володимир Зеленский бошчилигидаги Украина вакиллари ҳозирча Анқарада. Олдинроқ у ерда Украина ва Туркия президентларининг музокаралари бўлиб ўтди.

Анқарада ўтказилган матбуот анжумани доирасида Зеленский Истанбулдаги Россия—Украина музокараларига мудофаа вазири Рустем Умеровни жўнатишга қарор қилгани айтди.

У Россия делегациясининг даражаси пастлигини таъкидлади, бироқ «президентлар Трамп ва Эрдўғанга ҳурмат юзасидан» украиналик амалдорларни музокараларга юбораётганини маълум қилди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, РФ президенти Владимир Путин музокараларга келмагани боис Украина хавфсизлик хизмати раҳбари ва УҚК Бош штаби бошлиғига Истанбулда «қиладиган иш йўқ». Шунингдек, у Истанбулдаги музокараларнинг асосий мақсади — ўт очишни тўхтатиш эканини қўшимча қилди.

Мавзуга оид