Жаҳон | 16:05 / 16.05.2025
2227
6 дақиқада ўқилади

14 йиллик қамоқдан президентликкача. Хосе Мухика ким эди?

13 май куни Уругвайда миллий мотам руҳи ҳукм сурди. Мамлакатни 2010-2015 йилларда бошқарган Хосе Мухика 90 ёшга тўлишига бир неча кун қолганида саратон касаллиги туфайли вафот этди. Энг камбағал ёки энг саховатли давлат раҳбари сифатида таърифланадиган Эл Пепе ким эди ва нега бу даражада катта машҳурликка эришган?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Партизанлар ҳаракати етакчиси

Хосе Мухика 1935 йилда Монтевидео яқинида туғилган. Отасидан эрта етим қолган бўлажак сиёсатчи мактаб пайтиданоқ оғир меҳнат билан шуғулланишга мажбур бўлади. Унинг ёшлик йиллари Уругвайда анъанавий сиёсий модел — ҳокимиятни навбатма-навбат бошқарган Миллий партия ва Колорадо партияси инқирозга учраб, мамлакат иқтисодий қийинчиликлар гирдобига тушган даврга тўғри келган. Ташқи қарз, инфляция, ижтимоий тенгсизлик ва қашшоқлик ортиб борарди. Ҳар қандай иш ташлаш ёки норозилик намойишлари полиция ва ҳарбийлар томонидан шафқатсиз бостирилган.

Натижада уругвайлик ёшлар радикаллашиб, эр ости ҳаракатларига қўшила бошлайди. Бу жараён Куба инқилоби мисолида бутун Лотин Америкасини қамраб олди. Иштирокчилар қуролли йўл билан ижтимоий адолат ўрнатишни истар эдилар. 1963 йилда Уругвайда «Миллий озодлик ҳаракати – Тупамарос» ташкил топди. Мухика ҳам 26 ёшида ушбу ташкилотга қўшилади.

«Тупамарос» гуруҳининг мақсади кураш учун зарур бўлган маблағ ва қурол топиш эди, шу сабабли улар банклар, казинолар ва қурол омборларини талон-торож қилган, ҳатто озиқ-овқат ортилган юк машиналарини ҳам ўғирлайди. Мухика аксарият шафқатсиз тўқнашувларнинг фаол иштирокчиси бўлган, танасидаги жуда кўп жароҳат излари ана шу можаролардан «эсдалик» эди.

Ўз мамлакатида Эл Пепе лақаби билан машҳур бўлган бўлажак президент 4 марта ҳибсга олинган. 1971 йил сентябр ойида у Уругвай тарихидаги энг йирик қамоқдан қочиш операцияларидан бирида ҳам иштирок этади. Монтевидеодаги қамоқхонадан эр ости туннели орқали бир вақтнинг ўзида 106 киши қочишга муваффақ бўлган. Аммо Мухика 1972 йилда яна қўлга олинади.

14 йиллик қамоқ

Яна қамоққа қайтарилган Хосе Мухика ва бошқа «Тупамарос» етакчиларига қарши ҳеч қандай суд ўтказилмаган, уларга қарши расмий айблов ҳам қўйилмайди. У кўзлари боғланган ҳолда маълум вақт оралиғида бир ҳарбий қисмдан бошқасига кўчирилган ва ерости зиндонларда сақланган. Йиллар давомида қуёш нурини кўрмаган ва доимий изоляцияда бўлган. Хусусан, 14 йиллик қамоқнинг 12 йилини алоҳида камерада ўтайди. У кейинчалик ўша даврларни эслар экан, икки йил давомида қудуқ тубида тўлиқ изоляцияда ўтирганини, ақлдан озмаслик учун эса қурбақалар билан суҳбатлашишга мажбур бўлганини қайд этади.

1985 йилда Уругвайда ҳарбий диктатура қулайди ва мамлакатда ҳокимият демократик сайловлар натижасида шакллантирилади. Янги ҳукумат умумий амнистия эълон қилади. Озод қилинган сиёсий маҳбуслар орасида 50 ёшли Хосе Мухика ҳам бор эди.

Озодликка чиққач Эл Пепе сиёсий ҳаётга қайта қадам ташлайди. Аввалига депутат, сўнгра сенатор ва қишлоқ хўжалиги вазири сифатида фаолият олиб боради. У 2009 йилда ўтказилган президентлик сайловларида ғалаба қозонади ва Уругвайни 5 йил давомида бошқаради. Бу даврда қашшоқлик даражаси 18,5 фоиздан 9,7 фоизгача тушди, мамлакат тарихидаги энг паст ишсизлик даражаси (6,3 фоиз) қайд этилди. Ижтимоий адолат ва инсон ҳуқуқлари масалаларида катта ислоҳотлар амалга оширилди.

Хосе Мухика ва АҚШ президенти Барак Обама

Кейинчалик яна ҳукумат тепасида қолиш имконияти бўлса-да, Мухика буни рад этади. Шундан сўнг бир муддат сенатор бўлиб ишлайди ва 2020 йилда сиёсатдан тўлиқ кетганини эълон қилади.

«Энг камбағал президент»

Давлат раҳбарлигига келган Мухика президент учун мўлжалланган шоҳона саройдан воз кечиб, қишлоқдаги кичик уйида истиқомат қилишни давом эттиради. Пойтахт билан унинг фермасини каттагина тупроқ йўл боғларди. У кўчадаги қудуқдан сув олган ва рафиқаси билан ўз томорқасида гул етиштирарди. 

Хосе Мухика ва унинг хотини Лусия Тополански

Президентни ҳимоя қилиш фақат иккита полициячи билан чекланган. Шкафида эса расмий учрашувлар учун атиги битта костюми бўлгани айтилади.

Мухика президентлик маошининг 90 фоизини хайрия ишларига сарфлаган. Унинг фермасидан ташқари ягона мулки 1987 йилда ишлаб чиқарилган, бозор нархи 1800 долларни ташкил этувчи Volkswagen Beetle автомобили бўлган. Мухикага 2014 йилда бу машинани 1 млн долларга сотиш таклиф қилинган, бироқ бунга рози бўлмаган. Шу сабабли Эл Пепе оммавий ахборот воситаларида дунёдаги «энг камбағал ёки сахий президент» дея таърифлаб келинади ва фаолияти дунёдаги кўплаб сиёсатчилар учун ибрат намунаси сифатида кўрсатилди. 

Мухиканинг Бразилия президенти Лула да Силва билан учрашуви. 2024 йил, декабр.

Собиқ президент ўз турмуш тарзини қуйидагича изоҳлаган: «Одамлар мени энг қашшоқ президент деб аташади, лекин мен асло ўзимни камбағал ҳис қилмайман. Аслида фақат дабдабали яшаш учун ишлайдиганлар камбағалдир. Улар борига қониқмасдан, янаям кўпроқ нарсани хоҳлашади». 

Мавзуга оид