Жаҳон | 17:19
827
2 дақиқада ўқилади

Дунёда қарийб 300 млн киши очлик ёқасида экани маълум қилинди

Очлик инқирозининг энг оғир босқичида бўлганларнинг 95 фоиздан ортиғи Ғазо сектори ва Судан ҳисобига тўғри келади.

Фото: Anadolu/Getty Images

Дунёнинг 53 мамлакатида қарийб 300 миллион киши кескин озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда. Бу кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади, деб хабар бермоқда The Guardian.

Global Report on Food Crises ҳисоботига кўра, бунинг асосий сабаблари — қуролли можаролар, гуманитар ёрдамнинг қисқариши, иқтисодий муаммолар ва иқлим фалокатларининг оқибатлари.

Ҳисоботда келтирилишича, 295,3 миллион киши оғир озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекмоқда — бу таҳлил қилинган мамлакатлар аҳолисининг қарийб чорак қисмидир. Инқирознинг энг оғир босқичида (IPC таснифига кўра «фалокат» даражаси) бўлганларнинг 95 фоиздан ортиғи Ғазо сектори ва Суданда яшайди.

Ғазо ва Судан билан бир қаторда Ҳаити, Мали, Жанубий Судан, Афғонистон, Покистон, Эфиопия ва Кенияда ҳам оғир аҳвол кузатилмоқда — ушбу ҳудудларда қурғоқчилик ҳамда можаролар озиқ-овқат тақчиллигини янада кучайтиряпти. Мянма, Нигерия ва Конго Демократик Республикаси каби 19 давлатда вазият ёмонлашишда давом этмоқда. Бу ерда асосий омил — қуролли тўқнашувлар ва ички беқарорлик.

Халқаро гуманитар дастурларни молиялаштириш кескин камайган, айниқса АҚШ томонидан. Натижада Судан, Яман ва Ҳаитидаги 14 миллиондан ортиқ бола ёрдамдан маҳрум бўлган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, молиялаштириш камайтирилишидан аввал ҳам ҳисоботдаги мамлакатларнинг деярли ярми озиқ-овқат инқирозининг оғир босқичида бўлган.

Аввалроқ АҚШ қашшоқ мамлакатлар учун илгари ёпилган бир нечта озиқ-овқат дастурларини тиклаши тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид