Иқтисодиёт | 20:27 / 19.05.2025
1956
1 дақиқада ўқилади

2025 йилнинг I чорагида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми кескин ошди

Жорий йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистонга кириб келган пул ўтказмалари миқдори 3,3 млрд долларни ташкил қилди. Бу 2023 йилга нисбатан 32 фоизга ёки қарийб 800 млн долларга кўп.

Фото: Getty images

2025 йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистонга хориждан амалга оширилган пул ўтказмалари ҳажми 3,3 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг «Пул-кредит сиёсати шарҳи»да келтириб ўтилган.

Пул ўтказмалари миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (2,5 млрд доллар) 32 фоизга ошган. Кескин ўсиш асосий савдо ҳамкор мамлакатлар валюталарининг мустаҳкамланиши ҳамда меҳнат ҳақи юқорироқ давлатларга мигрантлар оқимининг ошиши билан изоҳланяпти.

Шунингдек, Марказий банк сўнгги пайтларда даромадлар ўсиши ўзгарувчанлигининг асосий омили сифатида ҳам пул ўтказмаларини келтирган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистонга кириб келган пул ўтказмалари миқдори 14,8 млрд долларни ташкил қилганди. Бу 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ёки 3,4 млрд долларга кўп.

Аввалроқ, 2025 йилнинг биринчи чорагида аҳолининг умумий даромадларида хориждан пул ўтказмаларининг улуши 15,8 фоиздан 19,5 фоизгача ошгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид