Услуб эски, вазифа янги: Ўзбекистонда минглаб одамлар навбатдаги молиявий пирамида қурбони бўлди
Ўзбекистон дунё фирибгарларининг чўнтагини тўлдирадиган “касса”га айланиб қолмоқда: OMD номли янги молиявий пирамида одамларни “китоб ўқиш орқали пул топиш” баҳонасида чув тушириб, миллиардларни ўмарди. Тўланган пуллар турли шахслар номидаги банк пластик карталарига P2P кўринишида ўтказилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар югураётган фирибгарларни ҳамон юриб қувишда давом этмоқда.

Фото: Kun.uz
Навбатдаги “қопқон”
Ўзбекистонда молиявий пирамидалар ва унга алданаётганлар сони камаймаяпти: содда ва оми одамлар дунё фирибгарларининг ўлжасига айланишда давом этмоқда.
Асосан водий вилоятларида кенг тарқалган навбатдаги янги молиявий пирамидага минглаб одамлар алданди. Жабрланганлар миллионлаб пулларидан айрилган.
OMD номи билан тарқалган ушбу молиявий пирамида рекламаси ижтимоий тармоқларда фаол олиб борилган. Тайёрланган видеолавҳаларнинг аксарияти ўзбек тилига таржима қилинган ва овозлаштириш сунъий интеллект ёрдамида амалга оширилган. Аслида сифатсиз таржиманинг ўзиёқ бу молиявий пирамида эканини англатиб турибди. Бироқ одамлар негадир тармоқлардаги бу каби рекламаларга ишонишган ва “қопқон”га тушишган.
Текширилмаган ахборот
OMD компанияси 2017 йил январ ойида Буюк Британияда рўйхатдан ўтказилгани айтилган. Бунга исбот сифатида эса мактаб ўқувчиси ҳам ясай олиши мумкин бўлган сохта гувоҳнома кўрсатилган.
“Компания ишсизликни камайтириш учун Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни амалга оширмоқда. OMD келгуси 5 йилда 6 млн нафар ўзбекистонликни иш билан таъминлайди”, дейилади одамларни ишонтириш учун тарқатилган хабарларда.
Аммо бу маълумот рост ёки ёлғонлигини билиш учун оддийгина йўллар билан текшириб кўриш кифоя эди. Агар Ўзбекистон ҳукумати бу номдаги компания билан ҳамкорлик ўрнатганида ОАВда ёритилган ёки ҳукумат расмий сайтида маълумотлар берилган бўларди. Қолаверса, келтирилаётган рақамларнинг ўзи лойиҳага нисбатан шубҳа уйғотади.
Компания Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтгани ҳамда жойларда ҳудудий офислари борлигини кўрсатиш учун “Tagob OMD” хусусий корхонасининг гувоҳномаси тарқатиб келинган.
Мазкур оилавий корхона 2025 йил 14 феврал куни Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида давлат рўйхатидан ўтказилган. Нашриётчилик фаолиятининг бошқа турлари билан шуғулланиши мумкин бўлган оилавий корхонанинг таъсисчиси ва раҳбари Шалола Қўлдошева ҳисобланади.
Эски услубга “янги тўн”
OMD’нинг ишлаш услуби бошқа молиявий пирамидаларники билан деярли бир хил. Фақат “қармоққа илинганлар”ни ушлаб туриш методи бошқачароқ: худди эски услубга “янги тўн” кийдирилгани каби.
Масалан, “Parker” powerbank ижараси, Whats, Aif ва HNK каби молиявий пирамидалар видео томоша қилиш орқали пул ишлаш таклифи билан танилган. OMD ҳам улар каби оддий схемага асосланган платформага эга.
Платформада “китоб ўқиш орқали” пул ишлаш таклиф этилади. Бунинг учун эса маълум бир даражалар ишлаб чиқилган. Бунда даража юқорилаган сайин унга “тикиладиган” пул миқдори ва топшириқлар сони ошиб боради. Масалан, i2 даражада 750 минг сўм пул тикиб, 25 та топшириқни бажариш орқали кунлик 62 500 сўм, йиллик эса 22 млн 500 минг сўм “иш ҳақи” топиш мумкинлиги айтилган. i8 даражада эса 99 млн сўм пул тикиб, 220 та топшириқни бажарганлик учун йиллик 1,3 млрд сўм ваъда қилинган.
Шунингдек, “иш берувчи” ниқобидаги фирибгарлар айримларни “лавозимга тайинлаб” ҳам келишган. Бу алданганлар орасида ишончни мустаҳкамлашга ва лавозимга тайинланганлар орқали молиявий пирамидани фаолроқ тарғиб этиш ҳамда кўпроқ маблағ жалб этишга хизмат қилган.
P2P орқали “осон ўмариш”
OMD платформасининг яна бир фарқли томони лойиҳага тикилаётган пулларни очиқчасига P2P орқали бошқа шахслар номидаги банк карталарига тушириб олишган.
Схема жуда оддий: платформада телефон рақамни кўрсатган ҳолда рўйхатдан ўтилади. Сўнгра бирор даража танланади. Унга пул тикиш жараёнида эса маблағ ўтказиш учун турли банк карталари бириктирилган.
Банк карталари турли одамларнинг номида.
Ушбу шахслар номидаги банк карталари фирибгарлар қўлига қандай тушиб қолгани ҳам қизиқ. Бу борада турли тахминларни илгари суриш мумкин. Масалан, ушбу ишларга алоқадор банк ходими кредит олган, SIM карта сотиш жойларидан сиздирилган шахсий маълумотларга банк картаси очган бўлиши мумкин. Ёки фаол ҳолатда бўлган, бироқ ишлатилмайдиган банк карталари эгасидан сотиб олингани бўлиш эҳтимоли ҳам бор.
“Кредит олиб пул тиккандим”
OMD платформасига пул тикиб алданганлар орасида турли соҳа вакиллари бор. Масалан, ўқитувчилар.
“Бу нарсага алданганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Ижтимоий тармоқларда рекламаларига кўзим тушганди. Ўзим ҳам ишлаб, ҳам ўқийман. Ўқишим тўлов-контракт асосида. Балки рост бўлса, контракт пулимга қўшимча бўлар деган ўйда кредит олиб, пул тиккандим.
Топшириқларни бажариб бордим. Биринчи ҳафтада пул ечиш куни қандайдир байрамга тўғри келди. Шуни баҳона қилишди. Кейинги ҳафтасида солиқ текшируви бўлаётганини айтишди ва яна пул ечиб бўлмади. Учинчи ҳафта бошқа нарсани баҳона қилишди. Шунда бу ёлғонлигини сезиб қолдим. Тиккан пулларимни ҳам қайтара олмадим”, дейди Kun.uz’га мурожаат қилган ва исми сир қолишини истаган ўқитувчи.
Kun.uz ушбу молиявий пирамидага алданган ўнлаб фуқаролар билан суҳбатлашиб кўрди. Улар орасида 40-50 млн сўм маблағини фирибгарлар қўлига тутқазганлар ҳам бор. Демак, бу сафар ҳам одамларга етказилган зарар бир неча миллиардларни ташкил қилиши мумкин.
“Кўпроқ одам – кўпроқ пул”
Молиявий пирамидаларда парда ортида турганлар имкон қадар қисқа вақтда кўпроқ одамни ёлғон тўрига тортишга уринишади. Бунинг учун тарғиботнинг турли кўринишларидан фаол фойдаланилади.
Ижтимоий тармоқлардаги рекламалардан ташқари хизмат жамоаларига бориб, турли тадбирлар ўтказиш кўринишида одамлар жалб этилади. Масалан, HNK номи остида ишлаган фирибгарлар таълим муассасалари, хусусан, мактаблар ва боғчаларга қадар кириб борганди.
OMD ҳам ана шу услубдан фойдаланган: турли меҳнат жамоаларига борилиб, тарғибот ишлари амалга оширилган. Буни сайтга юкланган фотолардан ҳам билиш мумкин.
Бироқ меҳнат жамоаларидаги бу каби тарғиботлар тегишли масъуллар эътиборини тортмаган.
Одамлар алданишда давом этмоқда
2024 йилнинг бошида “Parker” номли молиявий пирамида авж олди. Kun.uz лойиҳа авж олган палладаёқ бу молиявий пирамида экани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Аммо вилоятларда ҳам филиаллари очилганини, ҳатто шу йўналишда МЧЖлар давлат рўйхатидан ўтказилганини кўрган одамлар топганини шу лойиҳага – powerbank ижарасига тикди. Охир-оқибат эса кўплаб инсонлар алданиб қолди.
Шундан сўнг интернетда “Sun Eco” номли яна бир шубҳали лойиҳа пайдо бўлди. Унда одамлар қуёш панелларига пул тикишга чақирилди.
Одамларнинг пулини ўмаришга қаратилган “Blue culture”, “Дари получай”, “Charoit”, “Ubuntu”, “Imalliance” ва “New Millenium” каби молиявий пирамидалар, шунингдек, “пулингизни бир соатда 10 бараварга кўпайтириб беришни” ваъда қилганлар ҳақида ҳам ёзилди.
Kun.uz аввалроқ икки платформа – Aif ва Whats молиявий пирамида эканини айтиб, одамларни уларга пул тикмасликка ва алданиб қолмасликка чақирганди. Бироқ бунга қулоқ солмаган содда халқ яна алданди.
Югураётган фирибгарлар юриб қувилмоқда
Бу сафар ҳам “поезд кетиб улгурди”: кўплаб одамлар OMD’га чув тушиб, пулидан айрилди. Энди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар “агар жабрланувчилардан мурожаат тушса” ҳолат юзасидан жиноят иши очади.
Ўзбекистонда сўнгги 1-2 йилда кўплаб молиявий пирамидалар минглаб одамларни чув туширди. Уларнинг барчасида пул ўмариб бўлингач жиноят иши очилган. Масалан, Aif’га алданган хоразмликлар вилоят Ички ишлар бошқармасини ўраб олиб, мурожаат қилгачгина платформага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тегишли назорат органлари минглаб одам фирибгарлар тўрига илиниб, бор-будларидан айрилгунича кузатувчи мақомида туриши ҳамон тушунарсиз қолмоқда. Бундай вазиятда жиноятнинг кетидан қувиш эмас, олдини олиш муҳимроқ эмасми?
Kun.uz яна бир бор юртдошларимизни турли шубҳали дастурларга ишонмасликка ва пулларини сарфламасликка чақириб қолади.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид

20:15 / 05.05.2025
Картадан пул ўғрилаш ва интернетдаги “пирамида”ларга қарши кураш кучайтирилади

14:13 / 25.03.2025
Фирибгарлар тузоғига энг кўп тушадиган одамлар тоифаси маълум қилинди

10:51 / 11.02.2025
150 минг кишини чув туширган банк – Россиядаги шов-шувли молиявий пирамида тарихи

21:52 / 10.02.2025