АҚШ 200 минг украиналикни депортация қилиши мумкин
Гап вақтинча ҳимоя мақомига эга шахслар ҳақида кетмоқда. Улар ўз ватанига хавфсиз қайтиб бора олмаган тақдирда АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эга.

Фото: AP
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти 700 минг нафар мигрантни, жумладан, Россия билан урушдан қочган 200 минг нафар украиналикни «ихтиёрий депортация» қилиш режасини ишлаб чиққан. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.
Гап вақтинча ҳимоя мақомига (TPS) эга шахслар ҳақида кетмоқда. Улар ўз ватанига хавфсиз қайтиб бора олмаган тақдирда АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқига эга.
Украиналиклардан ташқари, депортация режасида ҳаитиликлар, афғонлар, фаластинликлар, ливияликлар, суданликлар, сурияликлар ва яманликлар ҳам тилга олинган. Уларни депортация қилишга 250 миллион доллар сарфланади. Оқ уй бу маблағни Қочқинлар ва мигрантларга фавқулодда ёрдам фондидан олишни режалаштирмоқда.
Давлат департаментининг собиқ юқори мартабали амалдорлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур режани танқид қилган, уни инсонийликка зид ва Америка қадриятларига мос келмайди, деб баҳолаган. Уларнинг таъкидлашича, бу ёрдамга муҳтож одамларни ҳаёти хавф остида бўлган жойга қайтишга мажбур қилади. Шунингдек, нашр суҳбатдошлари халқаро ёрдам дастурлари доирасида ажратилган маблағларни депортацияга сарфлаш қонунийлигига шубҳа билдиришган.
Ушбу ҳужжатлар АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) 5 май куни ватанига ихтиёрий қайтишга рози бўлган мигрантларга 1000 доллардан тўлаш режасини эълон қилишидан олдин тайёрланган. DHS вакили Триша Маклафлин бу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган, бироқ уларнинг «эскирганини» ҳам қайд этган. Унга кўра, Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм ҳозирча украиналик ва ҳаитиликлар учун TPS мақомини бекор қилиш бўйича «якуний қарорни» қабул қилмаган.
Маклафлиннинг айтишича, ҳозирда Ички хавфсизлик вазирлиги ва Давлат департаменти АҚШда қолиш ҳуқуқини йўқотган мигрантлар билан шуғулланмоқда. Маълумотларга кўра, депортация қилинадиган илк гуруҳга афғонлар киритилиши мумкин.
TPS мақоми украиналикларга илк бор 2022 йилда, Россия уруши бошланганидан кейин, президент Жо Байден томонидан берилган эди. Трамп Оқ уйдаги иккинчи муддати бошланганидан сўнг Ички хавфсизлик вазирлигига инсонпарварлик асосидаги бошпана дастурларини тўхтатишни буюрганди. 2025 йил 19 феврал куни CBS News АҚШ ҳукумати украиналиклар ва Лотин Америкасидан келган, илгари киришга рухсат берилган фуқароларнинг иммиграцион аризаларини кўриб чиқишни тўхтатганини хабар берди.
Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти мамлакат фуқароларига Украинага сафар қилишни тавсия этмайди, бу эса у ерда катта хавф мавжудлигини тан олганини билдиради. Халқаро ҳуқуқ эса бундай ҳолатда қочқинлар ҳаёти ёки эркинлиги хавф остида бўлган юртларига қайтаришни ман этади.
Мавзуга оид

22:47 / 20.05.2025
Россия фуқаролигини олган 20 минг чет эллик Украинага қарши урушда қатнашмоқда — Бастрикин

22:39 / 20.05.2025
АҚШ янги атом бомбаси яратилганини эълон қилди

20:43 / 20.05.2025
Зеленскийнинг Трампни оғдиришга уриниши муваффақиятсизликка учради – ОАВ

17:07 / 20.05.2025