Жамият | 17:23 / 20.05.2025
6296
5 дақиқада ўқилади

Нима қилса музқаймоқ болаларнинг томоғини оғритмайди? – педиатр маслаҳати

Ёз ойлари келиши биланоқ болалар совуқ егуликлар, айниқса, музқаймоқ ейишни хоҳлаб қолади. Бу эса аксарият ота-оналарда “совуқ еса, эртага томоғи оғриб қолмайдими?”, “музқаймоқдан кейин бурни оқиши, йўталиши мумкин” деган хавотирларни келтириб чиқаради. Мутахассис фикрига кўра, бундай қўрқувлар ҳар доим ҳам асосли эмас. Меъёр ва эҳтиёткорлик билан истеъмол қилинса, музқаймоқ болалар учун фойдали бўлади. Бу ҳақида педиатр, лор-хирург Жавлонбек Ҳамдамов Kun.uz мухбирига гапириб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Аввало, бир ёшга тўлмаган чақалоқларга музқаймоқ едириш тавсия этилмайди. Чунки бу даврда болаларнинг овқат ҳазм қилиш тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади, шунингдек, совуқ маҳсулотлар уларнинг томоқ соҳасига салбий таъсир кўрсатиши, ҳатто шамоллаш, ангина каби касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Бир ёшдан болага музқаймоқ бериш мумкин, лекин жуда эҳтиёткорлик билан ва кичик миқдорда. Ушбу маҳсулот таркибида оқсил, калций каби турли витаминлар бор. Мисол учун, 100 грамм сутли музқаймоқда тахминан 3,5 г оқсил ва 120 мг калций мавжуд. Мазкур моддалар боланинг суяклари мустаҳкам бўлиши, асаб тизими тўғри ривожланиши ва иммунитети кучли бўлишига ёрдам беради”, – дейди Жавлонбек Ҳамдамов.

Шифокорнинг айтишича, деярли барча саноат маҳсулотлари таркибига ортиқча шакар, сунъий қўшимчалар ва транс-ёғлар қўшилади. Шу сабаб музқаймоқни соғлом овқат деб бўлмайди. Мазкур омилларни ҳисобга олиб, яхна егуликни бола рационига киритишда доимий равишда эмас, балки вақти-вақти билан, яъни ҳафтасига бир-икки марта завқ учун бериш тавсия этилади. Бола учун суткалик норма 50-60 граммни ташкил қилади. Энг муҳими, уни оч қоринга эмас, овқатдан кейин, иссиқ об-ҳаво пайтида ва бироз эритилган ҳолда бериш керак. Муздек ҳолатда бирданига катта ҳажмда истеъмол қилиш эса томоқ оғриғига сабаб бўлиши мумкин.

Музқаймоқ боланинг кайфиятини кўтаради, ҳиссий ҳолатини яхшилайди. Ёшига қараб белгиланган норма билан оз-оздан берилса, ҳеч қандай зарар етказмайди, Кўпчилик ота-оналар болага музқаймоқни эритиб, сув ҳолида беришни афзал кўради. Аммо бу ҳолатда музқаймоқ ўз фойдали хусусиятларини йўқотади. Энг тўғри ёндашув уни хона ҳароратига мослаштириб, меъёрида беришдир. Агар бола меъёрдан ортиқ, муз ҳолида катта-катта тишлаб еса, тиш ёки бош оғриғи юзага келиши мумкин”, – дейди педиатр.

Лор-хирург Жавлонбекнинг огоҳлантиришича, совуқ маҳсулотларни нотўғри истеъмол қилиш натижасида болаларда ларингит – овоз бойламларининг яллиғланиши ҳолатлари тез-тез учрайди. Бу эса нафақат овоз бўғилиши, томоқ шиши, балки нафас олиш тизимида ҳам турли яллиғланишларни юзага келтиради.

Томоқда қолган музқаймоқ ингредиентлари, шира яллиғланишни келтириб чиқаради. Шу боис музқаймоқ истеъмолидан кейин илиқ сув ёки чой ичиш тавсия этилади, бу томоқни ювишга ёрдам беради”, – дейди у.

Музқаймоқлар орасида имкон қадар мевали турларини танлаган маъқул. Сабаби, сут маҳсулотларидан тайёрланган музқаймоқлар баъзида болаларда ҳазм бўлмаслик, ич кетиши каби муаммоларни келтириб чиқаради. Мевали музқаймоқлар эса енгил ҳазм бўлади.

Шунингдек, болалар учун қуйма музқаймоқлар фойдалироқ. Негаки унинг таркибига сунъий ингредиентлар, яроқлиликни сақлаб турувчи моддалар қадоқланган музқаймоқларга қараганда нисбатан камроқ қўшилган бўлади.

Болаларнинг музқаймоқни мунтазам ва кўп миқдорда истеъмол қилиши уларда шакарга қарамликни ҳам ҳосил қилади. Шакарли маҳсулотлар ҳаддан зиёд кўп ейилса, болаларда иштаҳа пасаяди, ичак микрофлораси бузилади ва иммунитет заифлашади. Натижада бола тез-тез касал бўла бошлайди, аденоидлар катталашиб, сурункали лор касалликлари кучаяди”, – дейди шифокор.

Шифокор тавсиясига кўра, музқаймоқларни ишончли ва таниқли брендлардан, яроқлилик муддатига қараб олиш лозим. Арзон ва таниқсиз номдаги музқаймоқлар эса кўпинча сифат жиҳатдан талабга жавоб бермайди. Бундай маҳсулотлар таркибида сунъий қўшимчалар, ранг берувчилар, сифатсиз ёғлар, ҳатто зарарли канцероген моддалар бўлиши мумкин.

Шунингдек, ноаниқ ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилинмаган ҳолатда тайёрланган бўлиши эҳтимоли юқори. Бундай музқаймоқларни истеъмол қилган болаларда ошқозон-ичак бузилишлари, заҳарланиш аломатлари (кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши), тери тошмалари ва аллергик реакциялар юзага келиси хавфи пайдо бўлади. Шу боис, ота-оналарга музқаймоқ танлашда ҳам масъулият билан ёндашиб, фақат ишончли, сифатли маҳсулотларни харид қилишлари тавсия этилади.

Диёрахон Набижонова тайёрлади.

Мавзуга оид