Жамият | 17:17 / 22.05.2025
3728
6 дақиқада ўқилади

3 ёшли жиянини 3 та тилда гапиртирган йигит: мия сирларини ўрганаётган Жамшидбек ҳикояси

Наманганлик Жамшидбек Иззатуллаев ҳозир 19 ёшда. 2025 йил бошида у АҚШнинг Вандербилт университетидан тўлиқ грант ютди. Мазкур ОТМ энди унинг 4 йиллик ўқиш харажатларини қоплаш учун 372 минг доллар маблағ ажратади. Kun.uz мухбири билан суҳбатда Жамшидбек университетни тўғри танлаш, ҳужжат топшириш жараёнлари ҳамда инсон мияси ишлашини эрта ёшдан ўрганиш орқали қандай натижаларга эришиш мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жамшидбек Иззатуллаев Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги 58-ихтисослаштирилган мактабда таълим олган. 9-синфни тамомлаб, ўқишини пойтахтга кўчирган. Вилоятдаги ўқув муассасасида ундан бошқа ҳеч кимда 7,5 балли IELTS сертификати йўқлиги сабаб у ўзини атрофдагилардан билимдонроқ деб ҳисоблаган. Тошкентга келиб юқори салоҳиятли тенгдошларини кўрганидан кейин тил ўрганиш билан бирга базавий фанлар бўйича қўшимча билимларни ҳам ўзлаштирмаганидан афсусланган. Рақобатбардош муҳит ўсмирга ўзининг комфорт зонасидан чиқиб, янада кўпроқ изланиш учун туртки бўлган.

Пойтахтдаги мактабнинг менга берган энг катта фойдаси фақатгина сифатли дарслик ва малакали ўқитувчилар билан таъминлагани эмас, балки энг билимли ёшларни бир жойга тўплаганида бўлди. Ушбу таълим даргоҳида IELTS’дан 8-8,5 балл олганлар, 3-4 тадан тилни биладиганлар, физика, биология каби фанлардан халқаро олимпиадалар ғолиби бўлганлар бор экан. Уларнинг натижалари олдида менинг кўрсаткичларим жуда кичикдек туюла бошлади, айни шу сабаб катта, янги мақсадлар қўйдим ва ўз устимда кучлироқ ишлайдим”, – дейди у.

2023 йилда мактабни тамомлаган Жамшидбек 2 йил давомида топ олийгоҳга ўқишга кириш учун тайёрланади. Бу жараёнда унга энг қийин кечган босқич SAT’дан юқори балл олиш бўлган. У имтиҳонни 8 марта қайта топшириб, энг юқори балларнинг жамланиши (superscore) ҳисобида 1520 балл тўплайди.

SAT кўрсаткичларимни яхшилагунча 3 йилга яқин вақтим кетди. Биринчи марта имтиҳондан 1370 балл олган бўлсам, саккинчисидан кейин умумий баллим 1520 га кўтарилди. Юқори натижа кўрсата олмаганлигимнинг асосий сабаби кўп китоб ўқимаганлигимда. SAT – оддийгина билим тести эмас, у сизнинг таҳлилий фикрлаш қобилиятингизни синайди. Айнан Reading бўлимидаги саволларга жавоб топиш учун луғат бойлиги билан бир қаторда контекстни англаш, муҳим фикрларни ажратиш, муаллиф позициясини тушуниш талаб этилади. Бундай малака эса фақат кўп ўқиш орқали шаклланади”, – дейди Жамшидбек Иззатуллаев.

Жамшидбек умумий ўрта таьлимни битирган дастлабки йилида АҚШнинг Темпл университетига қабул қилинган. Мазкур олийгоҳга кириш осон бўлиб, ҳужжат топшириш жараёнида иншолар ва SAT сертификати талаб қилинмаган. Шу сабаб университетдаги таълим сифати қониқарли бўлмаслигини тахмин қилиб, у ерда ўқишини давом эттирмаган. Кейинги йил ҳам қатор нуфузли олийгоҳларга ҳужжат топшириб, 15 та университетдан рад жавобини олган. Яна бир йил ўз устида қаттиқ ишлаб, юқори рейтингли университетга киришни мақсад қилган. Бу орада Жамшидбек дастурчилик курсларини тамомлаган, аммо иш топа олмаган.

Дастурчилик бўйича ҳеч қайси компания ишга олмаганидан сўнг мазкур йўналишда тажрибамни орттириш учун мустақил лойиҳалар қилдим. Бироқ улар ҳам муваффақиятсиз якунланди. Бунинг асосий сабаби тажрибасизлик қилиб, устозларимдан етарлича ёрдам ва маслаҳат олмаганимда бўлди деб ўйлайман. Натижа юқори бўлмагани учун дастурчиликка қизиқишим аста-секин сўна бошлади.

Ўша вақтларда “Health” (Соғлик) номли 600 бетлик китобни ўқидим ва шу орқали мия илми ҳамда эрта ёшдаги таълимни ўрганишга қизиқишим ортди. Ўзбекча манбалардан мия илми ҳақида факт ва маълумотларни топа олмадим. Мазкур терминнинг ўзи ҳам сўзлашувда деярли қўлланмайди. Университетларда неврология бўлими ва фанлари бор, аммо бу фан ҳамда мия илми умуман бошқа-бошқа нарсалар. Ўзбекистонда ушбу соҳа кенг ўрганилмаган. Уни тадқиқ этиш орқали эрта ёшдан бошлаб болаларга тасаввур қилганимиздан кўпроқ нарсани ўргатишимиз мумкин экан. Соҳадаги истиқболларни кўра олганим учун мия илми кучли ўқитиладиган Вандербилт университетига ҳужжат топширдим ва 2025 йил бошида олийгоҳдан 372 минг долларлик тўлиқ грантни ютдим”, – дейди у.

Жамшидбекнинг таъкидлашича, Вандербилт университети нейропсихология, болалар онги ва эрта ёшдаги таълимни чуқур ўрганишга ихтисослашган. У ерда мия фаолиятини таҳлил қилиш, миянинг когнитив (билиш), эмоционал ва хулқ-атворга таъсири бўйича чуқур тадқиқотлар олиб борилади.

Интервю мобайнида Жамшидбек 3 ёшли жиянига қандай қилиб 3 та тилда гаплашишни ўргатгани, ўзи асос солган тадқиқотчилар жамияти, мия илми бўйича ўзбек тилига таржима қилаётган контентлари ҳақида гапириб берди.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор: Абдуллоҳ Ҳасанов
Монтаж устаси: Низомжон Тошпўлатов

Мавзуга оид