Жаҳон | 20:05 / 22.05.2025
2807
2 дақиқада ўқилади

КХДРда янги эсминецни сувга тушириш вақтида «жиддий авария» юз берди

Тантанали маросимда мамлакат етакчиси Ким Чен Ин ҳам иштирок этган. У содир бўлган воқеани «йўл қўйиб бўлмайдиган ҳодиса» деб атаган.

Фото: KCNA

КХДР сув сиғими 5 минг тоннага етадиган янги эсминецни сувга тушираётганида авария содир бўлди, натижада кемага шикаст етди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, кемани сувга тушириш маросими 21 май куни Чхончжин кемасозлик корхонасида бўлиб ўтган ва унда КХДР етакчиси Ким Чен Ин иштирок этган. Хабарда айтилишича, корхона ишчиларининг эҳтиётсизлиги оқибатида «жиддий авария» содир бўлган, натижада кеманинг туб қисми бир нечта жойи шикастланган ва эсминец мувозанати бузилган.

Маълумотларга кўра, Ким Чен Ин содир бўлган воқеани «йўл қўйиб бўлмайдиган ҳодиса» деб атаган. У эсминецни қайта тиклашни «давлат ҳокимияти билан бевосита боғлиқ сиёсий масала» дея таърифлаган.

Хабарда авария оқибатида жабрланганлар ёки ҳалок бўлганларга оид маълумотлар келтирилмаган.

Reutersʼнинг ёзишича, КХДР томонидан аварияга оид хабарларнинг ошкор этилиши — камдан кам учрайдиган ҳолат. «Шимолий Кореяда бундан аввал ҳам сунъий йўлдошнинг муваффақиятсиз учирилиши ва турар жой биносининг қулаб тушиши каби ҳодисалар содир бўлган. Кейинчалик бу воқеалар мамлакат раҳбариятининг муаммоларни ҳал этишдаги ролини тарғиб қилиш учун ишлатилган», — деб ёзади агентлик.

Жанубий Корея Штаб бошлиқлари бирлашган қўмондонлигига кўра, айни вақтда кема «ёнбошлаб ётибди».

Апрел охирларида КХДРда янги кўп мақсадли «Чвэ Рен» эсминецини сувга тушириш маросими бўлиб ўтганди. Сув сиғими 5 минг тоннага етадиган кема «энг кучли қуролланишга» эга экани айтилган. Reutersʼнинг ёзишича, янги иккита эсминец — мамлакатнинг ўнлаб ракеталарини учиришга қодир энг йирик ҳарбий кемалари ҳисобланади.

Мавзуга оид