Москва чет элликларни урушга қандай жалб қилмоқда? Фуқаролигини йўқотган мисрлик ёлланма аскар ҳикояси
Муҳаммад Радван Сенусий Россия армияси таркибида Украинага қарши урушда қатнашгани учун Миср ҳукумати уни фуқароликдан маҳрум қилган.

Facebook/Mohamed Radwan Sanosy
22 ёшли мисрлик Муҳаммад Радван Сенусийнинг оиласи унинг Россиядан жангчи эмас, шифокор бўлиб қайтишини орзу қилган. Ўғлининг Украина билан урушиш учун Россия армиясига кетиши унинг қариндошларини карахт ҳолатига туширди.
«Бу ҳақда расман маълум қилишганда, мен бу хабардан барча каби шокка тушдим. Энди нима қилиш кераклиги ва ўғлим билан қандай қилиб бундай бўлиши мумкинлигини ақлимга сиғдиролмайман. Нега айнан у билан?» – дейди Муҳаммаднинг онаси BBC Украина хизматига.
22 ёшли Муҳаммад мамлакат жанубига яқин бўлган Луксор вилоятининг Ал-Марис қишлоғида туғилган.
Жорий йилнинг апрел ойида Миср ҳукумати Муҳаммад Радван Сенусий «хорижий давлатда ҳарбий хизматга киргани учун» Миср фуқаролигидан маҳрум этилганини эълон қилди.

Тиббиётчи талабадан ёлланма жангчиликка
Муҳаммад Россияга 2021 йилда тиббиётни ўрганиш учун келганди. Қариндошлари у билан жуда фахрланар ҳамда унинг келажаги порлоқ эканига чин дилдан ишонишарди.
Бугун улар у қандай қилиб ва нима учун урушга боргани ҳамда Украина асирлигига тушиб қолганини тушунишмаяпти.

Муҳаммаднинг отаси фейсбукдаги саҳифасида ўғли «россияликлар қурбони бўлгани», чунки Россия ҳукумати уни гўёки гиёҳванд моддаларни сақлаш бўйича ёлғон айблов билан ҳибсга олгани, кейин эса армияга ёллаганини ёзган.
Ота ўғлига ёрдам бериш учун турли давлат идоралари остонасини бир неча бор ҳатлаб ўтгани, аммо барча уринишлари муваффақиятсиз бўлганини айтади.
Якунда Россия суди мисрлик талабани етти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқаради. Шундан буён оила у ҳақида ҳеч қандай маълумот олмайди.

Муҳаммаднинг онаси Сафа BBC билан суҳбатда ўғли билан сўнгги бор 2025 йил февралида гаплашганини айтади. Ундан олдин эса мобил телефонига нотаниш рақамдан ғалати хабар келади – унда бир неча дақиқадан кейин ўғли видеоалоқа орқали боғланиши айтилганди.
У қўнғироққа жавоб берганида ўғли Украинада асирга тушгани ва ўзи ҳозир таржимон вазифасини бажаришини айтган бошқа бир мисрликнинг овозини эшитади.
Ушбу эркак ўғли билан гаплашиш имкониятига эга бўлиш учун у ушбу мулоқот эълон қилинишига олдиндан розилик билдириши зарурлигини айтади.
Сафа нима қилишни билмаган ва бундай розилик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ва бу ўғлига қанчалик зарар етказиши мумкинлиги ҳақида ўйлаган. Лекин унда ўғли билан гаплашишнинг бошқа йўли йўқ эди ва шунинг учун интервю эълон қилинишига розилик беришига тўғри келади.
Бу мулоқот давомида аёл ўғли Россия армияси сафига кирганидан хабар топади.
«Ўғлим менга айтган гаплардан ҳайратда қолдим. Унинг овозидан жуда қўрқиб кетганини билиб турардим. У Мисрга қайтишни хоҳлаётганини айтди, лекин буни қандай қилишни билмайди», – дейди Сафа.
Муҳаммадга Украинанинг айнан қаерида ушлаб турилганини айтишга рухсат берилмаган ва оиласидан у билан ҳаммаси жойида эканига ишонтириш сўралган.
Видеомулоқот чоғида Муҳаммад онасига шундай дейди: «Худога шукр, онажон, мен тирикман. Мен энди ҳарбий асирман ва менга Россия фуқаролигини беришди. Илтимос, менинг ҳақимга дуо қилинг, токи уруш тугасин ва мени алмаштиришсин».
Муҳаммаднинг Россия армиясига қандай киргани унинг оиласига маълум эмас. Аммо уларнинг фикрича, Россияда унга қамоқ жазоси ўрнига армияга боришга кўндириш учун босим ўтказилган бўлиши мумкин.
Суҳбат видеоси Украина бош разведка бошқармаси ҳарбий асирлар бўйича мувофиқлаштирувчи штабининг «Хочу жить» лойиҳаси билан ҳамкорлик қилаётган Дмитро Карпенконинг YouTube-каналида эълон қилинди. Бу лойиҳа Россия ҳарбийларини асирга тушишга чақиради.
Видео тавсифида Муҳаммад Россияда ўқигани айтилган. У ўқишга пул тўлаш учун телеграм-каналлари орқали осон қўшимча иш қидиради. Уни алдашган, суд қилишган ва қамоққа тиқишган. «Қамоқхонада яна қўлга туширишган ва шартнома беришган», – дейилади ўша матнда.
BBC жамоаси Россия ташқи ишлар вазирлиги билан боғланиб, Муҳаммаднинг аҳволи, қаердалиги ва тақдири ҳақида маълумот олишга уринган, бироқ ўз сўровларига жавоб ололмаган.
Украина махсус хизматларидаги манбалар эса BBC’га 2025 йил май ойидаги ҳолатга кўра Муҳаммад Радван Сенусий Украина ғарбидаги ҳарбий асирлар учун лагерда сақланаётганини хабар қилган.

Facebook/Apostole Dmytro Karpenko
Россия армиясидаги хорижликлар
Халқаро муносабатлар бўйича эксперт Аҳмад Султоннинг сўзларига кўра, Россия армияси сафига тобора кўпроқ хорижлик ёлланма аскарлар қўшилмоқда. Фронтдаги катта йўқотишлар туфайли армияни тезда тўлдириш зарурати мавжуд.
Эксперт Россия фронтга қисқа муддатли жанговар командировкаларда қатнашиш эвазига молиявий имтиёзлар, яшаш учун рухсатномалар ва ҳатто фуқароликни назарда тутувчи шартномаларни таклиф қилаётганини қўшимча қилади. Бироқ, янги аскарлар одатда урушдаги ҳақиқий вазиятни тушунмайди. Шу сабабли улар ҳалок бўлиш, жароҳатланиш ёки асирга тушиш хавфи қаршисида янада заифроқдир.
Султоннинг сўзларига кўра, Россия университетлари мисрлик талабаларни, айниқса, тиббиёт ва илмий мутахассисликларга кириш осонлиги билан ўзига жалб қилмоқда. Шунингдек, Европа ва Америка университетларига нисбатан таълим нархи пастлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, мутахассис баъзилар у ерда ишга жойлашиш учун энг яхши имкониятларни топишга интилаётганини таъкидлайди.
Украина билан уруш бошланганидан кейин Россияда яшаш нархи ошди, шу сабабли кўплаб талабалар бу ерда бўлиш учун пул тўлай олмай қолди. Бундан ташқари, бошқа мамлакатлардан Россияга пул ўтказмалари мураккаблашди ёки тўхтади.
Россия армиясига ёллашда можаро ҳудудларидан келган ёки тез пул топишга муҳтож бўлган, ўз ҳисобларини тўлай олмайдиганларга устунлик берилади. Эксперт бундай шартномани имзолаган ҳар бир киши катта таваккалчиликка қўл уришини қўшимча қилади. Хусусан, ўз мамлакатига қайтганидан кейин ҳуқуқий муаммоларга дуч келиши мумкинлиги сабабли ҳам.
Фуқароликни йўқотиш оқибатлари
Муҳаммаднинг отаси фейсбукдаги саҳифасида мисрлик мулозимларга мурожаат қилиб, фарзандига ёрдам бериш ва уни Мисрга қайтаришни сўраган.

Муҳаммаднинг оиласи шу йил февралидаги қўнғироқдан кейин у билан бошқа боғлана олмаган. Аммо BBC’нинг Украина махсус хизматларидаги манбаси Муҳаммад Женева конвенцияларида кўзга тутилган барча ҳуқуқ ва ҳимоядан фойдаланишини тасдиқлаган. Бу, агар хоҳласа, оиласи билан ёзишмалар олиб бориш ҳуқуқини ҳам ўз ичига олади.
Миср давлати ушбу мамлакат фуқаролиги тўғрисидаги қонунда белгиланган ҳолатларда ҳар қандай шахсни фуқароликдан маҳрум этиш ҳуқуқига эга. Миср иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар маркази ходими Самиҳ Самир BBC’га бу масалани шарҳлаган.
Мазкур қонуннинг 16-моддаси мудофаа вазирлигининг алоҳида рухсатисиз бошқа давлатда ҳарбий хизматга киришни тақиқлайди.
Агар киши фуқароликни йўқотадиган бўлса, унинг фуқаро сифатида Миср давлати олдида ҳеч қандай мажбурияти ва ҳеч қандай ҳуқуқи ҳам бўлмайди.
Адвокат Самиҳ Самирнинг қўшимча қилишича, ушбу қарор устидан Давлат кенгаши ҳузуридаги Маъмурий судга шикоят қилиш ёки апелляция шикояти беришда ушбу шахс номидан вакил тайинлаш мумкин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича араб ахборот тармоғи асосчиси ва директори Жамол Эйднинг айтишича, Вазирлар кенгаши ва Ички ишлар вазирлигининг қарорлари катта юридик кучга эга ва камдан кам ҳолларда бекор қилинади.
Муҳаммаднинг онаси BBC билан суҳбатда петиция ёки шикоят ёзиш ҳақида ўйлагани, аммо унга ким ёрдам бера олишини билмаслигини айтди.
Украина расмийларига кўра, Муҳаммад Сенусий ҳарбий асир сифатида рўйхатдан ўтган пайтда қўш фуқароликка – Миср ва Россия фуқаролигига эга бўлган.
Мисрлик адвокат Жамол Эйд фуқароликдан маҳрум қилиш асослари тўғрисидаги модда кенг талқин қилиниши мумкинлигини ҳам тушунтирди. Унда «Мисрнинг олий манфаатларига таҳдид», «Мисрнинг ҳарбий, дипломатик ёки иқтисодий мавқейига зарар етказиш ёки бошқа ҳар қандай миллий манфаатларга зарар етказиш» каби асослар кўрсатилган.
Муҳаммаднинг оиласи ҳали ҳам вазиятга аралашиш ва уни асирликдан қайтаришга ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аммо, адвокат Жамол Эйднинг сўзларига кўра, бу «қонуний ҳуқуқ эмас, балки гуманитар сўров» бўлади, яъни буни Мисрда қариндошлари бўлган чет эл давлати фуқароси иши сифатида кўриб чиқарилади. Ва бу ҳолатда у Россия фуқароси саналади.
Украина хорижликлар ёки икки фуқароликка эга шахсларни Россия фуқаролари қаторида украиналик ҳарбий асирларга алмашишдан манфаатдор.
Аҳмад Султон асирларни алмашиш бўйича олдинги музокараларда Россия томони асосий эътиборни ёлланма жангчиларга эмас, балки россияликларга қаратганини эслатади. Ҳолбуки ёлланма жангчилар ҳам армия билан шартнома туфайли фуқаролик олиши мумкин бўлган тоифа ҳисобланади. Айирбошлаш рўйхатига қўшишда асирликдан қайтарилган шахс келгусида яна жанг майдонига қайтиши кафолатланишига урғу қаратилади.
Аҳмад Султоннинг қўшимча қилишича, уруш тугагач ёки барқарор сулҳ ўрнатилгач, Муҳаммад каби ҳарбий асирлар Украинадаги маҳбуслар сақланадиган жойларда яна бир неча йил қолиши мумкин. Зеро, тинч музокаралар жараёнининг ўзи йиллаб давом этиши эҳтимоли юқори.
Тахмин қилиш мумкинки, агар Украина уларни озод қилишга қарор қилса, уларга Россияга қайтиш тақиқланиши мумкин. Уларнинг келиб чиқиш мамлакатлари ҳам бунга йўл қўймайди, чунки улар давлат даражасида ҳуқуқий муаммоларга дуч келишлари мумкин.
Мавзуга оид

21:20
Константиновка учун жанг: нега айнан шу шаҳар россияликларнинг асосий нишони бўлиши мумкин?

20:36
Россия қўшинлари буфер зона яратиш муаммосини ҳал қилмоқда – Путин

18:56
Украина икки кун ичида Россия бўйлаб 500 га яқин дрон учирди

16:20