Ўзбекистон | 16:57 / 22.05.2025
2654
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президенти илк бор Словенияга ташриф буюрди

Бугун Люблянадаги Конгресс майдонида Словенияга расмий ташриф билан келган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарини Словения президенти Наташа Пирц Мусар самимий кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул сафланди. Ҳарбий оркестр Ўзбекистон ва Словения давлат мадҳияларини ижро этди.

Икки мамлакат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзолари билан саломлашдилар.

Расмий маросимдан сўнг "Звезда" боғида уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат ҳамда тинчлик ва инсонпарварлик ғояларига садоқат рамзи сифатида Барча урушлар қурбонлари ёдгорлигига гул қўйилди.

Любляна шаҳридаги президент саройида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Словения президенти Наташа Пирц Мусарнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Словения етакчисига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги 20 йилда илк бор ўтказилаётган олий даражадаги тадбирлар икки мамлакат муносабатларида янги босқичнинг бошланиши сифатида тарихга киришини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Сиёсий мулоқот, турли даражадаги алоқалар ва ишбилармонлик учрашувлари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида  бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш 3 баробар кўпайди. Маданият ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда. Ўзбекистонда Словения фуқаролари учун визасиз режим жорий этилган.

Икки томонлама муносабатларга тизимли тус бериш учун олий ва юқори даражадаги мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Товар айирбошлашни кўпайтириш ва унинг ҳажмини, энг аввало, маҳсулотлар турини кенгайтириш ва импорт ўрнини босиш ҳисобига биринчи босқичда 500 миллион еврога етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистондан тўқимачилик, мева-сабзавотлар, минерал ўғитлар, мис маҳсулотлари ва бошқа саноат товарлари, Словениядан эса дори-дармонлар, илғор технологиялар ва ускуналар етказиб бериш шулар жумласидан.

Словениянинг "Копер" порти салоҳиятидан Европа Иттифоқи бозорига чиқиш учун логистика хаби сифатида фойдаланиш имкониятлари ўрганилади.

Словениянинг етакчи компаниялари билан Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш, шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, фармацевтика маҳсулотлари, шу жумладан асал ва шифобахш гиёҳларга асосланган дори ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, энергетика объектларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.

Меҳнат миграцияси соҳасида тизимли ҳамкорлик қилиш учун тил, касбий кўникмалар ва меҳнат стандартлари бўйича ўқитиш ва мослаштириш дастурларини ишлаб чиққан ҳолда Уюшган меҳнат миграцияси тўғрисидаги битимни тайёрлашга келишиб олинди.

Туризмни, айниқса, қишлоқ ва тоғли ҳудудларда ривожлантириш истиқболли йўналиш сифатида белгиланди. Таълим соҳасида томонлар дипломларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни имзолашга ҳамда Любляна ва Марибор университетлари билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Бундан ташқари, келгуси йилда Тошкент шаҳрида икки мамлакат олий таълим муассасалари ва илмий марказлари иштирокида Ёшларнинг инновацион лойиҳалари форуми ўтказилади.

Гуманитар алмашинувни мустаҳкамлаш мақсадида томонлар ўзаро маданият кунлари ва Любляна шаҳрида Ўзбек киноси ҳафталигини ўтказиш ташаббусини илгари сурдилар.

Белгиланган барча вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини жорий йил июль ойида Любляна шаҳрида ташкил этишга қарор қилинди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Словения Президенти Наташа Пирц Мусарга ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишни таклиф этди.

Мавзуга оид