Ўзбекистон | 15:02
1334
2 дақиқада ўқилади

Истанбулда Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштириш масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Туркиянинг Истанбул шаҳрига борди.

Фото: Дунё

Сафар давомида ўзбек диаспораси фаоллари, жумладан, маданият марказлари ва жамоат бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, мамлакат фуқароларини меҳнат фаолиятига жалб қилишдан манфаатдор бўлган турк компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Уларда "Ўзбекистон маданияти – бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти" раҳбари Чўқай Кўчар, "Ўзбекистон хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти" директори Озода Исломова, "Ўзбекистон саноатчилари ва тадбиркорлари халқаро жамияти" раҳбари Фурқат Олимжонов ва бошқалар қатнашди.

Суҳбат чоғида ҳамюртлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қонуний меҳнат фаолиятини ҳимоя қилиш ва ижтимоий мослашуви учун қулай шарт-шароитлар яратиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбек диаспорал ташкилотларини жипслаштириш, уларни маданий-маърифий лойиҳаларга жалб этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини меҳнат фаолиятига жалб қилишдан манфаатдор бўлган Туркиянинг Rixos Hotel A.Ş, Sheraton Hotel A.Ş, Kalyon A.Ş, Ziraat Tarım, Hayvancılık ve Yatırım A.Ş, Cengiz Holding, MedLoc Logistics ва Eczacıbaşı Holding компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Унда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўламини ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Бундан ташқари, сафар давомида Туркиянинг чет эл фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган етакчи юридик фирмаси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Мулоқот чоғида Туркия ҳудудида вақтинча яшаётган ва ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари кўриб чиқилди.

 

Мавзуга оид