Ўзбекистон | 14:35
7307
2 дақиқада ўқилади

Термиз шаҳрига янги ҳоким тайинланди

2022 йил сентябридан Термиз шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Ўктам Тўраев бошқа ишга ўтгани сабабли лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнини Шарофиддин Лолаев эгаллади.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Сурхондарё вилоятининг яна бир ҳудудида ҳоким ўзгарди: Лолаев Шарофиддин Усанович Термиз шаҳар ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун халқ депутатлари Термиз шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилган. Унда ташкилий масала кўрилган. Тўраев Ўктам Исмоилович бошқа ишга ўтгани муносабати билан Термиз шаҳри ҳокими лавозимидан озод қилинган. Вилоят ҳокими таклиф этган номзод – Лолаев Шарофиддин Усанович депутатлар томонидан Термиз шаҳри ҳокими этиб тасдиқланган.

Шарофиддин Лолаев 1987 йилда Қумқўрғон туманида туғилган. 2015 йилда Термиз давлат университетини бакалавр, 2021 йилда магистр даражасини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Сурхондарё вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бўлим бошлиғи, бош инспектори, биринчи ўринбосари, шунингдек, Денов тумани ва Термиз шаҳар ҳокимининг ўринбосари каби масъулиятли лавозимларда ишлаган.

Шарофиддин Лолаев тайинловга қадар Сурхондарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бошлиғи вазифасида фаолият юритган.

Ўктам Тўраев қандай ишга ўтказилгани маълум қилинмаган. У 2022 йил сентябридан Термиз шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётганди.

Аввалроқ Музработ туманига янги ҳоким тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид