Ўзбекистон | 21:17 / 24.05.2025
2033
7 дақиқада ўқилади

“Мудофаамизга яна таҳдид юзага келса, жим ўтирмаймиз” – Покистон элчиси билан суҳбат

Kun.uz Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси билан суҳбатлашди. Дипломатга кўра, Покистон Ўзбекистон билан савдо айланмасини кейинги 4 йилда 2 млрд. долларга етказмоқчи. Янги икки йўналишда авиарейслар очилиши ҳам кутилмоқда. Элчи сўнгги Ҳиндистон-Покистон можаросига муносабат билдираркан, унинг давлати ҳеч қачон урушни истамаганини айтди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳиндистон ва Покистон Паҳалгамда рўй берган фожиада бир-бирини айблаб, можаро кескинлашуви олдини ололмади. Ҳиндистон бунинг жавобгарлигини Покистонга юклаб, ўлдирилганлар оиласи адолат истаётганини айтди. Покистон томони эса Ҳиндистон иддаоларини рад этиб, халқаро тергов ўтказишга чақирди. Лекин барибир можаро ҳарбий аралашув билан кенгайди. Kun.uz Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Фаруқ билан суҳбатлашар экан, дипломат ўз давлати ҳеч қачон уруш тарафдори бўлмаганини гапирди.

“Мен буни тўлиқ масъулият билан айтган бўлардим: Покистон ҳеч қачон урушга интилмайди, бу можарога ҳам интилмаганди. Биз тинчликни хоҳлаймиз, асосий муаммомиз ва эътиборимиз – халқимиз фаровонлиги. Халқимизни қашшоқликдан олиб чиқишимиз керак, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишимиз керак. Покистон халқининг ҳаёт сифатига таъсир қиладиган кўплаб муаммоларни ҳал қилишимиз лозим. Бизнинг эътиборимиз бу эмасди. Худди шундай, биз иқтисодий тараққиёт устида ишлаяпмиз. Демак, можаро бизга ярашмайди. Ваҳоланки, агар бирор нимага мажбур бўлсак, қудратли, кучли, суверен халқнинг қадр-қиммати билан жавоб қайтарилади, биз бунга жавоб берамиз” – Аҳмад Фаруқ, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси

Можарода икки давлат ҳам дипломатия йўлини тутмади, дунё давлатлари эса тинчликни хоҳлашини баён қилган бўлса-да, парда ортидан бўлиниш юз берди. Миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда гигант давлатлар ўз томонини танлаб, унга ёрдам берди. АҚШ президенти Доналд Трамп оташкесимда ўз администрацияси роли беқиёслигини айтиб чиқди. Покистон элчисига кўра, АҚШ қатори бошқа дўст давлатлар ҳам вазият назоратдан чиқишини истамаганди.

“Вазият кескинлашгани сабаб Америка ва бошқа дўст мамлакатларнинг назоратидан чиқиб кетиш хавфи бор эди. Биласизми, Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири ҳам Покистонга, ҳам Ҳиндистонга ташриф буюрди, Ҳиндистон билан ҳам яхши муносабатда бўлган жуда қардош давлат. Бизда парда ортида воситачилик қилаётган бошқа давлатлар ҳам бор эди. Шундай қилиб, бу кучайиш ҳеч кимнинг фойдасига бўлмагани учун жуда кўп ҳаракат қилинди. Бу 1,7 миллиардга яқин аҳолини бирлаштирган икки мамлакат халқи учун қийинчилик туғдирарди. Агар  фалокатга дуч келинса, бу бутун дунёни йўқ қилиши мумкин” - Аҳмад Фаруқ, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси

Оташкесим келишувидан кейин икки давлат ҳаво ҳудудини очган, Покистонга тўхтатилган сув етказиб бериш ҳам тикланди. Лекин можаронинг баҳсли томонлари анча, ечилишини кутаётган аспектлар бор, дейди элчи Фаруқ.

“Ўт очишни тўхтатишга келишилган бўлса-да, у қисман давом этмоқда. Осмон парвозлар учун очилди ва ишлар нормаллашди. Лекин шуни айтмоқчиманки, ҳали ҳам муҳим масалалар бор. Чунки бу иш қандай бошланганини биласиз: биринчидан, ҳал қилинмаган Кашмир масаласи. Иккинчидан, ҳал қилинмаган сув шартномаси, чунки бу сув шартномаси биз учун жуда муҳим. Бу Покистон учун ҳаёт-мамот масаласидир. Сувсиз биласизми, ҳаёт йўқ. Демак, бу Покистон учун муаммо. Шундай қилиб, бу сув шартномаси бекор қилинди. Бу нимани англатишини билмайман, лекин бу ҳал қилиниши керак бўлган жуда жиддий нарса. Халқаро ҳамжамият бунга ғамхўрлик қилиши керак.

Учинчидан, терроризм масаласи. Биласизми, Покистонда ишончли далиллар бор. Сизга айтсам, Покистоннинг ўзи терроризм қурбони бўлган” - Аҳмад Фаруқ, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси

Элчи суҳбат чоғида халқаро ташкилотлар реакцияларига ҳам тўхталди. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари амалда ишлаганида можаро аллақачон ечиларди, дейди у.

“БМТ дунёдаги, мен айтган бўлардим, энг кенг қамровли ва энг муҳим кўп томонлама сиёсат институтидир. Ва бу Хавфсизлик кенгаши ҳам бўлиб, у Покистон, Ҳиндистон ва халқаро ҳамжамиятни Кашмир муаммосини ҳал қилишга чақириб, Кашмир халқига ўз келажаги қандай бўлишини танлаш ҳуқуқини беради. Шундай қилиб, ҳа, БМТ жуда муҳим. Унинг маънавий, сиёсий, ҳуқуқий роли ҳам бор. Хавфсизлик кенгаши резолюциялари эса қонунийдир. Агар Хавфсизлик кенгаши резолюциялари амалиётда ишласа эди, ишонинг, бизда шундай ечим топиларди, бир дақиқада бизда ечим бўларди” - Аҳмад Фаруқ, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси

Суҳбат чоғида элчидан Марказий Осиё билан алоқалар, Ўзбекистон билан стратегик режалар хусусида ҳам сўрадик. Унинг маълум қилишича, Покистон Марказий Осиёга денгизни таклиф қилади.

Покистон Марказий Осиё учун денгизга энг қисқа йўлни таклиф қилади. Ва денгизда бўлганингизда, бутун дунё сизники. Ўзбекистон жуда ноёб давлат. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган мамлакат. Яқин 4 йил ичида савдо айланмамизни 2 миллиард долларга олиб чиқишга қарор қилганмиз, бу қуруқ шиор ёки қуруқ ваъда эмас. Бунинг ортида кўп қиррали стратегия ётади. Ковиддан кейин рейслар тўхтатилган эди, лекин ўтган йилнинг ноябр ойида Лаҳор ва Тошкент ўртасида тўғридан тўғри рейслар қайта тикланди, ҳозир ҳафтада 2 рейс бор. Яқинда Исломобод-Тошкент рейси ҳам қўйилади, ҳафтасига икки марта парвозлар амалга оширилади. Биз учинчи линияни очиш устида ҳам ишлаяпмиз, бу бироз вақт талаб қилиши мумкин. Янги йўналиш Карачи билан бўлади” - Аҳмад Фаруқ, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси

Элчи шунингдек, Покистон ядровий масъулиятни ҳис қилишини, лекин буни халқаро ҳамжамият заифлик деб қабул қилмаслиги кераклигини ҳам қўшимча қилди.

Суҳбатни Kun.uz нинг YouTube платформасидаги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид