Ўзбекистон | 11:58
2299
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда гиёҳвандлик воситасини 20 минг долларга сотишга уринган шахслар ушланди

ИИВ Тезкор қидирув департаменти томонидан ДХХ билан ҳамкорликда Сурхондарё вилояти Денов туманида ўтказилган тезкор тадбирда тўрт киши бир килограмм гашишни 20 минг долларга сотаётган вақтида ушланди. 

Фото: Видеодан кадр

ИИВ қайд этишича, улар “Қора дори 2025” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири доирасида қўлга олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодекси 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бешинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида икки киши 500 грамм опий гиёҳвандлик воситасини 25 минг долларга сотаётганида далилий ашёлар билан қўлга олинди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, гумонланувчиларга тегишли буюмлар кўздан кечирилганда яна 585 грамм опий ҳамда 360 грамм гашиш гиёҳвандлик воситалари топилган ва далилий ашё сифатида олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 273-моддаси бешинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Фарғона вилоятида ҳам бир нечта ҳолатлар аниқланган. Хусусан, Тошлоқ туманида ўтказилган тадбирда фуқаро ўз томорқасида 103 туп кўкнори ва 118 туп наша гиёҳвандлик воситаларини етиштираётгани аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Марғилон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро ўз хонадонида 170 туп гиёҳвандлик воситасини етиштириб келаётгани аниқланди ва далилий ашё сифатида олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид