Жаҳон | 19:41 / 25.05.2025
15278
3 дақиқада ўқилади

Россия-Украина уруши «эндшпил босқичига ўтди» – JPMorganChase маркази ҳисоботи

Таҳлилчиларга кўра, оташкесим жорий йилнинг иккинчи чорагида бошланиши керак. Улар Украина келажаги бўйича тўртта сценарийни кўриб чиқишган ва «Гуржистон»ни эҳтимоли энг юқори сценарий сифатида қарамоқда.

Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

JPMorganChase инвестиция банки мижозларга инвестиция рискларини баҳолашда ёрдам бериш учун ўз геосиёсат марказини ташкил этди. Марказнинг илк ҳисоботи Россия-Украина урушини якунлаш истиқболларига бағишланган. Таҳлилчилар у «эндшпил босқичига ўтгани» ва ўт очишни тўхтатиш режими 2025 йилнинг иккинчи чораги, яъни июл ойида бошланишини ёзишган.

Ҳисоботда бу қандай содир бўлишининг тўртта эҳтимолий сценарийси келтирилган, уларнинг эҳтимоллиги фоизларда баҳоланган. Ҳар бир сценарийда тарихий прецедент тилга олинади. Сценарийни танлашга таъсир қилувчи асосий омил сифатида АҚШ ва Европа Украинага тақдим этишга тайёр бўлган хавфсизлик кафолатлари даражасига эътибор қаратилган. Сценарийларнинг барчасида Украина ҳудудининг 1991 йил чегараларида тикланиши ва ушбу мамлакат НАТОга қўшилиши истисно қилинган.

JPMorganChase таҳлилчилари фикрича, Украина учун энг яхши ва энг ёмон сценарийларнинг эҳтимоли паст баҳоланган (15 фоиздан). Булар мос равишда «Жанубий Корея» ва «Беларус» сценарийлари.

«Жанубий Корея» сценарийсига кўра, Украинага Европа қўшинлари жойлаштирилиши, улар Америка разведкаси маълумотлари билан қўллаб-қувватланиши ва можаро қайта бошланган тақдирда АҚШдан ёрдам бўлиши кўзда тутилган. Бундай ҳолда, Украина хавфсизлиги етарлича ишончли таъминланади ва унга сармоя киритиш хавфи нисбатан паст бўлади.

«Беларус» сценарийсида эса, аксинча, АҚШ ҳам, Европа ҳам Украина хавфсизлигини таъминлай олмайди ёки таъминлашни истамайди. Бу Россияга ўзининг максималистик талабларини бажаришга эришиш ва Украинани амалда вассал давлатга айлантириш имконини беради.

Ҳисоботда «Исроил» сценарийси эҳтимоли 20 фоизга баҳоланган. Унга кўра, Украина Ғарбнинг хавфсизлик кафолатларини олади, аммо унинг ҳудудида Ғарб қўшинлари бўлмайди. У янги урушга доимо тайёр турадиган ҳарбийлашган давлат бўлиб қолиши мумкин.

Ва ниҳоят, Геосиёсат маркази «Гуржистон»ни энг эҳтимолий сценарий (50 фоиз) деб ҳисоблайди: Украина Россия билан урушдан кейин ишончли хавфсизлик кафолатларини олмайди, беқарор бўлиб қолади – ва вақт ўтиши билан, бир неча бор ҳокимият алмашинувидан сўнг, Россия таъсир доирасига тушиб қолади.

Мавзуга оид