Жаҳон | 14:00
12581
8 дақиқада ўқилади

«Украина учун яна бир қўрқинчли тун». Россия яна Украинани ёппасига ўққа тутди

Тинчлик музокаралари муваффақиятсизликка учрагач, икки томон ўзаро зарбаларни кучайтирмоқда. Украинага уруш бошидан буён кузатилган энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири амалга оширилди. Ундан олдинроқ Россия украинларнинг зарбаларига жавобан «адекват жавоб» қайтариш билан таҳдид қилганди.

Фото: Украина ФВДХ

Россия ҳарбийлари 25 майга ўтар кечаси Украина бўйлаб баллистик ракеталар ва дронлар қўллаган ҳолда ёпирилма ҳужум амалга оширди, унда 300 га яқин дрон ва 70 та ракета қўлланган.

Зарбалар оқибатида мамлакат бўйлаб камида 12 киши ҳалок бўлиб, 60 дан ортиқ киши яраланган.

Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизматига (ФВДХ) кўра, 13 регион зарбалар остида қолган: Киев шаҳри ва Киев области, шунингдек, Житомир, Хмельницкая, Тернопол, Днипропетровск, Миколайив, Одесса, Харкив, Черниҳив, Черкасс, Суми ва Полтава областлари.

Киев шаҳрида Россия ҳужуми оқибатида 11 киши яраланган. Голосеевский районида ётоқхона ва кўп қаватли уй бинолари, Днипровский районида — хусусий уй, Шевченково районида — кўп қаватли турар жой биноси шикастланган.

Украина ФВДХга кўра, Киев областида тўрт киши ҳалок бўлган, 16 киши яраланган, шундан уч нафари болалар.

Житомир областида 8, 12 ва 17 ёшлардаги уч бола ҳалок бўлган. 12 киши, жумладан бир бола яраланган.

Хмельницкая областида олтита турар жой биноси вайрон бўлган, 20 дан ортиғи — шикастланган. Тўрт киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланган. Шифокорлар жабрланувчилардан бирининг аҳволи оғир эканини маълум қилган.

Миколайивда дрон беш қаватли уйга урилган. Қутқарувчилар харобалар орасидан 1948 йилда туғилган кекса ёшли эркак жасадини топишган. Беш киши, жумладан, ўсмирлар яраланган. Харобалар остидан чиқариб олинган икки аёлдан бири оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Миколайивда Россия зарбасидан вайрон бўлган бино. 2025 йил 25 май
Фото: Украина ФВДХ

Тернополда «Калибр» русумли қанотли ракета саноат корхонасига келиб тушган. Тахминан 1000 метр квадрат майдон ёнғин ичида қолган. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Черниҳив областида дронлар ва ракеталар зарбаси оқибатида омборлар ва нотурар бинолар ёниб кетган. Ёнғинлардан бирининг майдони 1000 метр квадратга етган. Қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Суми областида Россия дронлари Суми шаҳридаги озиқ-овқат корхонасига зарба бериб, унинг томига зарар етказди ва ёнғин чиқишига сабаб бўлди. Конотоп ҳам зарбага учради. Шаҳар мэри Артём Семенихин «шундоқ ҳам вайрон бўлган шаҳар инфратузилмаси объекти вайрон бўлгани» ҳақида ёзди.

Одесса областида Россия ҳужуми оқибатида турар жой кварталидаги автотураргоҳда 20 та автомобил ёниб кетди. Қутқарувчилар ёнғинни тезда бартараф этишга ва аланга тарқалишига йўл қўймасликка муваффақ бўлишди, деб хабар берди Украина ФВДХ.

Харкивда шаҳарнинг учта райони зарба остида қолди, деб хабар беради мэр Игор Терехов. Шевченково районида кўп квартирали уй шикастланган, уч киши ҳалок бўлган.

Днипропетровск областида дронлар ва ракеталар бошқа объектлар қатори Павловграддаги корхонага ҳам зарар етказган, деб хабар беради регион раҳбари Сергей Лисак. Ҳудудда ёнғин чиққан, у тезда бартараф этилган. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

«Украина учун яна бир қўрқинчли тун», – деган Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко. «Бу комбинациялашган, тинч аҳолига қаратилган шафқатсиз зарба бўлди. Душман яна бир бор шуни кўрсатди: унинг мақсади – қўрқув уйғотиш ва ўлдириш», – дея ёзган у ўз телеграм-каналида.

Украина президенти Володимир Зеленский РФ қўшини «онгли равишда оддий шаҳарлар бўйлаб зарбалар» бераётгани ва аҳоли яшаш жойларини вайрон қилаётганини қайд этган.

«Россиянинг ҳар бир бундай террорчилик зарбаси Россияга қарши янги санкциялар учун етарли сабабдир. Россия бу урушни чўзмоқда ва ҳар куни ўлдиришда давом этмоқда. Дунёда дам олиш кунлари бўлиши мумкин, аммо уруш дам олиш кунлари ва иш кунларига қарамай давом этмоқда. Буни эътиборсиз қолдириб бўлмайди», – дея таъкидлади Зеленский. Украина президенти жаҳон етакчиларини Россияга қарши янги санкциялар қабул қилишга чақирди.

«Американинг жим туриши, дунёдаги бошқаларнинг жим туриши Путинни фақат рағбатлантиради. Россия раҳбариятига ҳақиқатан ҳам кучли босим ўтказмасдан туриб, бу шафқатсизликни тўхтатиб бўлмайди. Санкциялар ёрдам бериши аниқ», – деган у.

Шикастланган кўп қаватли уй
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
Киевлик киши РФ ҳужуми вақтида шикастланган кўп қаватли уй ҳовли​​​​​сида 
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA

Россиянинг ёпирилма зарбалари Украина дронларининг Россия ҳудудларига ҳужумлари кучайиши, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг «Киев режими томонидан оммавий террорчилик ҳужумларига муносиб жавоб бериши» ҳақидаги таҳдидлари фонида содир бўлди. Вазирлик Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига таяниб, 20 майдан 23 майгача Россия ҳудудларига ҳужумлар «бир неча баробар кўпайгани«» - Украина дронларининг 788 та ҳужуми қайд этилганини маълум қилди. Россия ТИВ Украинани қайта тикланган Россия-Украина музокаралари ва кенг кўламли асирлар алмашинувини бузишга уринишда айблади.

24 майга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужум оқибатида шикастланган квартира
Sergey Dolzhenko / EPA / Scanpix / LETA
Киевлик киши ҳужум вақтида шикастланган автомобили ёнида
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA

«Агентство» нашри ҳам АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти таклиф қилган зудлик билан сулҳ тузиш бўйича музокаралар муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, шунингдек, 18 май куни уруш бошланганидан бери Россия томонидан Украинага уюштирилган энг йирик ҳаво ҳужуми ортидан Украина дронларининг ҳужумлари интенсивлиги ошганини қайд этган. Ўшанда Украина қуролли кучлари Россия қуролли кучлари томонидан учирилган 273 та дрон ҳақида хабар берган эди.

Украина қуролли кучлари ҳисоботига кўра, 19 майдан Россия ҳужумлари интенсивлиги пасайган: душанба куни Россия 112 та дрон учирган, сешанба куни бу миқдор – 108, чоршанба куни – 76, пайшанба куни – 128 тага тенг бўлган. Аммо, 23 май кунидан Россиянинг Украина регионлари бўйлаб зарбалари яна кучайган – тун давомида 175 та дрон учиб келган.

Ўз навбатида, РФ мудофаа вазирлиги 24 май куни кечқурун ва эрталаб ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Россиянинг олти областида украинларнинг юздан ортиқ дронлари уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Москва вақти билан соат 00:00 дан 07:00 гача Украинанинг 110 та дрони уриб туширилди ва тутиб олинди, жумладан 13 таси Москва области ҳудудида, дейилади вазирлик хабарида.

ОАВ ва телеграм-каналларига кўра, нишонлар Липецк областидаги кимёвий ток манбаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Энергия» заводи, шунингдек, Тула областидаги аммиак ва азот ўғитлари ишлаб чиқарадиган «Азот» кимёвий комбинати бўлган. Тула губернатори Дмитрий Миляев Новомосковскдаги корхоналардан бирига дрон ҳужуми уюштирилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, у ерда шикастланган кислота идиши топилган. Шаҳарда газ қувури ҳам шикастланган. Ҳудудга уюштирилган ҳужум оқибатида уч киши жабрланган.

Мавзуга оид