Ўзбекистон | 11:25 / 30.05.2025
3348
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор

Нурмат Отабеков ушбу касалликнинг янги тўлқини дунёни қамраб олаётгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, одамларда бу хасталикка нисбатан жамоавий иммунитет вужудга келганини таъкидлаган. Шу билан бирга, «коронавирусга чалинганлар оз миқдорда бўлса ҳам аниқланиб тургани» инкор этилмаган – улар асосан иккиламчи сурункали касаллиги бор беморлардир.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков коронавируснинг янги тўлқини дунёни қамраб олаётгани ҳақида тарқалган сўнгги хабарларга муносабат билдирди.

«Шу йил март ойида коронавируснинг Хитойда аниқланган NB.1.81 штамми баъзи мамлакатлар бўйлаб тарқалаётгани ҳақида маълумотлар бор. Лекин, СOVID-19’нинг янги тўлқини дунёни қамраб олмоқда, деган хабарлар асоссиз», – дейди мутахассис.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2024 йил 13 апрелдан коронавирус билан касалланиш бўйича кундалик ахборот бериб боришни тўхтатгани, давлатлар миқёсида ҳам шундай экани қайд этилган.

Шунинг ўзиёқ сайёрада коронавирус бўйича эпидемиологик вазият барқарор эканини англатади. Қолаверса, SARS-CoV-2’нинг NB.1.81 штамми кенг кўламда ёйилаётганига доир маълумотларни ЖССТ расман тасдиқлагани йўқ.

«Сир эмас, дунёда коронавирус бўйича шов-шувли ахборотларни тарқатишдан манфаатдор гуруҳлар бор. Айни кунларда эълон қилинаётган бу каби маълумотларни ҳам шундай изоҳласак тўғри бўлади. Чунки Ер юзида янги тўлқиннинг кузатилиш эҳтимоли қарийб нолга тенг.

Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор. Аҳолида коронавирус штаммига нисбатан оддий респиратор касалликларга бўлгани сингари муносабат аллақачон шаклланган.

Чунки мазкур касалликни диагностика қилиш, даволаш имкониятига эгамиз. Ўз навбатида, одамларда бу хасталикка нисбатан жамоавий иммунитет вужудга келган. Нафақат Ўзбекистон, бутун Ер куррасида ҳолат шундай!

Тўғри, мамлакатимизда COVID-19’га чалинганлар оз миқдорда бўлса ҳам, аниқланиб турибди. Аммо мурожаат қилган беморларнинг фақат иккиламчи сурункали касаллиги бўлганларигина шифохонада даволанмоқда. Қолганлари хасталик енгил кечгани сабабли амбулатор шароитда муолажа оляпти. 

„Янги вируслар пайдо бўлди“ деган хабарларга келсак, мана, ҳозиргача дунёда коронавируснинг 45 мингга яқин мутациялари юзага келди ва ҳамон бу жараён тўхтагани йўқ. Бироқ ўтган даврда улардан фақат 10-15 таси касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас.

Айни ўринда юртдошларимизга Ўзбекистон ҳудудида қайси вируслар айланиб юрганини кузатиб борувчи мониторинг тизими йўлга қўйилгани, тегишли лабораторияларда беморлардан олинган вирус намуналари доимий равишда текширилиб, таҳлил қилиб борилишини эслатиб ўтмоқчиман.

Шу маънода, дунёда қайд этилаётган янги штаммлар ҳақида дарҳол шов-шувли хабарлар тарқатишга зинҳор уринмаслик керак. Хавотирга ҳеч қандай асос йўқ», – дейди Нурмат Отабеков.

Бундан аввалроқ Осиё қитъасининг баъзи мамлакатларида ҳукуматлар аҳолини COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши сабабли яна ниқоб тақишга чақираётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид