Ўзбекистон | 19:26 / 31.05.2025
18293
2 дақиқада ўқилади

Таниқли бастакор Дилором Омонуллаева вафот этди

Дилором Омонуллаева

Ўзбек эстрада санъатига муносиб ҳисса қўшган композитор, педагог ва профессор Дилором Омонуллаева 65 ёшида вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг ҳамкасблари Kun.uz'га маълум қилди.

Дилором Омонуллаева – таниқли бастакор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Доʻстлик” ордени совриндори эди.

У 1959 йил 1 октябрда Тошкент шаҳрида мусиқачилар оиласида туғилган. В.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида фортепиано синфи бўйича таълим олган. 1978 йилда Москвадаги П.И.Чайковский номидаги консерваторияда таҳсил олган ва профессор Румиль Вильданов синфини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1993 йилдан В.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган эди.

Дилором Омонуллаева ижодий фаолияти давомида кўплаб таниқли хонандалар — Азимжон Солиев, Обид Дадажонов, Хуршид Ҳотамов, Фаррух Зокиров кабилар учун мусиқалар басталаган. Уларнинг “Сиз ёққансан менга”¸ “Сен қайдасан”¸ “Эмир ёғди”¸ “Саратон” ва бошқа қўшиқлари шуҳрат қозонган.

Мавзуга оид