Ўзбекистон | 08:28 / 01.06.2025
5454
2 дақиқада ўқилади

Тожикистондан 16 кг гиёҳвандлик воситаси олиб келган шахсга суд ҳукми ўқилди

Поп туманида қўлга олинган шахснинг ёнидан «Макаров» тўппончаси ва ўқдонлар ҳам топилган. У 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: Видеодан кадр

2024 йилнинг 12 ноябр куни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Поп тумани ҳудудида ҳаракатланаётган «Ласетти» русумли автомашина тўхтатилган.

Автомашина холислар иштирокида текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Фарғона вилоятининг Данғара туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқарога тегишли юк сумкасида 3 кг 887 гр «опий» ва 9 кг 839 гр «гашиш» моддалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, у Тожикистон Республикаси фуқароси билан ўзаро тил бириктириб, қўшни давлатдан гиёҳвандлик воситаларини контрабанда қилиш ҳамда сотиб, мўмай даромад топишни режа қилгани ва ушбу заҳри қотилни Тошкент вилоятининг Бўка туманида қабул қилиб олгани маълум бўлди.

Шунингдек, ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилиб, 2024 йилнинг август-сентябр ойларида тожикистонлик наркосавдогар томонидан Бўка тумани ҳудудига етказиб берилган ва мазкур шахс қабул қилиб олиб, Данғара туманида жойлашган ўзига тегишли ер участкасига яшириб қўйган 1 кг 902 гр «опий» ва 857 гр «гашиш» моддалари ҳамда 1 дона «Макаров» тўппончаси, 2 дона ўқдон ва 18 дона патрон ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан мазкур фуқаро Жиноят Кодексининг 28,246-моддаснинг 1- ва 2-қисмларида ҳамда 25,273-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Мавзуга оид