Истанбулда Россия-Украина музокаралари ёпиқ эшиклар ортида ўтди
Туркиядаги тадбир бир соатдан кўпроқ давом этди, иштирокчилар ҳеч қандай баёнот бермади.

Фото: ТАСС
Украина ва Россия делегациялари Истанбулдаги Чароғон саройида учрашди. Аввалгидек, Россия делегациясига президент маслаҳатчиси Владимир Мединский, Украина делегациясига эса мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилди.
Украина делегацияси таркибида 16 май куни бўлиб ўтган аввалги музокаралар билан солиштирганда ўзгаришлар юз берди. Бу сафар делегация таркибига Украина Қуролли кучлари бош штаби вакили Олексий Маловацкий киритилмади. Аммо Украина томонидан музокарачиларга Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари Евгений Острянский, Олий Рада Омбудсмани вакили Юрий Ковбаса ва Бош штаб юридик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Андрей Фомин ҳам қўшилди.
Россия делегацияси таркиби ўзгармади.
Музокаралар бошланишидан олдин Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан сўзга чиқди. Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг биринчи босқичида «жуда муҳим қадамлар қўйилганини» қайд этган Фидан, иккинчи босқичда ўт очишни тўхтатиш, асирлар алмашинуви ва Россия билан Украина раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинишини айтди. Фидан, шунингдек, «энг қисқа вақт ичида музокараларда аниқ тараққиётга» умид билдирди.
Музокараларнинг ўзи ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтди, иштирокчилар ҳеч қандай баёнот бермади.
16 март куни Истанбулда Россия ва Украина делегацияларининг 2022 йилдан буён илк учрашуви бўлиб ўтди. Унда «1000 га 1000» формуласи бўйича маҳбусларни алмашиш бўйича келишувга эришилди.
Россия 2 июнь куни Истанбулда тўғридан-тўғри музокараларнинг иккинчи раундини ўтказишни таклиф қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сергей Лавровнинг таъкидлашича, Москва музокаралар учун меморандум тайёрлаган, у «инқирознинг асосий сабабларини ишончли тарзда бартараф этишнинг барча жиҳатлари бўйича» ўз позициясини ифодалайди. Украина музокараларга дарҳол рози бўлмади ва Россиядан меморандумни олдиндан топширишини талаб қилди. Украина томони музокаралар бошланишидан олдин Россия делегациясига ўз меморандумини тақдим этди. Музокараларда Россия меморандуми тақдим этилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид

11:15
Пентагон раҳбари Украина бўйича алоқа гуруҳи учрашувида қатнашмайди

09:54
Bloomberg: "Газпром" Туркиядаги газ ҳаби бўйича режаларни кейинга қолдирди

08:38
Россия иқтисодий ривожланиш вазири: Мамлакат иқтисодиёти совиш даврига кирди

00:44