Зеленский Россия аэродромларига ҳужумда қатнашганларга миннатдорчилик билдирди
Россия стратегик авиациясининг учдан бир қисмига зарба берган «Ўргимчак тўри» операциясида 117 та дрон ишлатилган ва унинг «офиси» Россия ФСБ штаб-квартираси «тўғридан тўғри ёнида» жойлашган эди, деди Украина президенти.

Фото: Видеодан кадр
Украина президенти Володимир Зеленский 1 июн, якшанба куни кечки нутқида бир неча соат аввал Россия ҳарбий аэродромларига учувчисиз учоқлар ёрдамида амалга оширилган йирик ҳужум – «Ўргимчак тўри» операциясида иштирок этганларга миннатдорчилик билдирди. «Хавфсизлик хизматига, шахсан генерал Малюкка, шунингдек, операцияда иштирок этган барчага раҳмат. Биз операцияни бир ярим йилдан кўпроқ вақт давомида тайёрладик. Режалаштириш, ташкил этиш, барча тафсилотлар мукаммал тарзда тайёрланган. Ишонч билан айтиш мумкинки, бу мутлақо ноёб операция», — деб ёзган давлат раҳбари ижтимоий тармоқларда.

Украина президенти, шунингдек, Россия Федерацияси ҳудудидаги операциянинг «офиси» Россия вилоятларидан биридаги ФСБ қароргоҳи яқинида жойлашганини, бироқ «одамларимиз амалиёт арафасида Россия ҳудудидан олиб чиқиб кетилганини, ҳозир улар хавфсиз» эканини таъкидлади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, «Ўргимчак тўри» операциясига жами 117 та учувчисиз учиш аппаратлари ва уларнинг тегишли сонидаги операторлари «Россиянинг турли вилоятлари ҳудудида – уч вақт зонасида» жалб қилинган. «Биз Россия бу урушни тугатиш зарурлигини ҳис қилиши учун ҳамма нарсани қиляпмиз», — деди Зеленский.
Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) Россия стратегик авиация самолётларининг 34 фоизи «Ўргимчак тўри» операцияси вақтида шикастланганини маълум қилди. «Россиядаги асосий аэродромларидаги стратегик қанотли ракета ташувчиларнинг 34 фоизи зарар кўрди», — дейилади идоранинг Telegram-каналидаги баёнотида. Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарар кўрган самолётларнинг тахминий умумий қиймати 7 миллиард долларни ташкил қилади.
Мавзуга оид

00:44
Россияда ўзбекистонлик ишчининг бошига ичида цемент бўлган челак ташлаб юборилди

22:07 / 03.06.2025
Россиялик фермерлар қозоқ сайғоқлари туфайли Путиндан ёрдам сўради

21:02 / 03.06.2025
Россияда World of Tanks ўйини дастурчилари «экстремистик уюшма» деб эълон қилинди

18:55 / 03.06.2025