Жаҳон | 00:40 / 03.06.2025
8534
2 дақиқада ўқилади

Истанбуллик эркак ҳар куни ишга бориш учун Босфордан сузиб ўтиши маълум бўлди

У эрта тонгдан ўзининг барча буюмларини сув ўтказмайдиган қопга солади ва тахминан 30 дақиқада Босфордан сузиб ўтади.

Фото: The Times

Истанбулда яшовчи Женгиз Хон исмли фуқаро ишга бориш учун мунтазам равишда Босфор бўғозидан сузиб ўтиши маълум бўлди, деб ёзмоқда The Times.

Қайд этилишича, Хон турли кемаларга дуч келмаслик учун эрта тонгдан ўзининг барча буюмларини сув ўтказмайдиган қопга солади ва тахминан 30 дақиқада Босфордан сузиб ўтади. 

Маълумотларга кўра, Хоннинг Sarayburnu Fatihleri номли сузиш клуби бор бўлиб, унга қарийб 400 киши аъзо. Улар ҳафтада уч-тўрт маротаба Босфордан сузиб ўтади. Клубнинг айрим иштирокчилари бу билан 20 йилдан ортиқ вақтдан бери шуғулланади, Хон эса 8 йиллик тажрибага эга.

«Туркияда 81 миллион одам яшайди, дунёда эса миллиардлаб, аммо биз буни ўзимизга раво кўра оладиган кам сонли инсонларданмиз. Мен шундай дам оламан. Сузаётганимда, барча ўйларим йўқолади, тўлиқ сукунат ҳукм суради», — дейди Хон.

Сузиш вақтида клуб иштирокчилари шамол йўналишини кузатиш учун соҳил бўйидаги Туркия байроғи томон ҳаракатланади. Нашр маълумотларига кўра, бир сафар Хонни соҳилни қўриқлаш хизмати ходимлари қутқаришига тўғри келган, чунки уни катта кема ҳосил қилган кучли оқим тортиб кетган.

Таъкидланишича, бундай усулда ҳаракатланиш тажрибасиз сузувчиларга тўғри келмайди — боиси Босфордан сузиб ўтаётган одам оқимни яхши билиши керак. 

Мавзуга оид