Қатлдан қочганлар: мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг шов-шувли қамоқдан қочиш иши
1997 йилнинг 2 декабри. Сурхондарёда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари оёққа туради: 210 ўринга мўлжалланган, аммо амалда 1 500 нафарга яқин жиноятчи сақланаётган Термиз шаҳридаги тергов ҳибсхонасидан ўлимга ҳукм қилинган икки маҳбус қочиб кетган эди. Улар буни қандай уддалаганди?

Голливуднинг “Шоушенкдан қочиш” филмини кўпчилик кўрган. Унда филм қаҳрамони Энди қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонадан деворни болғача ёрдамида тешиш орқали қочиб кетишни уддалайди. Аслида дунё тарихида махсус қамоқхоналардан қочиш ҳолатлари ҳаётда ҳам кўп кузатилган. Ана шундай шов-шувли қочиш Ўзбекистонда, Термиз шаҳридаги тергов ҳибсхонасида ҳам содир бўлган.
Йўқолиб қолган маҳбуслар
1997 йилнинг 2 декабри. Термиз шаҳридаги тергов ҳибсхонасида “тревога” бўлиб, эрта тонгдан ҳамма оёққа туради. Ҳибсхонада сақланаётган икки ашаддий жиноятчи хонасида йўқ эди. Маҳбуслар сақланган хонага югуриб кирган масъуллар “Шоушенкдан қочиш” филмидаги каби тешик деворни кўришади.
Қочиб кетганларнинг бири катта миқдордаги наркотик модда билан ушланган афғонистонлик Саттор исмли шахс бўлса, иккинчиси қотиллик жиноятини содир қилган Шавкат Ялкапов эди. Уларнинг иккиси ҳам олий жазо – ўлимга ҳукм қилинганди. Икки маҳбус ҳам қочишга мойиллиги бўлган шахслар рўйхатига киритилган бўлган.
Тешилган девор
Саттор ва Шавкат ушбу ҳибсхонага келтирилганига қарийб 1 йил бўлганди. Ўлим ҳукми ўзгаришсиз қолгач маҳбусларда қочиш фикри туғилган. Буни Саттор таклиф қилган. “Қочиб кетиб, Афғонистонга бориб яшаймиз”, деган у шеригига.
Маҳбуслар режа тузгач, уни амалга ошириш йўлларини ўйлай бошлайди. Улар аввало темир кесадиган арра топади. Сўнг хонадаги иссиқлик батареяси қувурини ўша арра ёрдамида кесиб, батареяни ушлаб туриши учун деворга қоқилган икки темир қозиқни суғуриб олишади. Ана шу қозиқлар ёрдамида 28 ноябр куни, яъни қочишдан 4 кун аввал ўтказилган тинтувдан сўнг деворни тешишни бошлашади.
Маҳбуслар биринчи кунда 4-5 та ғиштни жойидан кўчириб олишган. Тупроқ ва ғиштларни “кроват” тагига тўплашган. Деворни тешиш иши бир неча кун давом этган. Ана шу кунларда хонада текширув ҳам ўтказилган. Аммо тешилаётган жой чойшаб билан ёпиб қўйилгани боис буни ҳеч ким пайқамаган.
1997 йил 1 декабр куни кечки пайт маҳбуслар деворни тешишни уддалашади. Бир неча соат дам олишгач, 2 декабр тонг соат 4:00 ларда девор тешигидан ташқарига чиқишади. Маҳбуслар ҳибсхона ҳожатхонаси устидан ўтиб, маъмурият биносига чиқади, сўнг девордан ошган ҳолда қочиб кетишади.
“Касалларга ажратилган хонада сақланган”
Саттор ва Шавкатнинг ҳибсхонадан қочиб кетиши шунчаки омад ёки тасодиф эмасди. Негаки, ўша йиллар Термиз шаҳридаги тергов ҳибсхонасида етарлича шароит бўлмагани ҳам маҳбусларнинг қочишларини осонлаштириб берган.
Жумладан, ўша пайтда 210 ўринга мўлжалланган ушбу ҳибсхонада 1500 га яқин маҳбус жойлаштирилган. Шуларнинг 20 дан ортиғи ўлим жазосига маҳкум қилинганлар бўлган.
Kun.uz мақолани тайёрлаш жараёнида ўша вақтда Термиз шаҳридаги тергов ҳибсхонасида тартибот ва қўриқлаш бўйича бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлаган Абдувоит Эгамбердиев билан суҳбатлашди.
Абдувоит Эгамбердиев шов-шувли қочиш ортидан судланган 8 кишининг бири эди. У Термиз шаҳар судининг 1998 йил 27 февралдаги ҳукмига кўра 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган.
“Бизда ўлим жазосига ҳукм қилинганларни сақлаш учун бор-йўғи 2 та хона бор эди. Уларга 4 кишини жойлаштириш мумкин. Аммо ҳибсхонада 20 дан ортиқ олий жазога ҳукм қилинганлар бор эди. Уларни сақлаб турадиган жойнинг ўзи йўқ эди. 20 нафар шундай маҳбусни 5 та хонага жойлаштирганмиз. Саттор ва Шавкат касалларга ажратилган, махсус жиҳозланмаган хонага жойлаштирилганди.
Биз ўша пайти Тошкентга ҳам бир неча бор ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳбусларни олиб кетиш ҳақида ахборот берганмиз. Аслида уларни у ерда ушлаб туришнинг ўзи ноқонуний бўлган”, дейди Абдувоит Эгамбердиев.
Абдувоит Эгамбердиев юқори инстанцияларга шикоят киритиб, ўзига юклатилган хизмат вазифаларини бажарганини, жиноят содир этилган куни кечаси соат 2:00 дан 6:00 гача барча постлардаги назоратчиларни текширгани, навбатчи сменадаги назоратчиларнинг ўз вазифаларига совуққонлик билан қарашлари оқибатида маҳбуслар қочиб кетганини билдирган ҳамда камерани тинтув қилиш вазифасига кирмаслигини айтган. Бироқ юқори инстанция судлари Термиз шаҳар судининг 1998 йил 27 февралдаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.
Ўша вақтда судланган 8 кишининг барчаси маълум муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Уларнинг айримлари кейинчалик оқланган.
3 кунлик озодликдан сўнг отув
Саттор ва Шавкат ҳибсхонадан қочишни уддалашган, бироқ бутунлай қочиб, Афғонистонга ўтиб кета олишмаган. 3 кунлик қидирувдан сўнг улар чегара ҳудуддаги қишлоқда қўлга олинади. Мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг шов-шувли қамоқдан қочиш иши тафсилотларидан хабардор кишиларнинг айтишича, маҳбуслар тергов ҳибсхонасига қайтарилган ва бир неча кундан сўнг Тошкентга олиб кетилиб, ўлим ҳукми амалга оширилган.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Cуд материаллари асосида тайёрланди.
Мавзуга оид

19:09 / 30.05.2025
Сариосиё аэропорти 30 йилдан сўнг фаолиятини тиклади

11:58 / 24.05.2025
Сурхондарёда гиёҳвандлик воситасини 20 минг долларга сотишга уринган шахслар ушланди

09:12 / 22.05.2025
Сурхондарёда қовун еган фуқаролар заҳарлангани рад этилди

16:37 / 20.05.2025