Жамият | 16:00 / 03.06.2025
8405
8 дақиқада ўқилади

Қишлоқдан халқаро майдон сари: 30 дан ортиқ мамлакатда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ўзбек қизи ҳикояси

50 мингдан ортиқ хотин-қизларга билим берган, уларнинг шахсий ривожланишига, тил ўрганишларида ва ҳаётда ўз ўрнини топишига муносиб ҳисса қўшган, 30 дан ортиқ мамлакатда Ўзбекистон номидан чиқиш қилган ўзбек қизи — Шоҳида Юсупова Kun.uz билан суҳбатда ўз муваффақиятлари сири билан бўлишди.

Фото: Шоҳида Юсупова

Шоҳида Юсупова – Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Ҳарвард университетининг “Leadership: Creating Public Value” курсини тамомлаган. Оксфорд университети ва Буюк Британия Лордлар палатаси томонидан ташкил этилган халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритган. Айни пайтда Италиядаги Сиена университетида “Халқаро маданий дипломатия” йўналишида магистратурада таҳсил олмоқда. У 4 тилда эркин сўзлаша олади, сайёҳлик фирмаси асосчиси, 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради ва у ерда ўзбек ёшлари манфаатларини фаол илгари суриб, халқаро лойиҳалари билан дунёнинг кўплаб мамлакатларида шуҳрат қозонган ўзбек қизи.

Ҳаётимни ўзгартирган савол

“Ҳаётимнинг ўзгариб кетишида бир савол жиддий сабаб бўлди. 2019 йилда талабалар билан Туркияга халқаро конференцияда иштирок этиш учун борган эдик. Тақдимот тугагач, шаҳар айланиш учун чиқиб, бир дўконга кирдик. Сотувчи бизнинг қаердан келганимизни сўради – фахрланиб “Ўзбекистондан” дедим.

Лекин сотувчининг эътиборсизлик билан, очиғини айтганда, ҳурматсизлик билан “ҳа, ишлагани келганмисизлар?” деган саволини қалбимни минг бўлакка парчалаб юборди. Бундай қараш менинг юрагимга жуда оғир ботган эди. Чунки ўзбек аёлларига у ерда саёҳатчи ёки билимли талаба сифатида эмас, балки қора ишчи сифатида қарашар экан. Ўшанда ўйлаб қолган эдим, миллатимизда истеъдодли ва илмли аёллар кўп. Лекин нега четда уларга оддий ишчи сифатида қараш урф бўлган экан. Бу менга сира ёқмаган эди.

Ўшанда ўзбек аёллари ҳам 3–4 та тилни биладиган, жаҳон минбарларида ўз фикрини дадил ва эркин айта оладиган ишбилармон, зукко шахслар эканини бутун дунё билишини хоҳлагандим.

2021 йил Туркияда ҳудди шу конференцияда 50 та адабиёт соҳасида фаолият олиб бораётган ниҳоятда истеъдодли аёлларнинг ижод намуналарини саралаб-жамлаб, халқаро антология туздик. У ерда уларнинг нафақат ижод намуналари, балки ўз фаолиятлари ва ютуқлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар бор эди. Ва ўша китобнинг тақдимотини миллийлигимизга мос бир тарзда ўтказдик. Замонавий турк жамоатчилиги томонидан жуда яхши қабул қилинди.

Очиғини айтаман, жуда кўп иқтидорли аёлларимиз оддий уй бекаси қиёфасига яшириниб олишган. Мен уларни бутун дунё билишини, тан олишини ва эътироф этишини истайдим”.

Shine Qizlar Akademiyasi” – ҳар бир қиз учун имконият майдони

“2022 йилда кўплаб қизларнинг истаклари, талаблари билан “Shine қизлар академияси”ни ташкил этдик. Давлат рўйхатидан ўтказдик. Бугунги кунга қадар 50 мингга яқин аёл-қизларимиз лойиҳаларимизда қатнашди.

Ўзим Янгибозор туманидаги Қаландардўрмон қишлоғида туғилиб ўсганим учун у ерда жуда кўплаб, орзулари улуғвор, лекин ишни қаердан бошлашни билмаётган, тушкунликка тушган, аммо ғоятда қобилиятли аёл-қизларни билардим. Уларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартира оладиган нимадир қилгим келарди. Вақти келиб бу лойиҳага айланди. Шундай аёллар ва қизлар учун имтиёзли равишда инглиз ва турк тилларини ўргатадиган курслар ташкил қилдим.

Энг аввало, ўзим 4 та тилни пухта ўргандим, уларда эркин сўзлаша олганим учун алоҳида халқаро тил курсларида ўқиб, халқаро методларни ўзлаштирдим. Ҳар бир ёшдаги инсонга мос келадиган ўз услубларимни ишлаб чиқдим. Бу ёндашув тез орада натижасини берди.

Курсларимизда 3 ой ўқиб, C1 даражадаги сертификатни қўлга киритган қизлар ҳам бўлди. Лойиҳаларимизда иштирок этиб, халқаро форумларда қатнашаётган, грант ва стипендиялар ютиб олаётган қизларимиз сони тобора кўпайиб бормоқда.

Бизда ота-онаси бўлмаган, ажрашган, кам таъминланган оилалар қизлари имтиёзли равишда ўқишлари мумкин. Талабалик йилларимда тил ўрганиш билан бирга янги касблар бўйича билим олишни хоҳлаганман. Ҳарвард университетининг раҳбарлик ва бошқарув йўналишида, Германиянинг Берлин-бизнес халқаро институтининг маркетинг ва коммуникациялар йўналишида қўшимча масофавий таълим олдим.

Ҳар бир аёлнинг шахсий бренди бўлса…

Бугунги кунда бу билимларнинг ҳаётимдаги фойдаси жуда катта. Ҳар бир аёл учун ўз шахсий брендини яратишда, салоҳиятини тўлиқ намоён қилишида бу каби илмларнинг ўрни беқиёс. Биз халқаро миқёсда илмли, ўз устида тўхтовсиз ишлайдиган, орзуларидан сира воз кечмайдиган ва ҳар қандай қийинчиликдан қўрқмайдиган бетакрор ўзбек қизларининг кучли образини яратмоқдамиз. Бу фақат менинг эмас, бутун жамиятимизнинг умумий ютуғи.

Академияда 4 та тилдаги ўқув дастурлар, халқаро методика асосида курслар, имтиёзли дастурлар ва C1 даражагача билим бериладиган мукаммал тизим мавжуд. Кўплаб иштирокчилар бу орқали халқаро танловлар, конференциялар ва стипендиялар ғолибига айланмоқда, дунё кўрмоқда, дунёқараши ўзгармоқда.

24 ёшимда 30 давлатни кўрдим. Айтишим керакки, мен ҳамиша молиявий мустақил бўлишни хоҳлаганман. Дадамга доим ҳали зўр бўлиб кетаман, сизга машиналар олиб бераман дер эдим.

Шундай кун келдики, мен бу айтганларимнинг барчасини уддаладим. 21 ёшимда дала билан тиллашган, доим ҳалол меҳнат ортидан биз фарзандларни катта қилган дадамга автомобил совға қилдим. Уй бекаси бўлган, менга ва укамга фақат ўқишимимиз кераклигини уқтириб яшаган онамга ҳам Туркия, Амирликлар, Озарбойжон, Саудияга йўлланмалар олиб бердим.

Бир пайтлар ўзимнинг шахсий уйим бўлишини орзу қилар эдим, бугун пойтахтдан ташқари Дубайдан ҳам хонадон сотиб олиш насиб қилди. Мен буларни нега айтяпман? Ўзининг катта ҳаёт йўлини бошлашга иккиланаётган, баланд марралар сари дастлабки қадамларни ташлашга чўчиётган қизлар журъатли бўлиши учун уларга илҳом беришни асосий вазифам деб биламан”.

Дунёни қалбимда меҳр билан айланаман

Шоҳиданинг орзуси ҳамиша катта бўлган: Қайси хорижий давлатга бормасин она юртини ифтихор билан намоён этди, ўша юртлар халқларида ўзбек номига эҳтиром уйғотишга интилди.

Унинг ташаббуслари – Туркияда “Ўзбекистоннинг умидли чечаклари”, Озарбойжонда “Истеъдодли қизлар”, Мисрда “Илҳомлантирувчи овозлар”, Хитойда “Ўзбекистон адабий антологияси” ва “Amazon” платформасида “Ўзбекистон қўшиғи” каби халқаро лойиҳаларда ўз ифодасини топди. Бу эътиборли изланишлар аёл-қизларимизнинг юксак маънавий кучи ва дилбар қиёфасини бутун дунёга яққол кўрсатди.

Халқаро майдондаги чиқишлари — Ўзбекистон имижи учун хизмат

Шоҳида Юсупова сўнгги йилларда дунёнинг етакчи телеканаллари, халқаро форумлари ва медиа платформалари орқали Янги Ўзбекистон ва ўзбек аёл-қизлари ҳақида туркум суҳбатлар бериб келмоқда.

Бу чиқишлари орқали у юртимизнинг бой тарихи, бетакрор гўзаллиги, туризм салоҳияти, таълим ва маърифат соҳаларидани ўзгаришлари ҳақида жаҳон аҳлини танитишга ҳисса қўшмоқда.

Якун: бир юрак, бир эл, бир миссия

Шоҳида учун бу фақат шахсий муваффақиятлар эмас – бу бир умрлик миссия. Унинг орзуси: 100 минглаб қизларимизнинг кўзларида порлаган умид ва ишонч учқунларини реалликка айлантиришга чин сабабчи бўлишдир.

“Ҳар бир аёл агар қўллаб-қувватлаш ва ишонч, меҳр ва эътибор бўлса, қалбларни яйратадиган гўзал бўстонга ўхшайди.

Менга ишонишди. Мен эса уларнинг ишончини юракда сақлаб, бутун дунёга ўзбек қизининг билимда, иймонда ва орзуда қандай қудратга эга эканини кўрсатаман.

Ҳар бир халқаро чиқиш, ҳар бир ёзилган китоб, ҳар бир ўтказилаётган лойиҳа бу азиз ва мўътабар Ватанимиз имижи учун қўйилган хайрли қадамдир.

Қаерда бўлмайлик, Ўзбекистоннинг жаҳонга қандай танилиши – айнан бизга, юрт фарзандларига боғлиқ”, - дейди у.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Мавзуга оид