Жаҳон | 14:23 / 03.06.2025
1486
2 дақиқада ўқилади

Володимир Зеленский: ҳарбий асирларнинг янги алмашинувига тайёрланяпмиз

Президент Туркия томони орқали ҳужжатлар алмашганини ва вазир Умеровдан тўлиқ ҳисобот кутаётганини таъкидлади.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Истанбулда Украина ва Россия делегациялари ўртасидаги музокараларнинг иккинчи босқичи якунланди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.

Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленский «Бухарест тўққизлиги» ва шимолий мамлакатларнинг Вилнюс саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида янги асирлар алмашинуви тайёрланаётганини айтди.

«Истанбулдаги музокаралар якунланди ва мен вазир Умеровдан тўлиқ ҳисобот кутяпман. Улар турк томони орқали ҳужжатлар алмашишди ва биз ҳарбий асирларни янги озодликка чиқаришга тайёрланяпмиз», — деди президент.

Май ойида Россия ва Украинадан келган делегацияларни уч йилдан кейин бир стол атрофида тўплаган Туркия 2 июн куни Истанбулда яна музокаралар уюштирди.

Россия делегациясидан президент ёрдамчиси Владимир Мединский иштирок этди. Украина томонига мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилди. Учрашув ёпиқ форматда ўтказилди. Музокаралар якунида томонлар баёнот бериши кутилмоқда.

Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди 16 май куни Истанбулдаги Долмабахче қароргоҳида бўлиб ўтди.

Биринчи учрашув якунлари бўйича томонлар «1000 га 1000» формуласи бўйича кенг кўламли асирлар алмашинувини ўтказиш, эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш бўйича ўз фикрларини батафсил баён этиш, сўнгра музокараларни давом эттиришга келишиб олди.

Киев ва Москва Истанбулда келишилган асирлар алмашинуви 25 май куни якунланганини билдирди.

Тинчликка эришиш йўлидаги дипломатик саъй-ҳаракатлар доирасида ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Москва ва Киевга ташриф буюриб, у ерда Россия ва Украина раҳбарлари ва юқори мартабали амалдорлари билан учрашди.

Мавзуга оид