Жаҳон | 20:04 / 04.06.2025
5633
2 дақиқада ўқилади

«Далиллар барча терактлар Украина махсус хизматлари томонидан уюштирилганини кўрсатмоқда». Бастрикин — Курск ва Брянск областларидаги портлашлар ҳақида

Фото: Дмитрий Радченко / ТАСС / ZUMA Press / Scanpix / LETA

РФ Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин президент Владимир Путинга ҳисоботида қўмита мутахассислари Курск ва Брянск областларидаги кўприклар портлатилиши ортида Украина турганини исботловчи далилларни тўплаганини маълум қилди.

Бастрикиннинг сўзларига кўра, ҳодиса жойларида портловчи моддалар излари топилган; портловчи модда «хорижда ишлаб чиқарилган». Портлатиш учун украинларнинг бошқарув блокларидан фойдаланилган.

Тергов қўмитаси раиси шунингдек Брянск областининг Микишево қишлоғи яқинидаги махфий омбордан 13 килограмм миқдордаги пластит ва Украинада ишлаб чиқарилган бошқарув блоклари топилганини маълум қилган. Унеча ва Жеча станциялари оралиғидаги перегонда эса ишламай қолган иккита портловчи қурилма аниқланган.

«Тергов томонидан экспертлар ёрдамида тўпланган далиллар ҳар учала теракт, шубҳасиз, Украина махсус хизматлари томонидан уюштирилганини яққол кўрсатмоқда», - дея хулоса қилди Бастрикин.

Қўмита раҳбари портлашлардан кўрилган умумий зарарни миллиард рублга баҳолаган.

Брянск ва Курск областларидаги кўприклар портлатилиши 31 май куни кечқурун ва 1 июн куни эрталаб содир бўлди. Брянск областидаги биринчи портлаш пайтида кўприк остидан йўловчи поезди ўтаётганди, натижада бир нечта вагон релсдан чиқиб кетди. Етти киши ҳалок бўлган, юздан ортиқ киши яраланган. Курск областида содир бўлган шунга ўхшаш ҳодиса оқибатида локомотив бригадасидан бир неча киши жабрланган, учинчи портлашда жабрланганлар йўқ.

РФ ҳукумати барча портлашларни терактлар сифатида таснифлаган. Тергов қўмитаси жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича иш очган.

Украина кўприклардаги портлашлар юзасидан расмий изоҳ бермаган.

Мавзуга оид