Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди
Олимлар еттита асосий озиқ-овқат гуруҳи бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини таҳлил қилди ва дунё мамлакатларини таснифлади.

Гайана / Фото: AP
Германиянинг Геттинген университети ва Буюк Британиянинг Эдинбург университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатдики, дунёдаги 186 мамлакатдан фақат биттаси ташқи ёрдамсиз ўзини барча асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қодир. Бу Жанубий Американинг шимоли-шарқидаги бир миллиондан кам аҳолига эга бўлган кичик Гайана давлати бўлиб чиқди. Бу ҳақда Science Alert хабар берди.
Тадқиқот муаллифлари еттита асосий озиқ-овқат гуруҳи бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини таҳлил қилди: мева, сабзавот, сут маҳсулотлари, балиқ, гўшт, дуккаклилар (шу жумладан, ёнғоқлар ва уруғлар), крахмалли экинлар (масалан, картошка).
Маълум бўлишича, Гайана бу тоифаларнинг барчаси бўйича ўзини-ўзи тўлиқ таъминловчи ягона давлатдир. Унга энг яқин бўлганлари Хитой ва Ветнам бўлиб, еттита гуруҳдан олтитасида ички эҳтиёжларни қоплай олади.
Шу билан бирга, дунёдаги фақат ҳар еттинчи мамлакатда камида бешта тоифада етарли миқдорда озиқ-овқат ишлаб чиқарилади, жумладан, Ўзбекистонда ҳам (мева, сабзавот, сут, гўшт, крахмалли маҳсулотлар).
Давлатларнинг 1/3 қисмидан кўпроғи атиги бир ёки икки гуруҳ маҳсулот билан ўзини тўлиқ таъминлайди. Олтита давлат - Афғонистон, БАА, Ироқ, Макао, Қатар ва Яманда ўзини таъминлай оладиган озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эмас.
Ўзбекистонда балиқ ва дуккаклилар (шу жумладан, ёнғоқлар ва уруғлар) билан ўзини тўлиқ таъминлашда муаммолар борлиги қайд этилган.
Муаллифларнинг таъкидлашича, ҳатто иқтисодий иттифоқларда ҳам манзара ўхшашлигича қолмоқда. Масалан, Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ўзини фақат гўшт билан таъминлайди. Ғарбий Африка ва Кариб денгизидаги уюшмалар фақат иккита тоифада етарли маҳсулот ишлаб чиқаради. Ва ҳеч бир иттифоқ ўзини сабзавот билан тўлиқ таъминлай олмайди.
Бўшлиқни тўлдиришнинг асосий йўли халқаро савдо бўлиб қолмоқда, аммо бунда ҳам заифлик бор: кўплаб мамлакатлар ягона импорт ҳамкорига боғланиб қолган. Бу уларни таъминотдаги узилишлар ва сиёсий можароларга айниқса заиф қилади.
Тадқиқотчилар таъкидлаганидек, нафақат халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки савдо алоқаларини кенгайтириш ҳам муҳим. Бу барқарор озиқ-овқат тизимларини қуриш ва узоқ муддатда аҳоли саломатлигини таъминлаш учун зарур.
Мавзуга оид

12:32 / 03.06.2025
Ўзбекистон ва Покистон қишлоқ хўжалиги техникаларини биргаликда ишлаб чиқаради

14:45 / 29.05.2025
Ўзбекистонда географик кўрсаткичлар асосида товар белгилари яратилиши мумкин

17:00 / 27.05.2025
Бозор – гўшт нархи ҳақида: “Ем-хашак қиммат, мол боқиш осон бўлмай қолди”

10:43 / 26.05.2025