Иқтисодиёт | 09:02 / 04.06.2025
10639
6 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоров – энерготарифлар ошиши, иқтисодий ўсиш ва ташқи қарзлар ҳақида

Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар оширилади. Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ташқи қарз нега ошаётганига изоҳ берди. Камбағал оилаларга иситиш мавсумидаги энергетика харажатлари учун 1 млн сўмдан пул берилади. Kun.uz видеошарҳида ана шу янгиликлар ҳақида сўз боради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

1 июл ва 1 августдан

3 июн куни эълон қилинган президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар, 1 августдан бошлаб эса ойликлар 10 фоизга кўтарилади.

Келаси ойдан эътиборан, ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 918 минг сўм, ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 1 млн 12 минг сўм, кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори: 3 ёшгача бўлган битта фарзанд учун – 360 минг сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанд учун – 275 минг сўм; оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 165 минг сўм; оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча – 110 минг сўм этиб белгиланди.

Шунингдек, 1 июлдан бошлаб кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори 420 минг сўмни ташкил қилади.

2025 йил 1 августдан эътиборан, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 млн 271 минг сўм деб белгиланади. Бу миқдор ҳозирда 1 млн 155 минг сўмга тенг.

Бундан ташқари, 1 августдан бошлаб, базавий ҳисоблаш миқдори ва унга боғланган жарималар, йиғимлар ва бошқа тўловлар ҳам ошади. БҲМнинг янги миқдори 412 минг сўм бўлади. Ҳозир бу миқдор 375 минг сўмга тенг.

Хусусий секторда ишловчи фуқароларимизнинг ҳам тўлов қобилиятларини рағбатлантириш учун иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорларда тўлаш тавсия этилади”, – дейилади фармонда.

Охирги марта иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 2024 йил 1 сентябрда 15 фоизга оширилганди. Стипендиялар эса охирги марта 2021 йилда оширилган ва шундан бери, 4 йил давомида ўзгармай келаётганди. Олий таълим муассасаларидаги тўлов-контракт миқдорлари эса ўтган йили сентябрда 15 фоизга кўтарилган.

Вазир – тарифлар ошгани ҳақида

Ойликлар ва пенсиялар оширилиши ҳақидаги фармон эълон қилинишидан олдин, ҳужжатни бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Қонунчилик палатаси йиғилишидаги чиқишида анонс қилган эди. У ўз чиқишида 1 майдан энергетика тарифлари оширилгани ҳақида ҳам гапириб, 200 kWh'гача бўлган базавий меъёр учун тариф 450 сўмдан 600 сўмгача оширилгани, лекин 200 kWh'дан 500 kWh'гача истеъмол учун тариф 900 сўмдан 800 сўмга пасайтирилганига урғу берди.

Оила ойига 300 kWh энергия истеъмол қилса, унинг харажатлари 20 минг сўмга ошяпти. Тарифларинг паст миқдорда ошганига қарамай, ижтимоий ёрдам кўзда тутиляпти. Оила даромади 1 млн сўмдан кам бўлса, 200 kWh'дан ташқари 150 kWh электр энергияси истеъмол қилса, 150 kWh учун тўлов компенсация қилиб берилади. Яъни кам таъминланган оилага 30 минг сўмгача тўлаб берилади. Шундай қилиб, камбағал оилалар харажати ошмайди”, – деди вазир.

Жамшид Қўчқоров ўртача оила ёз ойида 500 kWh электр истеъмол қилса, 201 kWh'дан 500 kWh'гача оралиқдаги истеъмол учун тарифлар пасайтирилгани сабаб оиланинг ойлик харажати ўзгармай қолишини таъкидлади.

Ҳукумат вакилига кўра, ижтимоий реестрга кирган 950 мингта оилага тарифлар ошиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун қиш келишидан олдин, ноябр ойида 1 млн сўмдан компенсация берилади. Бу ёрдам газга уланмаган жойларда яшовчиларга ҳам тааллуқли бўлади, деди Қўчқоров.

Бюджет ҳисоботи

Аҳоли даромадлари 8,1 фоизга, чакана айланмалар 9,9 фоизга, асосий капиталга инвестициялар 27,6 фоизга, олтинсиз экспорт 16,5 фоизга ошган ва бу ялпи талабни рағбатлантирган.

2024 йил якуни бўйича консолидациялашган бюджет харажатлари 429,3 трлн сўмни ташкил этиб, тақчиллик 47,7 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 3,3 фоизни ташкил этган. 2025 йил 1-чорагида эса иқтисодий ўсиш 6,8 фоиз бўлган. 1-чоракда консолидациялашган бюджет даромадлари 97,2 трлн сўмни, харажатлар 113,8 трлн сўмни ташкил қилиб, бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 1 фоизга тенг бўлган.

Ташқи қарзлар

Жамшид Қўчқоров ташқи қарз масаласи кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётганини айтиб, бу масалага изоҳ берди.

Давлат қарзи ижтимоий тармоқларда муҳокама бўляпти. Ўсиб бораётган иқтисодиётимиз кўп маблағга муҳтож. Ташқи инвестициялар, ДХШ асосидаги лойиҳалардан ҳам маблағлар ҳам кириб келяпти. Давлат вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатлар, ичимлик суви, йўл, инфраструктура, шунингдек, мудофаа қобилияти, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини ташқи қарз эвазига қоплашга тўғри келади. Ўзбекистоннинг исталган энг чекка ҳудудларида ҳам уй-жойларни тадбиркорлар қуряпти. Тадбиркорларда одамлар ипотека олиб, уйни сотиб олади, деган ишонч бор. Ипотека муддати узоқ ва банкларни ипотека билан қоплаш маблағлари ҳам чет элдан олиб келинади. Бу ташқи қарз маблағларимиз ошишига олиб келади”, – деди вазир.

Жамшид Қўчқоровга кўра, 2024 йил охирида давлат қарзи қолдиғи 40,2 млрд долларни ташкил қилган, шундан 33,7 млрд доллари ташқи қарзлар бўлган. Давлат зиммасидаги жами қарздорлик ўтган йил якунлари бўйича ЯИМга нисбатан 35 фоизни ташкил этган.

1-чорак якунлари бўйича, яъни 1 апрел ҳолатига, Ўзбекистон Республикасининг қарзлари 42,4 млрд долларга етган. Шундан 35,6 млрд доллари ташқи қарз, 6,9 млрд доллари ички қарздир. Давлат ташқи қарзи 2025 йилда кутилаётган ЯИМга нисбатан 33,5 фоизни ташкил қилди. “Ҳар бир доллар қарз олишга ниҳоятда синчковлик билан қаралади”, – деди иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров.

Мавзуга оид