Ўзбекистон | 22:31 / 04.06.2025
7083
6 дақиқада ўқилади

Nexia остида қолган аёл, 361 кг эшак гўшти ва коррупционер ҳоким ёрдамчилари - 4 июн янгиликлари

Қашқадарёда собиқ ИИБ ходими пичоқлаб ўлдирилди, пойтахтга кириб келаётган эшак гўшти тўхтатиб қолинди, Қурбон ҳайити муносабати билан қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилади - ўтган кун давомидаги муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан Kun.uz'да танишинг.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қашқадарёда собиқ ИИБ ходими пичоқлаб ўлдирилди

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида собиқ ИИБ ходими, ЙПХ инспектори пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда Тelegramʼдаги “Avtoblog.uz” канали хабар берди. Маълум бўлишича, воқеа 1 июн куни Шаҳрисабз шаҳридаги Синабоғ маҳалласида содир бўлган. Ҳозирча бунга нима сабаб бўлгани маълум эмас.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг маҳаллий ОАВга билдиришича, 48 ёшли фуқаро бўйин соҳасидан ўткир тиғли жисм билан жароҳатланган ҳолда Шаҳрисабз шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, 37 ёшли бир гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.

19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди

Самарқанд вилоятида 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълумот берилди.

Қайд қилинишича, соҳада манфаатлар тўқнашувига оид ҳамда коррупцияга мойил бўлган муносабатлар сақланиб қолмоқда. Бу йил биринчи чорагида 3300 дан ортиқ ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилиш аниқланган ва бунинг оқибатида 80 нафардан ортиқ ҳоким ёрдамчиси ҳамда бошқа масъулларга нисбатан интизомий, маъмурий ва жиноий иш қўзғатилган. 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилган. 3 миллиард сўмлик субсидия, нафақа ва кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган жиноятларнинг салмоқли қисми Самарқанд шаҳри, Ургут, Иштихон ва Оқдарё туманларига тўғри келади, маҳаллий ҳокимлик идоралари ёки бандлик органлари томонидан хизмат текширувлари ўтказилмаган.

Бектемирда Nexia хавфсизлик оролчасида турган пиёдани уриб юборди

Тошкентнинг Бектемир туманида яна бир мудҳиш ЙТҲ содир бўлган. «Миллар» дастурининг хабар беришича, 31 май куни эрталаб Nexia ҳайдовчиси катта тезликда Маtiz билан тўқнашиб, хавфсизлик оролчасига чиқиб кетган ва у ерда турган аёлни уриб юборган. Жабрланувчи оғир тан жароҳатлари билан жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Шифокорнинг маълум қилишича, беморга ёпиқ бош мия жароҳати, мия чайқалиши, чап сон суягининг ёпиқ синиши, биринчи ва иккинчи даражали травматик шок ташхиси қўйилган. 3 июн куни жабрланувчи жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган. Беморнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда, у ҳушига келган. Ҳозирда воқеа юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жарима баллари ҳақида онлайн хабардор бўлиш мумкин

Ҳайдовчилар жарима баллари ҳақида онлайн хабардор бўлиш имкониятига эга бўлмоқда. Эндиликда содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима баллари тўғрисидаги маълумотни давлат хизматлари портали, my.gov.uz орқали онлайн олиш мумкин. Унда тўпланган жарима балли, қабул қилинган қарор рақами ва санаси, жарима балл учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг асос бўлувчи моддаси ва банди келтирилади.

Жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган жарималар асосида, автоматлаштирилган тартибда инсон омилисиз Е-jarima модули орқали ҳисоблаб борилади. Автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш мосламалари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима баллари ёзилмайди.

361 кг эшак гўшти ортилган автомобил тўхтатилди

Кунлик хабарларни давом эттирамиз. Сирдарёдан Тошкентга келаётган Lacetti автомобили 361 кг эшак гўштини ортиб олгани сабаб тўхтатилди. Маълумотларга кўра, гўшт маҳсулотлари Қашқадарё вилоятидан юборилган. Лаборатория текшируви унинг эшак гўшти эканини тасдиқлаган.

Текширув давомида машина ҳайдовчиси гўшт ўзига тегишли эмаслигини, уни айтилган манзилга олиб кетаётганини билдирган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Сирдарё тумани ИИБ тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Президент мактабларига қабул жараёни расман бошланди

2025-2026 ўқув йили учун Президент, ижод, спорт ва ихтисослаштирилган мактабларига қабул жараёни расман бошланди. 1 июндан давлат хизматлари портали ҳамда ariza.piima.uz орқали мактабларга онлайн ариза топшириш имкони яратилди. Қабул 20 июнгача давом этади. Кириш имтиҳонлари эса июл-август ойларида ўтказилади. Хизматдан фойдаланиш мутлақо бепул.

Қурбон ҳайити муносабати билан қўшимча поезд қатновлари йўлга қўйилади

Бу ҳафта 6 июн санасида Қурбон ҳайити нишонланади. Шу муносабат билан 5-8 июн кунлари Тошкент–Самарқанд йўналишида қўшимча «Афросиёб» қатновлари ҳаракатланадиган бўлди. Аввалроқ Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси Қурбон ҳайити куни пойтахтда жамоат транспорти соат 03:00 дан иш бошлашини маълум қилганди.

Ҳозирча кун тафсилотлари шулардан иборат. Кейинги лавҳаларда кўришгунча, ўзингизни асранг.

Мавзуга оид