Иқтисодиёт | 14:30 / 04.06.2025
1054
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми салкам 1,4 млрд долларга етди

2025 йилнинг январ-апрел ойлари якунларига кўра, Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари учлигидан жой олди.

Фото: Sputnik / Владислав Воднев

"Казинформ" халқаро ахборот агентлигининг Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига асосланиб ёзишича, шу йил январ-апрел ойларида мамлакат ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,3 фоизга ўсиш билан 24,6 миллиард АҚШ долларига етди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон 183 та мамлакат билан савдо қилади. Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида Хитой етакчилик қилмоқда. Белгиланган даврда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,1 миллиард доллардан ошди, бу эса умумий кўрсаткичнинг 17 фоизи демакдир.

Товар айланмаси бўйича Россия кейинги ўринда – 15,1 фоиз. Январ-апрел ойларида ушбу мамлакат билан импорт ва экспорт ҳажми 3,7 миллиард доллардан зиёд бўлди.

Қозоғистон бу борада учинчи мамлакат бўлиб турибди. Январ-апрел ойларида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард долларга, яъни 5 фоизга яқинлашди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 168 миллион долларга юқори. Хусусан, январ-апрел ойлари ҳолатига кўра Ўзбекистон Қозоғистонга 405,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган ва 986,8 миллион доллардан ортиқ импорт қилинган.

2024 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,2 миллиард доллардан ошган. Шунингдек, Расмий Остона ва Тошкент ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 10 миллиард долларга етказиш нияти борлигини билдирган эди.

Мавзуга оид