Ўзбекистон | 16:44 / 04.06.2025
12001
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди

Вилоятда 3 миллиард сўмлик субсидия, нафақа ва кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Самарқанд вилоятида 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълумот берилди.

Қайд қилинишича, соҳада манфаатлар тўқнашувига оид ҳамда коррупцияга мойил бўлган муносабатлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, жорий йил биринчи чорагида 3300 дан ортиқ ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилиши аниқланган ва бунинг оқибатида 80 нафардан ортиқ ҳоким ёрдамчиси ва бошқа масъулларга нисбатан интизомий, маъмурий ва жиноий иш қўзғатилган. 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилган. 3 миллиард сўмлик субсидия, нафақа ва кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Таъкидланишича, ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган жиноятларнинг салмоқли қисми Самарқанд шаҳри, Ургут, Иштихон ва Оқдарё туманларига тўғри келади, маҳаллий ҳокимлик идоралари ёки бандлик органлари томонидан хизмат текширувлари ўтказилмаган.

Бундан ташқари, бандлик органларининг «Ягона миллий меҳнат тизими» электрон платформаси орқали амалда иш билан банд бўлган ёки ўзини ўзи банд қилган 155 нафар фуқаро учун БҲМ 30 бароваригача миқдорда субсидиялар берилган. Бундай ҳолатларга асосан Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон, Нуробод, Нарпай, Жомбой, Оқдарё, Булунғур Самарқанд ва Пайариқ туманларида йўл қўйилган.

Қайд қилинишича, бандлик органларининг 12 нафар ходими ва 25 нафар ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик субъекти ташкил қилиб, бошқариб келган.

Ҳудудий кенгаш раиси Ш.Негматов қайд этилган ҳолатларни тезкор бартараф этиш, соҳада коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай муносабатларга чек қўйиш юзасидан масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйгани таъкидланмоқда.

Мавзуга оид