Ўзбекистон тарих яратиб, илк бор мундиалга чиқди
БАА билан сафар ўйинидаги дуранг натижа Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа ўз тарихида илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатига йўл олиши учун етарли бўлди.

Фото: AFP
ЖЧ-2026 саралаши. 3-босқич
А гуруҳи. 9-тур
БАА — Ўзбекистон 0:0
5 июн. Абу-Даби. «Ан Наҳён» стадиони
БАА — Эйса, Холид Иброҳим, Лукас Пимента, Куаме Куадио, Мелони, Мажид Ҳасан (Яҳё Нодир, 86), Абдалла Рамадан, Луан Перейра (Кайо Канедо, 77), Фабио Лима (Ҳариб Суҳайл, 77), Али Солиҳ (Яҳё Ал Гассани, 62), Кайо Лукас.
Ўзбекистон — Ўткир Юсупов, Ҳожиакбар Алижонов, Ҳусниддин Алиқулов, Абдуқодир Ҳусанов, Рустам Ашурматов, Фаррух Сайфиев (Шерзод Насруллаев, 65), Одил Ҳамробеков (Абдурауф Бўриев, 86), Отабек Шукуров, Остон Ўрунов (Аббос Файзуллаев, 13), Жалолиддин Машарипов (Ҳожимат Эркинов, 86), Элдор Шомуродов.
Огоҳлантиришлар: Ҳусниддин Алиқулов (55), Лукас Кайо (74).
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида ўйнайдиган бўлди. Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоа гуруҳдаги тўғридан тўғри рақобатчиси бўлган БААга қарши сафар ўйинида стратегик дурангга эришиб, муддатидан олдин ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритди.
Кападзе ҳал қилувчи ўйин учун максимал даражада эҳтиёткор схема (5-4-1) танлади ва кўпроқ ҳимоявий футболчиларни туширди. Аммо 11-дақиқадаёқ унинг режалари ўзгариб кетди, Остон Ўруновнинг эски жароҳати ўзини эслатди ва футболчи ўйинни давом эттира олмади. Унинг ўрнига Аббос Файзуллаев майдонга тушди.
Биринчи бўлимнинг биринчи ярмида Ўзбекистон футболчилари тўпни рақибга топширган ҳолда хотиржам ҳимояланишди. Бу оралиқда мезбонларнинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги 70 фоизгача чиқди, аммо бу юзаки устунлик эди. БАА футболчилари бу устунликни рақиб дарвозаси атрофидаги хавфли вазиятларга айлантира олмади. Сафида бирданига беш нафар бразил борлигига қарамай, жамоага тезлик ҳам, креатив ҳам етишмади. Ўзбекистон вакиллари моҳирлик билан ўйин суръатини туширишди, дарвозабон Юсупов эса керак бўлганда вақт чўзишдан тортинмади.
Фақат ўйиннинг ярим соати ортда қолганида нисбатан хавфли вазият юзага келди – Файзуллаев чап қанотда дриблинг ишлатиб, рақибнинг икки футболчисидан қочиб кетди ва тўпни жарима майдони марказига етиб келган Шомуродов томон оширди. Аммо ҳужумчи тўпга зарба беролмади, бу вазиятда Элдорни бироз туртишганди, аммо бу яккакураш деб баҳоланиб, пеналти эҳтимоли кўриб чиқилмади. Шундан кейин Ўзбекистон ташаббусни қўлга олди ва рақибни тўпсиз қийнай бошлади.
Бу вақтгача икки жамоа футболчилари жарима майдонларида жами икки мартадан тўпга тегинганди. Танаффусга қадар эса рақиблар дарвоза соҳасига тўғри борган биргина зарба билан чекланди – мезбонлар ижросида. Бўлим зерикарли ўтди. Лекин ўйин 45-дақиқадаги эпизоддан кейин жонланиб кетиши ҳам мумкин эди, ўшанда мезбонлар дарвозабони Эйса жарима майдони ичида Шомуродовнинг оёғига зарба берди, аммо австралиялик ҳакам Эванс бу сафар ҳам БАА мухлисларини хурсанд қиладиган қарор чиқарди.
Танаффусдан кейин БАА очилди – жамоанинг йўқотадиган нарсаси қолмаганди. Иккинчи бўлим бошида мезбонлар чинакамига хавфли вазият яратишди, аммо Луан Перейранинг зарбасидан кейин тўп Юсуповнинг қўлига бориб тушди. Бу вазиятда Ҳусанов бўш ҳаракат қилиб, офсайд чизиғини ушлашда хатога йўл қўйди.
Бошқа томондан, Ўзбекистонда қарши ҳужумлар учун катта бўшлиқлар юзага кела бошлади. Кўп ўтмай Файзуллаев суперимкониятга эга бўлди. «Пахтакор»нинг ўнг қанот латерали Ҳусниддин Алижонов ўзига хос рейд уюштириб, қарама-қарши қанотдаги шеригига тўпни етказиб берди. Файзуллаев иккинчи қаватдан зарба берди, аммо тўп тўсинга тегди.
Умуман олганда, иккинчи бўлимда ҳам Ўзбекистон ўйиннинг боришини назорат қилди. Шунга қарамай, биргина хато барчасини йўққа чиқариши мумкин эди. Масалан, 70-дақиқада жарима майдонига марказдан кириб келиш ҳудуди очиқ қолдирилди ва Лимада тўпни эркин қабул қилиб, ўгирилиб, дарвоза томон зарба беришга етарлича вақт бўлди. Зарба мураккаб чиқди ва газонга чўпчиб келди, аммо Юсупов ўз маҳоратини намойиш этиб, яна бир бор жамоани қутқарди.
Ўйин якунлангани сари – асаблар жанги бошланди. БАА вакиллари босим уюштирди, Ўзбекистон бутун жамоа бўлиб чуқур ҳимояга ётди ва қарши ҳужумларга чиқиб ҳам ўтирмади. Меҳмонлар ўйинни рақиб дарвозасига бирорта зарбасиз якунлади. Энг яхши ҳолатларда Файзуллаев ва бошқа футболчилар майдоннинг иккинчи қисмида фол ишлашга эришиб, вақтдан ютишди. Ҳакам якунда саккиз дақиқа қўшиб берди ва бу дақиқалар ҳам Ўзбекистон вакиллари учун ҳақиқий синовга айланди. БАА қўшимча дақиқаларда ҳам битта хавфли вазият яратди, аммо Юсупов яна қутқарди.
Ўйинда ҳисоб очилмай қолди ва бу дуранг эвазига қўлга киритилган бир очко билан Ўзбекистон ҳисобидаги очколар сони 18 тага етди. Натижада A гуруҳидаги иккинчи ўрин кафолатланди – учинчи ўриндаги БАА ҳисобида 14 очко бор ва бу жамоа энди охирги турдаги натижалардан қатъи назар Ўзбекистонга ета олмайди.
Тарихий натижа ва байрам
Бутун саралаш босқичи давомида қўлидан келган барча ишни қилган, пеналтиларни қайтарган дарвозабон Ўткир Юсупов ҳал қилувчи ўйинда ҳам қаҳрамонлик кўрсатди ва керакли ҳисоб қайд этилишига катта ҳисса қўшиб, ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.
Бош мураббий Тимур Кападзе ҳам тарихга кирди — у Ўзбекистонда ёшлар жамоасини Олимпия ўйинларига, миллий жамоани эса Жаҳон чемпионатига олиб чиққан биринчи мутахассисга айланди.
Сунъий тўсиқларга қарамай, Ўзбекистондан етиб борган бир неча минг мухлис футболчилар ўзини уйда ўйнаётгандек ҳис қилишини кафолатлади. Ўйиндан кейин футболчилар ҳам хурсандчилигини мухлислар билан бўлишди — бирга қўшиқлар куйланди ва суратларга тушилди. Байрам стадион ташқарисида ҳам давом этди — юзлаб мухлислар ўз чолғу асбобларини ишга солиб, кўчаларда йўлланмани нишонлашди.
Футболчилар эса ўйиндан кейинги матбуот анжуманига бостириб кириб, бош мураббийи Тимур Кападзенинг устини шалаббо қилишди, лекин уларга бу оқшом бундай эркаликлар қилиш мумкин, улар бунга ҳақли.
Ўзбекистонга бутун дунё бўйлаб табриклар келиши давом этмоқда. Ўз-ўзидан пойтахт Тошкент шу куни уйқу билмади — мухлислар кўчаларга чиқишди ва автоколонналарда ҳаракатланиб, миллий байроқларни ҳилпиратишди.
Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиши ҳамма жойда нишонланмоқда. Ню Йоркдаги машҳур Таймс-сквер майдонида бўлажак мундиал мезбонларига мурожаат акс этган видеоролик айлантирилиши бошланди: «Бизникилар келяпти — Америка, кутиб ол».
Табиийки, бундай ютуқни давлат раҳбари эътиборсиз қолдира олмасди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев футболчиларга қўнғироқ қилди: «Қадрли фарзандларим! Cиз Осиёнинг энг кучли жамоалари иштирок этган саралаш ўйинларида чинакам жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб, том маънода улкан ғалабага эришдингиз. Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман», — деди президент.
ФИФА президенти Жанни Инфантинодан ҳам табрик келди. У видеомурожаатида ўзбекистонликларнинг тарихий муваффақиятини эътироф этди.
«Жаҳон чемпионатига хуш келибсиз! Ажойиб саралаш турниридан сўнг, сиз ҳақли равишда кейинги ёзда бўлиб ўтадиган турнирга йўлланмани қўлга киритдингиз. Дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар "Оқ бўрилар"нинг жаҳон майдонидаги дебютини интиқлик билан кутмоқда.», — деди Инфантино.
2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид

18:01 / 06.06.2025
ФИФА президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади

16:14 / 06.06.2025
Миллий жамоа аъзоларига BYD автомобиллари топширилади

11:54 / 06.06.2025
Йиғи, кулги ва байрам. Ўзбекистон мундиалга чиққан тарихий ўйиндан фотогалерея

11:31 / 06.06.2025