Жаҳон | 14:46 / 05.06.2025
3178
9 дақиқада ўқилади

Трамп ва Путиннинг суҳбати, Исроилнинг тинч аҳолига ҳужумлари ва АҚШга фуқаролари кириши тақиқланган 12 давлат – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

БМТ: Исроилнинг Ғазодаги тинч аҳолига ҳужуми уруш жинояти бўлиши мумкин

Исроил армиясининг Ғазо секторида тинч аҳолига қарши уюштирган ҳужумлари халқаро ҳуқуқни бузади ва оғир уруш жинояти бўлиши мумкин, деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк.

Турк – ёрдам тарқатиш пунктларига уюштирилган ҳужумлар билан боғлиқ баёнотида, воқеанинг шошилинч ва холис тергов қилиниши ва жавобгарларнинг жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлади. У асосий озиқ-овқат ёрдамини сўраган фаластинликларга қилинган ҳалокатли ҳужумларни «ғайриинсоний» деб таърифлади.

Комиссарнинг айтишича, Фаластин аҳолиси амалда оғир танлов олдида турибди: очликдан ўлиш ёки ҳуманитар ёрдам олишга уринаётганда ҳалок бўлиш. Шунингдек, у Исроилни инсонпарварлик ёрдами тақсимотини тартибга солувчи халқаро стандартларни бузганликда айблади.

Турк – тинч аҳолининг озиқ-овқат, сув ва бошқа ҳаётий ресурсларга киришига атайлаб тўсқинлик қилиш уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкинлигини таъкидлади.

«Мана йигирма ойдан бери тинч аҳолининг ўлдирилиши, кенг кўламли вайронагарчиликлар, мажбуран кўчирилиш, Исроил раҳбариятининг ғайриинсоний риторикаси, Ғазо аҳолисини оммавий эвакуация қилиш таҳдиди ва уни очликдан ўлдиришга уринишлар – буларнинг барчаси халқаро ҳуқуқнинг энг оғир жиноятлари таърифига киради», деди у.

Аввалроқ, Исроил аскарлари ҳуманитар ёрдам олиш учун келган минглаб ғазоликларга ҳарбий техникалар, хусусан танк ва дронлар ёрдамида ўқ узаётгани хабар қилинган эди. 4 июнь куни Ғазо секторида уюштирилган ҳужумлар оқибатида 42 нафар фаластинлик, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлди. 2023 йил октябрдан буён уюштирилган босқинчилик ҳужуми натижасида ҳалок бўлган ғазоликлар сони эса 54 минг кишидан ошиб кетган.

Трамп ва Путиннинг суҳбати

4 июнь куни АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат 1 соатдан кўпроқ давом этган.

Трамп ва Путин Украинанинг Россия аэродромларига ҳужумини, шунингдек, ҳар икки томон амалга оширган «бошқа ҳужумлар»ни муҳокама қилган.

«Бу яхши суҳбат бўлди, лекин зудлик билан тинчликка олиб келадиган суҳбат эмас», деди АҚШ президенти. Трампга кўра, Путин суҳбатда «аэродромларга яқинда уюштирилган ҳужумларга жавоб беришга мажбур бўлишини» «жуда қатъий» айтган.

Шунингдек, Трамп ва Путин Эрон ва ядровий қуроллар масаласини ҳам муҳокама қилган.

Кремль томони берган баёнотга кўра, суҳбатда Путин ва Трамп «бир-бири билан доимий алоқада бўлишга тайёр эканлигини тасдиқлади». Путин Трампга Россия объектларига қилинган ҳужумлар ҳақида батафсил маълумот берган.

«У бизнинг фикримизни диққат билан тинглади ва президент бу борада етарлича батафсил гапирди. Менимча, Трампнинг содир бўлган воқеаларга баҳоларимизни эшитиши жуда фойдали бўлди», деди Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Шунингдек, Трамп суҳбатда АҚШ Россиядаги ҳарбий аэродромларга берилган зарбалар ҳақида олдиндан хабардор қилинмаганини айтган.

«Трамп америкаликлар бу ҳақда (ҳарбий аэродромларга берилган зарбалар) олдиндан хабардор қилинмаганини яна бир бор тасдиқлади», деди Ушаков. Унинг сўзларига кўра, Путин Киев тинч аҳоли манзилларига зарба бериш орқали Истанбул музокараларини бузишга уринаётганини айтган.

Маълумот учун, Доналд Трамп АҚШ президенти лавозимига қайтганидан кейин Владимир Путин билан тўртинчи марта телефон мулоқотини ўтказди. Бунгача улар 19 май куни суҳбатлашди. Ҳозирча бу суҳбатлар Украинадаги уруш тўхтатиш борасида кескин ўзгаришларга олиб келмади.

Россия ҳарбий аэродромларга қилинган ҳужумга жавобан Украинага жиддий зарба бериши ҳақида New York Times нашрига аноним қолишни истаган АҚШ расмийлари ҳам хабар берган эди.

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, бу ҳужумлар Россиянинг Украинадаги операцияларини қисқартиришга олиб келмайди, балки Москванинг «жиддий» жавобини келтириб чиқариши мумкин. Украина «Вашингтон эътироз билдиришини билгани учун» бўлажак операция ҳақида Қўшма Штатларни хабардор қилмади, деган расмийлар.

1 июнь куни Россия Мудофаа вазирлиги Украина FVP дронлардан фойдаланган ҳолда Россиянинг бешта ҳудудидаги ҳарбий аэродромларга ҳужум қилганини тан олди. Украина томони Россия ҳаво базаларига Украина учувчисиз учоқларининг ҳужумлари натижасида стратегик қанотли ракета ташувчиларнинг 34 фоизи йўқ қилинганини маълум қилганди. «7 миллиард АҚШ доллари. Бу «Паутина» махсус операцияси натижасида йўқ қилинган душман стратегик авиациясининг тахминий қиймати», — дейилади Украина Хавфсизлик хизмати баёнотида.

Шунингдек, Украина томони тўртта аэродромга ҳужум уюштирганини тасдиқлайдиган операцияга оид янги кадрларни намойиш этди.

Сурияликлар Қурбон ҳайити арафасида оммавий равишда уйга қайтяпти

Фуқаролар уруши туфайли Туркияда узоқ вақт яшаб келган ўнлаб сурияликлар Қурбон ҳайити олдидан оммавий равишда ватанига қайтишни бошлади. 61 йиллик Асадлар режими ағдарилганидан кейин мамлакат аҳолисига ўз ватанларига қайтиш имконияти берилди.

Туркиянинг Килис вилоятидаги Онжупинар чегара пунктига келган суриялик оилалар Сурияга доимий равишда қайтиши учун зарур процедуралардан ўтказилмоқда. Байрам арафасида қайтувчилар оқими ортди. Назорат пунктида тирбандлик кузатилмоқда.

25 ёшли Аҳмад Исмоил «Анадолу» агентлигига 7 йил аввал уруш туфайли Сурияни тарк этишга мажбур бўлганини ва Туркиядан бошпана топганини айтди. «Бу вақт давомида ўй-хаёлларим ўз юртимда қолди. Суриядаги уруш тугади ва мен қайтиб кетяпман. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ва турк халқига миннатдорчилик билдираман. Қурбон ҳайитини ватанимда ўтказишимдан хурсандман», — деган у.

Трамп 12 давлат фуқароларига АҚШга киришни тақиқлади — уларнинг аксари Африкада ва Яқин Шарқда жойлашган

АҚШ президенти Доналд Трамп Қўшма Штатларга иммиграция ва ташрифлар оқимини кескин чеклаш мақсадида қуйидаги давлатлар фуқароларига АҚШга киришни ман этди: Афғонистон, Мянма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман. Тақиқ душанбадан кучга киради.

Шунингдек, Трамп айрим давлатларга нисбатан тўлиқ тақиқ жорий қилмасдан, қаттиқ чекловлар қўллади. Бу рўйхатда Бурунди, Куба, Лаос, Серра-Леоне, Того, Туркманистон ва Венесуэла бор. Ушбу давлатлардан одамлар АҚШга доимий кўчиб ўтолмайди ва турист ёки талабалар визаси ололмайди.

Ушбу тақиққа олиб келган қарор, Колорадодаги фаластинлик гаровдагиларни хотирлаш учун йиғилган гуруҳга ҳужум қилган мисрлик эркак ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб эълон қилинди.

New York Times'нинг ёзишича, янги фармонга кўра, амалдаги визага эга фуқаролар бу тақиқдан мустасно. Бундан ташқари, доимий яшаш ҳуқуқига эга (green card) фуқаролар, жаҳон чемпионати ёки Олимпиадага бораётган спортчилар, шунингдек, АҚШга ёрдам берган афғонлар учун бериладиган махсус иммиграцион виза дастуридаги шахслар ҳам бу тақиқдан озод этилади.

Бу қарор Трампнинг биринчи муддатидаги машҳур иммиграцияга қарши сиёсатининг янгиланган шакли бўлиб, ўша пайтда аэропортларда тартибсизликлар ва суд ишларига олиб келган эди. Президент Жо Байден 2021 йилда лавозимга келгач, Трампнинг олдинги даврдаги барча сафар тақиқларини бекор қилган ва бу сиёсатни қуйидагича баҳолаган эди:

«Бу чора миллий виждонимизга доғ бўлди ва барча эътиқодга эга ва эътиқодсиз инсонларни қабул қилиш анъанамизга зид эди».

Трамп эса 2025 йил январь ойида президентликка қайтгач, биринчи фармонларидан бири сифатида, давлат котиби ва бошқа расмийларга хорижий давлатларнинг хавфсизлик бўйича текширув имкониятларини баҳолашни ва кимларнинг миграциясини тўхтатиш кераклигини аниқлашни буюрган эди.

Мавзуга оид