Жамият | 16:03 / 07.06.2025
2513
7 дақиқада ўқилади

“Болам касал, қарзга пул бериб туринг” - фирибгарликнинг яна бир тури ҳақида

“Бироз ўтиб қайтиб қўнғироқ қилишди ва мен айтган касалхонада умуман болалар даволанмаслиги, бу шифохона катталарга ва бошқа йўналишдаги касалларни даволашга мўлжалланганини айтишди. Хуллас, у ерда бундай бемор бола йўқ эди”. “Ҳаётий ҳикоялар” рукнида оғир касал ёки касалхонада вафот этган фарзандини олиб кетиш учун пул зарурлигини айтиб, қарз сўраганларга чув тушган қаҳрамонлар ҳикояларини ўқинг.

1-ҳолат

Охирги пайтда дўқ-пўписага ўтди, “сени ўзи Худо уриб қўйган экан” деб

Тошкентдаги каттароқ масжидлардан бирининг ёнида кичик савдо билан шуғулланаман, 2-гуруҳ ногирониман – кўзим ожиз. Шу ерда тирикчилик қилиб, рўзғор тебратаман. Бир куни бекатда автобус кутиб турган эдим. Ўзини Нодир (исмлар ўзгартирилган) деб таништирган йигит шахсий Spark машинасида мени манзилимга элтиб қўйишини айтиб тўхтади. Бундай вазият кўп бўлади, шунинг учун унинг машинасига ўтирдим. Йўл-йўлакай у ўзининг дардини айта бошлади. Уйланиб 11 йил фарзандсизликдан азият чеккани, ваниҳоят яқинда фарзандли бўлганини, афсуски, бола 6 ойлик туғилгани, уни сақлаб қолиш учун чала туғилган чақалоқларнинг касалхонасиги ўтказиши зарурлиги, аммо бунга пули етмаётганини айтиб, астойдил йиғлади.

Айтишича, тоғасига қарз сўраб борганида “сенинг чала туғилган боланг ҳали яшайдими, йўқми” деб пул бермаганини, бунақа пайтда қариндошлар ҳам юз ўгиришини, йигит кишига оғир вазият эканини изтироб билан гапирди. Хуллас, шу тариқа мендан 5 майгача 300 АҚШ доллари қарз бериб туришимни сўради. Тилхат десангиз, тилхат ёзиб бераман, деди. Шу даражада ишонтирдики, Бақара сурасининг 282-оятидан келтириб гапирганидан кейин мендаги шубҳалар буткул тарқаб кетди. Бердим 300 доллар – тилхат олдим, паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномалари нусхасини олдим. Агар ваъда қилинган муддатда пулни қайтармаса, ички ишлар органларига мурожаат қилишим мумкинлиги тўғрисида ёзиб олинган видео ҳам қилиб берди телефонимга. Яна айтдики: “ака, асли сиз эмас – бизнинг кўзларимиз кўр экан. Шунча кўзи очиқлар қилмаган яхшиликни сиз қилдингиз менга. Дуо қилинг, қизим соғайиб кетсин, умри узоқ бўлсин” деб.

Аммо орадан кунлар ўтиб, пулни қайтарадиган вақтда ундан дарак бўлмади. Телефон қилсам жавоб бермайди, Telegramʼдан ёзсам “бераман” дейди. Охирги пайтда дўқ-пўписага ўтди, “сени ўзи Худо уриб қўйган экан” деб.

Ноилож 9 май куни 102 рақамига ариза қолдирдим. Улар 10 кунлардан кейин жиноят аломатлари йўқ деган жавобни беришди. Шундан сўнг мен 20 май санасида Учтепа туман фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилдим. Ҳали бирор жавоб айтишмади. Бундай вазиятда барибир чора кўрилмаслигини билишаркан бундай одамлар. Шунинг учун улар бемалол одамларни чув тушириб, менга ўхшаганлар эса алданиб юравераркан.

Мен бирор кимга оғирим тушишини истамайман, ногирон бўлсам-да, ризқимни тераётган одамман. Муқаддас каломларни қўшиб гапирганига ишондим – айб ўзимдадир балки. Лекин ўша пулни ҳалол пешона терим билан аёлимнинг ўқиши учун контракт тўлашга тўплаб турган эдим.

2-ҳолат

Шариатни маҳкам тутишини, қарз олганда тилхат ёзиб беришини гапирди

Йирик компанияда ишлайман, унча-мунча хайрия ишларида иштирок этиб турамиз. Бир куни онам уйга ғалати ҳолатда кириб келди ва бировга ёрдамимиз жудаям зарурлигини айтди. Воқеани сўрасам, уларни олиб келган киракаш йигитнинг фарзанди оғир касал, операция учун маблағи йўқ экан. Бу онамни жуда таъсирлантирганди. Майли, рақамимни беринг, имкон қадар ёрдам берамиз, дедим.

Эртаси куни йигит менга алоқага чиқди, шароитини сўрадим, фарзанди қандай ташхис билан қайси касалхонада ётганини сўрадим. Шариатни маҳкам тутишини, қарз олганда тилхат ёзиб беришини гапирди. Фарзанди пойтахтдаги 17-касалхонада ётган экан. Боланинг исм-фамилиясини, касаллик номини эслаб қолдим. Шартта соғлиқни сақлаш тизимида ишлайдиган танишларга қўнғироқ қилиб, шу касалхонада, шундай исм-шариф билан даволанаётган бола ҳақида суриштириб беришини илтимос қилдим. Бироз ўтиб қайтиб қўнғироқ қилишди ва мен айтган касалхонада умуман болалар даволанмаслиги, бу шифохона катталарга ва бошқа йўналишдаги касалларни даволашга мўлжалланганини айтишди. Хуллас, у ерда бундай бемор бола йўқ эди. Ичимга шубҳа тушди ва йигитни эртаси куни офисимизга таклиф қилдим. У келди, лекин ҳарчанд ичкарига таклиф қилсам ҳам кирмади – “берадиганингизни шу ердан олиб кетавераман” деб кўчада тураверди ва бироздан кейин кетиб қолди.

 3-ҳолат

“Болам ўлди, лекин майитини олиб кетишгаям пулим йўқ” 

Каттароқ ташкилотнинг мурожаатлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлардим. Келган одамлар билан мен гаплашардим. Бир кун бир аёл кўзёш билан кириб келди. Ўраниб олган, рўмол ўраган, йиғлаган кўриниб турибди, кўзлари қизариб кетган. “Республика онкология шифохонасидан келдим. Фарзандим онкологик касалга чалинган эди, қанча даволатдик, фойдаси бўлмади. Ҳеч нарсамиз қолмади. Болам ўлди, лекин майитини олиб кетишгаям пулим йўқ. Маъракаларни ўзи бўлмайди. Ҳеч кимнинг бошига солмасин буни. Аҳволимни тушунинг”, деб ёрдам беришимизни сўради. Бир уни кўзёшлари тўхтамаётган аҳволига қараб ачинаман, бир ёшгина вафот этган фарзандига ачинаман. Қайси вилоятдан келгани, қизининг исмини сўрадим. Унинг оҳи-зорига чидаб бўлмасди, фарзандидан айрилган онанинг ҳолатини тасаввур қилинг. Таъсирланиб кетдим, кутиб туринг дедим-да, ичкарига кириб ўзимдаги бор пулни олдим. Қолган ҳамкасбларимгаям вазиятни тушунтирдим, ҳамма баҳолиқудрат борини бериб, яхшигина пул тўпланди – бердик.

Аёл кетгандан кейин ҳам ҳамон ўша воқеа таъсирида эдим. Бирдан эсимга келди – бизда Соғлиқни сақлаш касаба уюшмалари бор-ку, ўшалар орқали ҳам нимадир ёрдам беришимиз мумкиндир балки? Ўшаларга чиқдим. Республика онкология шифохонасида, жиззахлик шунақа ёшдаги қиз бола вафот этибди десам ишонишмади. “Бўлмаган гап, яқин орада бунақа ҳолат бўлгани йўқ. Бундай ҳолатда беморга уйга рухсат бериб юборилади. Касалхонада камдан кам бўлади ўлим ҳолатлари. Умуман ўзи яқин орада ўлим билан боғлиқ вазият бўлмади” деган жавобни олдим. Ҳайратдаман, одамларга ишониш керакми-йўқми, билмай қолдим.

Афсус билан айтиш мумкинки, бундай ҳолатлар энг аввало одамлар орасидаги ишончни йўқотиб, диний эътиқодларга шубҳани уйғотади. Фирибгарлик қурбони бўлганлар эса кейинчалик ҳақиқий эҳтиёжмандга ишонмай қолади.

Мавзуга оид